Ўзбекистон | 11:13 / 23.04.2026
2779
2 дақиқада ўқилади

1 июлдан ёшларни давлат хизматига қабул қилиш тизими ўзгаради

Ўзбекистонда ёшларни давлат хизматига қабул қилиш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган янги тартиблар жорий этилади. Унга кўра, суҳбат саволларини олдиндан эълон қилиш ва иш стажи талабларини қисқартириш каби муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.

Фото: iStock

2026 йил 1 июлдан давлат хизматига қабул жараёнларида ягона ёндашув жорий этилади. Жумладан, суҳбат босқичида бериладиган саволлар ва топшириқлар давлат органларининг расмий веб-сайтларида камида бир ой олдин эълон қилиниши шарт бўлади. Бир ой олдин эълон қилинмаган саволларни номзодларга бериш тақиқланади.

Шунингдек, ички танловлар ўтказилмайдиган лавозимлар рўйхати белгиланади ҳамда айрим лавозимлар учун иш стажига оид талаблар бекор қилинади. Бошқа айрим ҳолатларда эса номзодлар учун кўпи билан икки йиллик умумий ёки махсус иш стажи талаби қўйилиши мумкин.

Бундан ташқари, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касблар реестри шакллантирилади. Ушбу реестрга киритилган касблар бўйича таълим олган ёшларнинг кўникмаларини баҳолаш учун миллий сертификациялаш тизими жорий этилади.

Миллий сертификат олган айрим тоифадаги ёшларнинг ўқиш ва имтиҳон харажатлари “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади. Хусусан, бу имконият ижтимоий реестрга киритилган, камбағал ҳамда камбағаллик чегарасидаги оилалар фарзандлари учун татбиқ этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид