Омборхонами ёки турар жой? Чилонзордаги низо ҳамон давом этмоқда
Чилонзор туманида омборхона ва офис қурилишини лойиҳалаштириш учун рухсат олган компания, маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, кўп қаватли турар жой қураётган бўлиши мумкин. Аҳоли ва тадбиркор ўртасидаги низо салкам икки йилдан буён давом этмоқда.
Kun.uz 2020 йил кузида Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, 2-Чарх Камолон маҳалласидаги ноқонуний қурилиш эҳтимоли ҳақида лавҳа тайёрлаганди. Таассуфки, орадан шунча вақт ўтса ҳам можаро нафақат барҳам топмаган, балки янада авж олган.
Тадбиркор, яъни “Балиқ савдо” МЧЖ Чилонзор 11-мавзе КХАЙ 21б-уйда жойлашган омборхонаси бузилиши эвазига 2-Чарх Камолон маҳалласи 144–148-уйлар орасида жойлашган 6 сотихли ер Тошкент шаҳар ҳокими имзолаган қарор билан уларга ажратиб берилганини иддао қилмоқда.
Аҳоли вакиллари эса бузилган деб айтилган жойга бориб келишгани, у ерда “Балиқ савдо” МЧЖга тегишли мулк бузилмагани, фақатгина “навес”и олиб ташлангани, шунинг эвазига кўп қаватли уйлар орасидаги тор жойдан 6 сотих ер ажратилгани ғалати эканини айтишмоқда.
Шаҳар бош архитектори имзоси билан эса МЧЖ тақдим этган лойиҳа асосида дарахтларни сақлаш, турар жойлар орасидаги масофаларни инобатга олиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ҳисобга олган ҳолда омборхона ва офис (!) қурилиши учун лойиҳа ишларини давом эттиришгагина (!) хулоса берилган.
Худди шундай хулоса Экология бошқармаси томонидан ҳам берилган, яъни ўсимлик дунёсига зарар етказилса, хулоса бекор бўлади.
МЧЖда барча ташкилотлар хулосалари бор, фақат ўша хулосалар қурилиш учун эмас, балки лойиҳалашни давом эттириш учун. Шунингдек, МЧЖ ташкилотларга сўровни офис ва омборхона қурилиши учун деб тақдим этяпти.
Тошкент шаҳар экология бошқармаси раҳбари Фарҳод Деҳқоновнинг имзоси билан йўлланган ҳужжатда шу жойдаги 30 та дарахтни сақлаб қолиш шарти билан офис ва омборхона қурилишига эътироз билдирмаган. Электр, газ ва сув таъминотига масъул бўлган ташкилотларнинг хулосаларида мавжуд қурилиш атрофдаги уйлар таъминоти ва инфратузилмасига юклама бермайди, дейилган. ССВ берган ҳужжатда ҳудуддаги поликлиника ва рентген биносига келувчиларга халақит қилмайдиган даражада қурилишга қаршилик билдирилмаслиги баён қилинган.
Аҳоли эса бу ер шундоқ ҳам тирбанд бўлиб кетганини, яна бир бино қурилса, автотураргоҳ масаласи, одамлар, ногиронлар ва автомобиллар учун кириш-чиқиш жуда ҳам қийин бўлишини айтяпти. Дарҳақиқат, уларнинг гапларида жон бор. Биз жойига чиқиб ўрганганимизда, ҳақиқатан ҳам бинолар зич жойлашиб, ҳаракат учун ноқулайлик туғилишига гувоҳ бўлдик.
Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси 2021 йил 22 февралдаги баённомаси билан “Балиқ савдо” МЧЖга Архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг 2020 йил 17 августдаги хулосасини бекор қилиш зарур деган хулоса берган.
