Ўзбекистон | 13:22 / 19.03.2022
34795
9 дақиқада ўқилади

Пенсионер меҳнаткашлар: Ёшлар диёри бўлган Ўзбекистонда бу ўзини оқлайдими?

Аҳолисининг катта қисмини 30 ёшга тўлмаган ёшлар ташкил қилувчи Ўзбекистонда иш берувчиларнинг ходимни пенсияга ёшига етгани сабабли ишдан бўшатиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин. Бу янгилик қатор муҳокамаларга сабаб бўлиш билан бирга, жамоатчилик орасида пенсия тизимидаги муаммоларни ҳам кун тартибига қайтарди.

Фото: Getty Images

«Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб– қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарори имзоланди.

Ҳужжатда нуронийларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича эзгу мақсадларда қатор ўринли чоралар белгилаб берилган.

Бироқ ходимнинг пенсия ёшига тўлгани муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартибини тақиқлаш тўғрисидаги таклифи (бу таклиф Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан чиққан) аҳоли ўртасида турлича кутиб олинди.

Кимлардир бу таклифни ёқламоқда, кимлардир қарши чиқмоқда ва ҳар икки томонда ўз фикрларини асословчи далиллар бор.

Қаршилар ўз фикрини қандай далиллантирмоқда?

Ўзбекистонда ҳар йили юз минглаб ёшлар мактаб, коллеж ва олийгоҳларни битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Корхона ва ташкилотларда ўрта ёшлилар ва ёшлар шу ерда ишлаётган кекса ходимлар соғ-саломат пенсия ёшига етиши ва қарилик гаштини суришини сўраб юришади. Албатта, иш ўрнига кўз тикиб.

Иш ўринлари муаммо, ёшлар умидсизлик ва ишсизликдан хорижий давлатларга иш ахтариб чиқиб кетаётган бир даврда тақиқни жорий этувчи бу таклиф қай даражада ўзини оқлайди, унинг иқтисодий томонлари таҳлил қилиб кўрилганми?

Статистикага эътибор берсак, ҳар йили меҳнат бозорига 600-700 минг нафар ёшлар кириб келишади. Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони 2020 йил якуни билан 3 млн 824 минг нафар бўлган. Биргина 2020 йилда уларнинг сони 147,2 минг (4 фоиз)га ошгани инобатга олинса, бугунги кунда пенсионерларнинг сони 4 миллионга яқинлашган. Шу тенденция билан ҳисоблаб кўрилса 2021 йилда ҳам пенсионерлар сони тахминан 150 минг нафарга кўпайган бўлади.

Меҳнат бозорига кириб келаётганлар ва пенсия ёшига етганлар орасидаги фарқ 4–5 баробар. Яъни, пенсия ёшига етганлар ишдан бўшаши туфайли меҳнат бозорида пайдо бўлиши мумкин бўлган янги иш ўринлари 20–25 фоизни ташкил этиши мумкиндек.

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, бу чора мамлакат тараққиётини секинлаштиради ёки турғунликка бошлайди.

«Агар шу йўлдан юрсак, катта хатога йўл қўйган бўламиз, эртага биз, бугунги авлод ҳам пенсия ёшига етгач, ўрнимизни ҳеч кимга бўшатиб беришни истамай қоламиз. Ўзбекистон кексалар мамлакати бўлиб қолаверади».

Ёқлаётганларнинг асоси нимада?

Меҳнат кодексининг 100-моддаси (Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш) 7-бандида ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлиши мумкинлиги белгиланган (ходимда ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи бўлганида).

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев «Меҳнат кодексидаги бу камситиш хорижий экспертлар томонидан ҳам кўп бора таъкидланган ва Ўзбекистонга берилган тавсияларда буни бекор қилиш кераклиги айтилар эди», деб ёзди.

Ходимларнинг пенсия ёшига етгани учун иш берувчи томонидан бўшатиб юборилишига оид тартиб 2010 йилда қонунчиликка киритилган. Бунгача бунақа тартиб бўлмаган. Ҳуқуқшуносга кўра, бундай тартиб киритилишидан мақсад, шу йўл билан тезроқ янги иш ўринларини бўшатиш ва шу орқали «шунча кишини ишга жойлаштирдик, шунча янги иш ўринлари очдик», деган статистикани яхшилаш бўлган.

«Ўзи умуман 2010 йилларда бюджет пулини иқтисод қилиш учун пенсионерлар, ҳомиладор аёллар, ногиронлар ва кам таъминланганларга қарши «уруш» очилган ва ўша даврда кўплаб адолатсиз қарорлар қабул қилинган эди», – деб ёзади у.

Меҳнат кодексининг 6-моддасида ходимнинг ёшига қараб меҳнатга оид муносабатларда камситиш тақиқланиши ёзиб қўйилган. Яъни, «Сиз пенсия ёшига етдингиз, демак энди ишлашга ҳаққингиз йўқ, сизни ишдан бўшатаман», дейиш ҳам айнан ходимни ёшига қараб камситиш ҳисобланади.

«Кўпчиликда савол туғилиши табиий: ушбу қоида бекор қилинса, энди ходим 90–100 ёшга кирганда ҳам ишлаб юраверадими, уни ишдан бўшатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқми?

Бу ерда ходимнинг ёшига эмас, қай даражада ўз ишига лаёқатли эканлигига эътибор қаратилади. Агар ходим кексайгани сабабли ўзига юклатилган вазифани бажара олмаётган бўлса, унда уни бемалол ишдан бўшатиш мумкин. Буни ҳеч ким тақиқламайди. Аммо ўз вазифасини лозим даражада уддалаётган ходимни шунчаки ёшини сабаб қилиб, ишдан бўшатиш нотўғри, албатта», – деб ёзади блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Бу тартиб барча учун бирдек бўлиши қай даражада тўғри?

