Жамият | 20:54 / 27.02.2022
61785
7 дақиқада ўқилади

Урушнинг биринчи қурбони – ҳақиқат. Блогерларнинг ҳафта мавзулари

Ҳозирда бутун дунё нигоҳи Россиянинг Украинага қуролли босқинига қаратилган. Ўзбек блогосфераси вакиллари ҳам асосан шу мавзуда ёзмоқда.

Павел Головкин / AP / Scanpix / LETA

Урушнинг биринчи қурбони ҳар доим ҳақиқат бўлади

Уруш мавзусини фаол ёритаётган Davletov.uz канали 2014 йилдан фарқли равишда рус зиёлилари урушни қоралаётганига эътибор қаратди

«Уруш пайтида ҳақиқатни топиш жуда қийин. Путиннинг Гитлер услубида Украинага каллаи саҳарлаб қилган ҳужуми бу фикрнинг нечоғли тўғри эканлигини кўрсатяпти. Дунё ва Россия жамоатчилиги бу даҳшатдан эсанкираб қолди, энди-энди ўзига келмоқда, ўз позициясини билдирмоқда.

2014 йилдан фарқли ўлароқ ҳатто рус шоу-бизнеси, зиёлилари ҳам урушни қораламоқда, урушни тўхтатишга чорламоқда. Путин 2014 йилда олган якдиллик бугун умуман йўқ. Жамоатчилик қўллови кўзга ташланмаяпти. Шунчаки пропаганда каналларини айтмаса, ўзини ҳурмат қилган россиялик зиёлилар урушни қораламоқда. Оддий одамлар эса эйфорияда эмас, уларда иқтисодий қўрқув пайдо бўлган. Чўнтагига тегадиган зарардан хавотир олишяпти.

Украина ҳукумати ҳам шокдан ўзига келиб, ҳам информацион майдонда, ҳам жанг майдонида дадил ҳаракат қила бошлади, доимий ахборот беряпти, халқини руҳлантиряпти, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, русларнинг виждонига таъсир қиляпти», деган блогер.

У «Сўзлар ўйини» сарлавҳали навбатдаги постида расмий Кремль ёлғон ишлатаётганига эътибор қаратган.

«Сийқаси чиққан бўлса-да, урушнинг биринчи қурбони — ҳақиқат. Золим ҳам, мазлум ҳам ўзига қулай гапни айтади. Бу, айниқса, сиёсий баёнотларда ҳам ўз аксини топади. Рус пропагандаси ва расмий Кремль, масалан, Хитой Россияни қўллаб-қувватлайди, маъносида турли ахборотлар тарқатишда давом этмоқда. Кеча Путин ва Си Жинпинг ўртасида телефон орқали мулоқот бўлди. Кремлнинг расмий сайтида Хитой Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига «ҳурмат билан муносабатда бўлишини билдирди», деб ёзган. Хитой расмий агентлиги «Синьхуа» тарқатган хабарда эса бунақа гап йўқ.

Хитой, дейилади хабарда, Украина масаласидаги позициясини ўз қарашларидан келиб чиқиб белгилайди. Совуқ уруш менталитетидан қутулиш керак. Масалани ҳал қилишнинг тинч музокаралар йўлини қўллаб-қувватлайди. Хитой ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳурмат қилишда давом этади.

Хитой кеча БМТ Хавфсизлик кенгашининг Россияни қоралайдиган резолюциясига овоз бермади, яъни қарши бўлмади, шунчаки бетараф қолди. Бу бетарафликни Хитойнинг анти-ғарб риторикаси ва Россия билан стратегик шериклик фонида резолюцияни қўллаб-қувватлаш билан тенг, деб қабул қилиш мумкин. Маълумот учун, мазкур резолюцияга қарши фақат Россия овоз берди, холос. Кеча Ўзбекистон бўйича ҳам Кремль худди шундай иш тутган эди. Россия уруш иштирокчиси, унинг гапларига ишонмаслик учун эса барча асослар бор», дейилади постда.

Кутилаётган «қора душанба» ҳақида

Иқтисодчи Отабек Бакиров санкциялар оқибатида янги ҳафта бошида Россия иқтисодиёти учун кутилаётган «қора кун» ҳақида ўз прогнозларини ёзди.

«Камдан кам ҳолатларда келаётган кун ва ҳафтани молиявий маънода «қора душанба» ё «қора ҳафта» деб олдиндан аташ мумкин.

Эртага Россия фонд ва валюта бозори, агар очилса, тарих кўрмаган касодликка гувоҳ бўлишимиз мумкин бўлади.