Қарорда мазкур лойиҳа қатор қонун нормаларига зид экани айтилади. Хусусан:
— ШНК 2.07.01.03 – Шаҳарсозлик шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш норма қоидаларида мавжуд мавзеларнинг кўп хонадонли бинолари оралиғида махсус бино ва иншоотлардан (спорт майдончалари, болалар ўйин майдончалари, кийим-кечак қуритиш майдончалари, автомобилларнинг вақтинчалик тўхташ жойлари) ташқари ҳар қандай бошқа мақсадли объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилгани;
— “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУКнинг 2020 йил 23 декабрдаги НПО-2022 сонли хулосасида, Чилонзор тумани, 2-Чарх Камолон маҳалласи ҳудудидаги, 144- ва 148-уйлар оралиғида офис ва омборхона биноларини жойлаштиришда Санитария норма ва қоидаларида белгилаб қўйилган талаблар бузилаётгани;
— Ўзбекистон Республикаси Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2020 йил 9 ноябрдаги 20-8/159 сонли мурожаатида, даволаш профилактика муассасаларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари талабларига кўра, даволаш-профилактика муассасаларининг аҳоли турар жой пунктларида жойлаштирилишда, турар жой биноларидан 30-50 метр масофада жойлаштирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилганлиги ва Ўзбекистон Республикаси аҳоли яшаш жойларининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари мувофиқ, омборхона бинолари аҳоли турар жой биноларидан 50 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштирилиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Фуқароларнинг мазкур масала юзасидан қилган мурожаатига асосан, Қурилиш вазирлиги томонидан 2020 йил 24 декабрда Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасига “Балиқ савдо” МЧЖ томонидан қурилиши режалаштирилаётган бинонинг қурилиш ишларини тўхтатиш, ҳамда эскиз лойиҳаси учун берилган “Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг 2020 йил 17 августдаги 31-1753/А-сонли хулосаси”ни бекор қилиш ва лойиҳа ҳужжатларни ўрнатилган тартибда қайта кўриб чиқиш вазифаси 13-13/10432 сонли топшириқ хатида қўйилган.
“ТошкентбошпланЛИТИ” ва ССВ ҳам мазкур ҳудудда бино қуриш мақсадга мувофиқ эмас деб топган. Лекин тадбиркорларнинг қўлида ҳам рухсат этувчи ҳужжатлар, хусусан суд қарорлари бор. Аҳолининг қўлида эса рухсатлар ва хулосалар бекор қилингани ҳақида ҳужжатлар бор.
Қурилиш ҳудуди ижтимоий объектлардан 30-50 метр масофада бўлиши лозимлиги тегишли меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Аммо жорий лойиҳа ҳеч қанақасига бунга тўғри келмайди, яъни қурилажак бино бошқа биноларга жуда яқин. Тадбиркорлар биз билан суҳбатда бу ерда 7 қаватли офис биноси бўлишини айтишди, аҳоли вакиллари эса бунга ишонмаяпти: улар 7 қаватли бино тоифаси кейинчалик турар жой деб ўзгартирилишини айтишмоқда. Қолаверса, шундай тор-танқис жойда, катта кўчадан ичкарида, турар жой бинолари орасида 7 қаватли офис қурилиши бироз мантиққа зид эмасми?
Тадбиркорнинг айтишича, шу пайтгача можаро юзасидан 2 марта суд бўлиб ўтган ва ҳар сафар уларнинг фойдасига қарор чиқарган.
Мана шундай ҳолат. Биз ҳаммани эшитишга ҳаракат қилдик. Тадбиркор бу ерга ҳақлиман, мулкимни бузишгани эвазига жойни олганман деса, аҳоли вакиллари мулки бузилмаган, дейди. Тадбиркор ҳужжатларида омборхона ва офис қурилиши ҳақида гап боради. Аммо аҳоли омборхона ёки офис эмас, 7 қаватли уй қурилмоқда, деган хавотирда.
Хуллас, аҳоли норозилигига учраётган бу каби қурилишлар пойтахтда шу қадар кўпки, уларнинг ҳар бирини ёритишга таҳририятларнинг кучи етмайди. Бу каби низоларда ҳамшаҳарларимизга сабр ва куч-қувват тилаб қоламиз.
Аҳоли ва тадбиркорни бир-бирига қарши қилиб қўйиб, вазиятни четдан томоша қилиб ўтиришга ўрганган ҳокимлик бу кейсда ҳам “ўз услуби”да қолмоқда. Шаҳар ичида бу каби низолар ортса ортяптики камайгани йўқ. Наҳотки вазият шундай давом этаверса..?
Бобур Акмалов
Тасвирчи ва монтаж устаси Азимжон Воҳидов
Мавзуга оид
18:02
Лицензиясиз фаолият, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
23:26 / 18.12.2024