Тан олиш керак, турли ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилаётган қарияларимизнинг кўпчилиги пенсия ёшига етиши билан ўз хоҳиш-истаклари билан ўрниларини шогирдларига, ёшларга бўшатиб, тўн кийиб лавозимни тарк этади.

Қолаверса, корхоналарда билим ва тажрибага эга кексаларни иш берувчиларнинг ўзи ишлашда давом этишга, ёшларга ўрнак бўлишга чақиришади. Ёки пенсия ёшига етган кекса ходимнинг ўрнини боса оладиган кадр топилмайди. Бу айниқса таълим, тиббиёт каби соҳаларда ўз аксини топган.

Шу боис ҳам бу қоидани барча касб ва лавозимларга бир хилда қўллаб бўлмайди. Иш берувчида ҳам бу ҳуқуқ сақлаб қолиниши керак, фақат у ҳуқуқни қўллаш мумкин бўлган касблар-лавозимларнинг тоифалари белгилаб қўйилиши лозим.

Айтайлик, металлургия комбинатлари, зарарли ишлаб чиқариш шароитидаги касбларда банд бўлган одамлар билан имкон қадар пенсия ёшига етиши билан хайрлашавериш керак. Сабаби – узоқ йиллик зарарли ишдаги банд бўлган одамнинг қариган сари касалланиш ёки ўлим хавфи ошиб боради.

Ўзбекистонда халқ томонидан сайланадиган ёки парламент томонидан тасдиқланадиган лавозимлардан ташқари давлат корхоналари ва ташкилотларидаги раҳбар лавозимларда ҳам пенсия ёшига етгандан кейин ишлашни тақиқлаш керак. Зарур бўлса, билим ва тажрибасига кўра, шу корхонада бошқа иш берилиши мумкин.

Чунки жойларда ёши кекса қарияларнинг давлат мансаб лавозимларида ўтириши, ўз атрофига қариндош-уруғларини тўплаши, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, иш жараёнидаги янгиликларни тез қабул қила олмаслик, амалиётга жорий эта олмаслик кексаларга хос жиҳат. Бунга яна жисмоний ва руҳий толиқиш, тезкорликни қўшинг.

Шу сабабли маҳаллий ҳокимият органларидаги юз минглаб аҳоли билан ишловчи раҳбар ходимлар, айниқса ҳокимлар, бошқарма раҳбарлари ёш ва ғайратли бўлиши керак.

Пенсия таъминоти тизими ҳам ислоҳ қилиниши лозим

Ўзбекистонда пенсия ёшига етган ходимларнинг муносиб кексалик даврига эга бўлиши учун қўшимча ислоҳотларга зарурат бор. Бу борада янги велосипед яратишнинг кераги ҳам йўқ, шунчаки ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилиб, жорий этилмаётгани таассуфланарли ҳол.

Чиндан ҳам, нега бизда жамғариб бориладиган пенсия фонди масаласи кун тартибига қўйилмаяпти?

Чет элларда мустақил пенсия фондлари йиғиб борилаётган маблағларни тўғри йўналтириб, уларни турли етакчи корхоналарнинг акцияларига тикиб, кексаларга пенсия ёшига етганда улар кутганидан ҳам кўпроқ пенсия бериб бориш тизимини ишга солишган.

Масалан, дунёдаги энг йирик пенсия жамғармаси Япониянинг инвестицион пенсия жамғармаси бир йилда инвестицияларга тикилган маблағлардан 339 миллиард доллар пул ишлаб топган.

Хорижда пенсия фондларида йиғилган маблағ пенсионер вафот этса, унинг меросхўрларига берилади. Бизда ўрта ҳолли, фақат маошга кун кўриб юрган пенсионер оламдан ўтса, ўзидан фарзандларига ҳеч нарса қолдирмай кетади.

Ёки бўлмаса, Норвегиядагидек бизда ҳам олтин қазиб олувчи, тоғ-металлургия комбинатлари, нефть-газ соҳасидаги давлат корхоналари пенсия жамғармасига ўз даромадларининг кичик бир фоизларини ўтказиб, пенсия ёшига етган қарияларнинг барчасига бошланғич миқдорда бир хил пенсия тайинланиши лозим. Фақат етарли меҳнат стажига эга, корхонаси томонидан пенсия жамғармасига ажратма ўз вақтида ажратиб келинган, шунингдек, жамғариб бориладиган пенсия тўлаб борганларга қўшимча устамалар тўланиши керак. Бўлди. Формула оддий.

Отабек Бакиров бу борада қуйидаги фикрларни билдириб ўтган:

«Оқсоқолларимиз, момоларимизни қўлламоқчи, эъзозламоқчи бўлсак, уларни имкон қадар ишда, мансаб курсисида ушлаб ўтириш шарт эмас, уларга кафолатланган ва мутаносиб турмуш тарзини берадиган замонавий, жамғариб бориладиган пенсия тизимини яратишимиз даркор.

[...] Оқсоқолларимиз, момоларимиз шундай пенсия таъминотига эга бўлишсинки, нормал давлатлар қариялари сингари дунё кезишсин, қарилик роҳатини суришсин, дуода бўлишсин».

Депутатларимиз, юқоридаги раҳбарларимиз муносиб қаричиликни таъминловчи пенсия тизимини яратиш устида бош қотиришса яхши бўларди. Пенсионерга ишлаш-ишламасликни эса иш берувчи ва унинг ўз ихтиёрига қўйиб бериш керак.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид