12:46 / 13.03.2022
43104

Товушдан тез учувчи самолёт: Афсонавий «Конкорд»нинг парвози нега тақиқланганди?

2000 йил 25 июл куни Париж яқинида товушдан тез учувчи йўловчи самолёти қулаб тушади. Оқибатда 9 нафар экипаж аъзоси, 100 нафар йўловчи ва самолёт қулаб тушган жойда бўлган 4 киши ҳалок бўлади. Орадан кўп ўтмай бу турдаги самолётларнинг парвози тўхтатилади ва улар музей экспонатларига ҳамда кўргазма объектларига айланади.

Фуқаро авиацияси тарихида жуда кўп ҳалокатлар содир бўлган. Уларда кўплаб инсонлар ҳалок бўлган. 2000 йил 25 июл куни Париж яқинида қулаб тушган товушдан тез учувчи «Конкорд» самолёти ҳалокати улар орасида алоҳида ажралиб туради. Бу ҳалокатдан сўнг «Конкорд» самолётларининг парвози тўхтатилади. Шу тариқа, 30 йил давомида йўловчи ташиган афсонавий самолётларнинг тарихига нуқта қўйилади.

Фото: zazzle.com

Товушдан тез учувчи «Конкорд»

ХХ асрнинг иккинчи ярмида фуқаро авиацияси шиддат билан ривожлана бошлайди. Самолётларнинг учиш тезлиги, йўловчи сиғими ошиб бораверади. 1950-йилларга келиб 100 нафардан ошиқ йўловчи ўрнига эга бўлган самолётлар яратилади. Ундан кейин эса товушдан тез учадиган ҳарбий самолётлар ортидан шу турдаги йўловчи самолётлар ҳам ишлаб чиқарилади. Ана шундай ҳаво кемаларидан бири «Конкорд» самолёти эди.

«Конкорд» самолётларини яратиш бўйича ишлар 1962 йилда бошланади. Буюк Британиянинг British Aircraft Corporation ва Франциянинг Sud Aviation компаниялари бу лойиҳани амалга ошириш учун келишувга эришади. Самолётнинг энг муҳим бўлаги бўлган двигателларни Буюк Британиянинг Rolls-Royce ва SNECMA компаниялари ҳамкорликда тайёрлаб беришади.

1969 йилгача янги самолётдан 20 дона тайёрланади ва улардан 9 донаси Буюк Британиянинг British Airways ва Франциянинг Air France компанияларига сотилади. Шунингдек, яна бешта самолёт ҳар икки авиакомпанияга рамзий нарх — 1 фунт стерлинг ва 1 франк қийматда берилади.

Фото: kolyan.net
Фото: kolyan.net

1969 йил «Конкорд» самолёти илк синов парвозини амалга оширади. Ушбу самолётнинг бошқа йўловчи самолётлардан фарқи унинг товушдан тез учиш имкониятига эгалиги эди. Бунгача фақат 1968 йилда СССРда товушдан тез учувчи Ту-144 йўловчи самолёти яратилган эди.

Буюртмалар ва уларнинг бекор қилиниши

«Конкорд» самолёти яратилиши эълон қилингандан бир йил ўтиб дунёнинг кўзга кўринган авиакомпаниялари унга буюртма бера бошлашади. Жумладан, 1966 йилгача АҚШнинг Pan American (1991 йилда ўз фаолиятини тўхтатган), TWA (2001 йилда American Airlines билан бирлашган), United Airlines, Continental Airlines, Австралиянинг Qantas, Германиянинг Lufthansa, Япониянинг JAL авиакомпаниялари, шунингдек, Air India, Air Canada, Iran Air ва яна бошқа кўплаб авиакомпаниялар «Конкорд»дан бир нечтадан буюртма беришади. Аммо кейинчалик вазият ўзгариб кетади ва «Конкорд» яратувчилари ноқулай вазиятга тушиб қолишади.

Фото: uol.com.br

1960-йилларнинг охири, 1970-йилларнинг бошида Европада «Конкорд»га рақобатчи ўлароқ Airbus самолётларини ишлаб чиқариш бошланади. Шунингдек, дунё фуқаро авиацияси бозорида ўз ўрнига эга бўлган АҚШнинг Boeing компанияси тежамкор ва йўловчи ўрни кўп бўлган самолётлар ишлаб чиқара бошлайди. Ана шундай шароитда ёнилғи сарфи жуда юқори бўлган «Конкорд» самолётларига буюртмалар тўхтайди.

1973 йил октябр ойида Араб-Исроил уруши туфайли Сувайш канали ёпилади. Шундан сўнг Форс кўрфази давлатларидан Европага ташилаётган нефть катта харажатлар билан Африка жануби орқали олиб келина бошланади. Оқибатда Европада нефть нархи ошиб кетади ва ёнилғи инқирози бошланади.

Оқибатда қийин вазиятга тушиб қолган кўплаб авиакомпаниялар ёнилғи сарфи анча юқори бўлган «Конкорд»ларидан кўра бошқа компанияларнинг тежамкор самолётларини сотиб ола бошлашади.

Фото: concordesst.com

Буюртмаларнинг бекор бўлиши сабабли бозор касод бўла бошлагач тайёр бўлган 14 та «Конкорд» самолётларидан бештаси British Airways ва тўрттаси Air France авиакомпаниясига сотилади. Сотилмай қолган бешта «Конкорд»нинг иккитаси British Airways ва учтаси Air France авиакомпаниясига текинга бериб юборилади.

Шу тариқа ҳар иккала авиакомпания 7 донадан «Конкорд» самолётларига эга бўлади ва улардан фойдалана бошлайди. Кейинчалик йиғув цехида бўлган олтита самолёт ҳам тайёр ҳолга келтирилади ва харидор чиқмагач улар ҳам British Airways ва Air France авиакомпанияларига берилади.

Ўшанда буюртмаларнинг бекор қилинишига самолётларнинг ясалиши кечикиб кетгани ҳам сабаб бўлади. Масалан, АҚШнинг Pan American авиакомпанияси 6 та самолётга 1963 йилда буюртма беради. Аммо 1969 йилгача ҳам авиакомпанияга самолётларнинг дастлабкиси етказиб берилмайди. Шу сабабли Pan American буюртмаларни бекор қилади. Қолганлар билан ҳам шундай ҳолат такрорланади.

«Конкорд»нинг реклама парвозлари

«Конкорд»га талаб кескин тушиб кетиб, буюртмалар бекор бўлгач уни ишлаб чиқараётганлар реклама парвозларини амалга оширишга қарор қилишади. 1971 йилда 001 рақамли «Конкорд» Тулуза-Рио-де-Жанейро-Сан-Паулу-Буэнос Айрес йўналишида муваффақиятли парвоз қилиб келади.

Фото: concordesst.com

1972 йилда эса 002 рақамли «Конкорд» Форс Кўрфази ва Узоқ Шарқ мамлакатларидан 12 тасига реклама парвозларини амалга оширади. Жумладан, Греция, Эрон, Баҳрайн, Ҳиндистон, Бирма, Сингапур, Филиппин, Япония, Австралия, Саудия Арабистони ва Ливанга 45 та қатновни амалга оширади.

1973 йилда реклама парвози билан учиб, Венесуэла пойтахти Караксдан ортга қайтаётган «Конкорд» АҚШнинг Даллас ва Техас шаҳарларига ҳам қўниб ўтади. Сўнг Вашингтонга ҳам парвоз қилади ва шу ерда америкаликларга «Конкорд»нинг товушдан тез уча олишини кўрсатишади. Аммо бу ишлар ишлаб чиқарувчиларга ҳеч қандай наф бермайди, «Конкорд» барибир авиакомпаниялар меҳрини қозона олмайди.

Гарчи «Конкорд»ни дунё бўйлаб реклама қилишган бўлса ҳам самолётга буюртмалар тушмайди. Двигатель шовқинининг жуда баландлиги ва ёнилғи сарфининг юқорилиги самолётнинг оммалашишига тўсқинлик қилади.

Биринчи тижорий парвоз

Гарчи илк синов парвози 1969 йилда амалга оширилган бўлса-да, «Конкорд»нинг тижорий парвози жуда кечикиб кетади. Ниҳоят 1976 йил 21 январ куни British Airways авиакомпаниясига тегишли «Конкорд» Лондон-Баҳрайн, Air France авиакомпаниясига қарашли «Конкорд» Париж-Дакар (Сенегал пойтахти) йўналишида илк парвозни амалга оширади.

Фото: comlive.net

«Конкорд» самолёти узоқ масофаларга учишга мос эди. British Airways ва Air France авиакомпаниялари бу самолёт билан асосан Европадан АҚШнинг турли шаҳарларига қатновларни амалга оширишни мўлжаллашади.

Аммо кутилмаганда 1975 йил 18 декабрда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси 6 ой муддатга мамлакат ҳудудига «Конкорд»нинг учиб киришига тақиқ қўяди. Самолёт двигатели овозининг жуда баланд экани бунга сабаб бўлади.

Шундан сўнг илк парвозни Лондон-Нью-Йорк йўналишида амалга оширмоқчи бўлган British Airways режаларни ўзгартиради. Шу тариқа илк парвоз Лондондан Форс Кўрфази давлатига, Париждан эса Сенегал пойтахтига амалга оширилади.