Бекорга очилса демадим. Катта эҳтимол регуляторлар биржалар фаолиятини очмайди, балки, номаълум муддатга тўхтатади. Россия Марказий банки эса рублнинг эркин алмашувига вақтинча чекловларни жорий қилади ёки тўлиқ бошқариладиган курс режимига ўтишини кутиш мумкин.

Рубль ва рус қимматли қоғозларининг қулаши Россиядан ташқари халқаро платформаларда кузатилади ва давом этади», деб ёзди у.

Иқтисодчи Россиядаги ўзбекларни уруш фонида рублнинг кескин қадрсизланаётгани боис вақтинча валюта алмаштирмасликка чақирмоқда.

«Россиядаги ватандошларимиз эртага валюта алмаштириш ёки пул ўтказиш билан боғлиқ операцияларни, бизнес эса транзакцияларни тўхтатиб тургани маъқулроқ. Токи эълон қилинадиган алоҳида махсус режимнинг шартлари аён бўлгунича.

Ўзбекистондаги ватандошларимиз, Россия билан ишлайдиган бизнес вакиллари ҳам Россияга ўтказма ва битимларни амалга оширмай турганлари афзал кўринади.

Вазиятнинг қанчалар даражада ўзгаришини ва мураккаблик чегараси қаергача давом этишини баҳолаш жуда қийин», - дейди у.

«Украина ғалаба қозонди»

Тарихчи ва журналист Элдор Асанов телеграмдаги каналида бутун дунёда урушга қарши ҳаракат бошланганини қайд этди.

«Украинадаги воқеалар, замонамизнинг қўрқинчли икки куни демократик тизимнинг афзалликларини бор бўйича кўрсата олди деб ўйлайман.

Демократик жамиятда либерал билан коммунист, рус билан яҳудий, диндор билан динсиз ёнма-ён яшаши мумкин, лекин ҳеч бири ўзини жамиятга бегона, ортиқча ҳис этмайди, ўз ери, ўз жамияти ҳисоблаб, керак бўлганда ҳимоя қилади. Жамият қанчалар турфа бўлмасин, буни баҳона қилиб давлатни парчалаб ташлашга ҳаракат бўлмайди, чунки ҳамма ўзини шу жамиятнинг бир парчаси деб ҳис эта олади. Демократик йўл билан сайланган лидерлар оғир вазиятда мамлакатни ташлаб қочиб кетмайди.

Бугун Украинада дунёнинг тақдири ҳал бўляпти десам, ортиқча пафосга берилиб кетган бўламан, лекин, шубҳасиз, қандайдир глобал ўзгаришлар рўй беряпти ва энди дунё аввалгидай бўлмайди. Уруш қачон ва қандай якунланишидан қатъи назар, ҳозирдан айтиш мумкинки, Украина ғалаба қозонди, Россия мағлуб бўлди. Украина прогрессив инсоният кўзида ёвузликка қарши курашаётган қаҳрамонга айланди, Россия дунёнинг энг катта ёвузлигига айланди. Бундай имиж энди анча вақт бу иккисини тарк этмаса керак.

Катта халқаро сиёсат бундай вазиятларда ортиқча ҳис-туйғуга берилмай, ақл билан ҳаракат қилиши тайин, шу боис «нега НАТО ёрдам бермаяпти?», «АҚШ қўрқоқ экан» каби гаплардан фойда йўқ. Инсоний сатҳда олганда эса, Украина намунаси инсониятни илҳомлантира олди. Бутун дунёда бефарқ бўлмаган одамлар ушбу мамлакатни қўллаб-қувватлашини билдирмоқда, урушга қарши глобал ҳаракат Вьетнам урушидан сўнг илк бор яна бош кўтармоқда. Бу ҳаракат аввало Россиянинг ўзида бошлангани рус халқининг асл кайфиятини ва жасоратини кўрсатмоқда: Россия, минг қилсаям, 70-йиллардаги АҚШ эмас, ҳозир у ерда ҳукуматга қарши фикр айтиш, бундай митинглар уюштириш жуда хавфли.

Бу масаладаги охирги хулосам шуки, Украина постсовет муҳитининг озодлиги учун ҳам курашмоқда. Бу мамлакат осонликча таслим бўлса, собиқ СССР ҳудудидаги маданий дунёга қўшилиш ҳаракати оғир зарбага учрайди, Россия орбитасидан чиқиб кетиш имконсиз бўлиб қолади. Бу орбита эса ҳозирги аҳволида бизга на фаровон, на эркин ҳаёт ваъда қиляпти», дейди у.

Мавзуга оид