18:37 / 03.03.2022
6865

“Кунига 100 тонна ёғ ишлаб чиқара оламиз” — Sharq бренди билан танишув

Ёғ-мой Ўзбекистон аҳолиси учун энг оммабоп ва кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат турига киради. TOP OZIQOVQAT’нинг навбатдаги сонида саломатлик учун фойдали ва ҳамёнбоп ёғ танлаш борасида тавсиялар олиш мумкин.

Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар учун мўлжалланган инновацион платформа TOP OZIQOVQAT бу сафар юртимиздаги энг катта ёғ-мой ишлаб чиқарувчилардан бири “Sharq” бренди фаолиятига эътибор қаратди.

Азалдан пахта ёғидан фойдаланиб келган бекалар яна ўз танловларига қайтишмоқда. Чунки сўнгги илғор технологиялар асосида пахта ёғини ҳам писта ёғи каби ҳидсиз ва тозаланган ҳолда тақдим этаётган тадбиркорлар сафи кенгаймоқда. Улардан бири “Sharq” пахта ёғлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркор Аъло Шоаҳмедов бу турдаги пахта ёғлари 6 йилдан бери истеъмолда эканини айтди. Корхонада ёғдан ташқари маргарин, хўжалик совуни, ем маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилади.

“Корхонамизда “Sharq” пахта ёғи 0,7 граммдан тортиб 5 литрли идишларда қадоқланади. Бир кунда 100 тоннагача ёғ ишлаб чиқарилади. Маҳсулотни тайёрлаш жараёни бошдан охиригача шу ернинг ўзида амалга оширилади.

Пахта ёғи истеъмолда камайишига айрим ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар сабаб бўлди. Пахта ёғи тайёрлаш жараёнида унинг тозаланишига эътибор қаратиш зарур. Барча меъёрларга амал қилинмаган ҳолларда пахта ёғи истеъмол қилинганда жиғилдон қайнаши кузатилиши мумкин. Бу эса мижознинг ёғ харидида бошқа танлов қилишига сабаб бўлади”, — дейди у.

Тадбиркорнинг айтишича, тўғри йўл билан олинган ва тозаланган пахта ёғи писта ёғига нисбатан фойдалидир. Истеъмолчига ноқулайлик туғдирмаслик учун пахта ёғини олиш ва қадоқлаш жараёнида уни ҳидсизлантириш ҳамда тозалаш катта эътибор талаб қилади. “Sharq” пахта ёғи замонавий технологиялар ёрдамида айнан шундай тайёрланади.

“Маҳсулотларимиз пойтахтда, водий вилоятларида, Тошкент вилояти, Самарқанд вилоятларида ўз харидорларини топмоқда. Мижозларимизни кўпайтириш учун тинимсиз ҳаракатдамиз. Нафақат вилоят марказлари, балки чекка ҳудудлар аҳолиси учун танилишни режалаштирганмиз”, — дея таъкидлади Шоаҳмедов.

Ўзбек хонадонларида қозон қайнатишда асосий масаллиқ бўлган ёғ тўкинлик рамзи ҳам ҳисобланади. Шундай экан, ёғ ёки бошқа маҳсулотлар танловида адашмаслик учун TOP OZIQOVQAT тавсиялар беришда давом этади.

Top