АҚШда қўйилган тақиқ якунига етишига бир неча кун қолганда бу мамлакатда «Конкорд»ларнинг учишини бутунлай чеклаш масаласи ҳам муҳокама қилинади. Аммо бу таклиф қабул қилинмайди ва АҚШдаги тақиқ даври тугайди.

1976 йил 24 май куни Лондон ва Париждан Вашингтонга мунтазам қатновлар амалга оширила бошланади. Нью-Йорк мэри эса яна бир йил «Конкорд»нинг бу шаҳарга учишига қаршилик қилади. Фақат 1977 йил 22 ноябрга келиб «Конкорд» билан Лондон ва Париждан Нью-Йоркка доимий қатновлар бошланади.

Ўша пайтда British Airways авиакомпанияси «Конкорд» билан Нью-Йоркка ҳар куни биттадан, Air France эса ҳафтасига бештадан парвозларни амалга оширган.

Фото: ships.bouwman.com

Бундан ташқари, ҳар иккала авиакомпания «Конкорд» самолётлари билан АҚШнинг бир неча шаҳарларига, яна Рио-де-Жанейро, Каракас, Мехико, Сингапур, Дакар каби шаҳарларга парвозларни амалга оширган.

Ёнилғи сарфи кўп бўлгани учун «Конкорд» самолётларида учиш жуда қиммат эди. Масалан, ўша пайтда Лондон – Нью-Йорк – Лондон йўналишида чипта нархи 10 500 доллар бўлган. Аммо шунда ҳам самолётлар доимо тўла ҳолда учган. Бойлар, таниқли сиёсатчилар ва давлат мутасаддилари манзилга бошқа самолётлардан анча аввал етказиб қўядиган «Конкорд» самолётларида учишни афзал кўришган.

Чартер қатновлар

British Airways ва Air France авиакомпаниялари «Конкорд» самолётларидан доимий парвозлар билан бирга чартер парвозларда ҳам фойдаланади. Ўша пайтларда бу самолётдан чартер парвозда кўплаб таниқли бойлар билан бирга, бир қанча мамлакат раҳбарлари ҳам фойдаланишган.

Жумладан, Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Франция президентлари Валери Жискар ҳамда Франсуа Миттеран, Зоир президенти Мобуту Секо ҳам  «Конкорд»ни ижарага олиб фойдаланишган.

Буюк Британия қироличаси Елизаветта II турмуш ўртоғи билан «Конкорд»да / Фото: alamy.com

Шунингдек, «Конкорд» самолётида парвоз қилишни хоҳловчи шинаванда йўловчилар ҳам кўп эди. Улар «Конкорд»да учишни ёқтиришарди. Уларга самолётнинг товуш тезлигида уча олиши, учиш ва қўниш пайтидаги ўзига хос ҳаракатлари қизиқ туюларди. Шу сабабли фақат «Конкорд»да парвоз қилиш учун Лондон ёки Парижга келишарди.

Париждаги фожиа

2000 йил 25 июл куни Париждаги Шарль де Голль аэропортидан Париж-Нью-Йорк йўналишида парвоз қилган «Конкорд» ҳалокатга учрайди.

Air France’га қарашли ушбу самолёт юқори тезликка эришиб ҳавога кўтарилаётган пайтда унинг чап тарафдаги двигатели ёна бошлайди. Самолёт учиш-қўниш йўлаги чегарасидан чиқиб кетгани учун уни секинлатиш ва тўхтатишнинг иложи йўқ эди.

Фото: thairath.co.th

Экипаж самолётни ҳавога кўтариб, сўнг ортга қайтиб қўндирмоқчи бўлади. Аммо ҳавога кўтарилган самолёт айланиб олишга улгурмай аэропортдан 4 километр узоқликдаги меҳмонхона биносига бориб урилади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 100 нафар йўловчи, 9 нафар экипаж аъзоси ва ҳалокат содир бўлган жойда бўлган 4 киши ҳалок бўлади.

Бу «Конкорд» тарихидаги илк ҳалокат, товушдан тез учувчи самолётлар орасида эса иккинчи ҳалокат эди. Бунгача Аэрофлотга тегиши Ту-144 самолёти ҳам Париж яқинида ҳалокатга учраган эди.

«Конкорд»лардан фойдаланишнинг тўхтатилиши

Гарчи, бу «Конкорд» самолётлари билан содир бўлган илк ҳалокат бўлса ҳам, Парижда ҳодисадан сўнг Air France «Конкорд» самолётларининг парвозини тўхтатади. British Airways эса ҳалокатдан бир кун ўтиб улардан фойдаланишда давом этишини маълум қилади.

2000 йил 16 август куни АҚШда «Конкорд»ларнинг парвозга яроқлилик сертификати бекор қилинади ва уларнинг бу мамлакатга парвозлари бутунлай тўхтатилади. Шундан сўнг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган «Конкорд» ортга йўловчиларсиз қайтиб келади.

Фото: forum.awd.ru

2001 йилда Air France ва British Airways авиакомпаниялари ўз самолёт паркларини янгилашни бошлашади. Шу билан бирга 2001 йил 5 сентябр куни парвозга яроқлилик сертификати тикланади. Ўша йили 7 ноябр куни «Конкорд» яна Лондондан Нью-Йоркка парвоз қилишни бошлайди.

«Конкорд»га АҚШга парвоз қилишга рухсат берилгани билан орада яна бир неча марта ушбу самолёт билан боғлиқ кўнгилсизликлар бўлиб ўтади. Жумладан, 2002 йил 27 ноябрда улардан бирининг бошқарув тизимидан мой оқиб кетади. 2003 йил 18 феврал куни яна бирининг двигателида носозлик юзага келади.

Фото: dreamstime.com

2003 йил 10 апрелда Air France ва British Airways «Конкорд» самолётларининг парвозини бутунлай тўхтатишлари ҳақида эълон қилишади. Сўнгги тижорий парвоз 24 октябр куни амалга оширилади. 2003 йил 26 ноябр куни эса British Airways авиакомпаниясига тегишли «Конкорд» Бристолдаги Филтон аэропортигача учиб боради. Шундан сўнг «Конкорд»лар парвози бутунлай тўхтатилади. Шу тариқа, XX асрда афсонавий самолётлардан бири бўлган «Конкорд» музей экспонатларига ва кўргазма объектларига айланади.

«Конкорд» ҳақида қизиқарли маълумотлар

Энг кучли двигателлар

«Конкорд» двигателлари фуқаро авиациясида фойдаланилган самолётлар орасида энг кучлиси бўлган. Самолётга жами тўртта двигател ўрнатилган бўлсада аксарият ҳолларда учувчилар унинг иккитасидан фойдаланишган.

Фото: heritageconcorde.com

Энг қиммат самолёт

Ўз даврида «Конкорд» дунёдаги энг қиммат самолёт бўлган. Унинг бир донаси 200 миллион долларга баҳоланган. Ўша пайтда бу пулга бир неча ҳарбий самолёт ва иккита йўловчи самолёт харид қилиш мумкин бўлган.

Энг оммабоп самолёт

«Конкорд» самолётлари ўз даврида авиатехника бозорида инқилоб қила олган. Шу сабабли у йўловчилар орасида жуда оммабоп бўлган. Одамлар шунчаки «Конкорд»да учиш учун бошқа мамлакатларга саёҳат қилишган.

Фото: gazeta.ru

Жуда юқори тезлик

Товушдан тез учувчи «Конкорд» самолётлари ўз тезлигини соатига 2150 километргача чиқара олган. Бу пайтда самолётнинг фюзеляжи 127 градусгача қизиган. Ана шу тезлик ҳисобига у Лондондан Нью-Йорккача бўлган масофани 3 соат 20 минутда учиб ўтган. Оддий самолётлар бу масофани 7-8 соатларда учиб ўтади.

Ўзгарувчан кабина

«Конкорд» самолётларининг яна бир ўзига хос хусусияти – бу учувчилар кабинасининг ўзгарувчанлиги эди. Учувчилар самолётнинг учиш ва қўниши пайтида кабинани ўзларига мослаб ўрнини ўзгартира олишган.

Энг кучли тормоз тизими

«Конкорд» самолётлари энг кучли тормоз тизимига эга бўлган. Товушдан тез учувчи самолёт қўниш пайтида муаммоларга дуч келмаслиги унга энг кучли тормоз тизими ўрнатилган.

Энг мукаммал автоматик бошқарув тизими

Дунёдаги илк автоматик бошқарув тизими «Конкорд» самолётларига ўрнатилган. Ўша пайтда у дунёдаги энг мукаммал автоматик бошқарув тизими эди. Бошқа самолётлар бундай тизимни кейин ўрната бошлаган.

Ўзига хос шасси

Фото: samaratoday.ru

«Конкорд» самолётларининг парвозида энг мураккаб жараён самолётни қўндириш бўлган. Катта тезликда учиш-қўниш йўлагига тушган самолётни тўхтатишда кучли тормоз тизимидан ташқари унинг шассилари ҳам катта роль ўйнаган. Шу сабабли унинг дум қисмига қўшимча шасси ўрнатилган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top