Ўзбекистон | 16:20 / 20.03.2022
32397
6 дақиқада ўқилади

“Урф-одатларимиз коррупция учун ниқоб бўляпти” — эксперт билан суҳбат

Коррупцияга қарши курашишда кескин чоралар керак, шу билан бирга бунга сабаб бўлаётган тизимли муаммолар ҳам бартараф этилиши лозим. Менталитетимиздаги айрим одатлар коррупцияга сабаб бўлмоқда.

Коррупцияга қарши кураш бўйича мутахассис, фалсафа адъюнкт-профессори Қодир Қулиев Ўзбекистонда олиб борилаётган антикоррупцион сиёсат самарадорлиги мавзусида Kun.uz билан суҳбатда шу ва бошқа фикрларни билдириб ўтди.

Қодир Қулиев БМТ ҳузуридаги Халқаро коррупцияга қарши курашиш академиясининг битирувчиси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси ҳисобланади.

— Халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонда олиб борилаётган коррупцияга қарши кураш ҳолатини бирдан ўнгача шкалада нечага баҳолаш мумкин?

— Коррупция ҳар бир давлатда ўзининг элементларига қараб турли хил бўлади. Баъзилар айтади, коррупцияни таг-туби билан йўқ қилиш керак, деб. Катта халқаро экспертлар коррупция доим бор бўлишини, уни ҳеч қачон бутунлай йўқотиб бўлмаслигини исботлаб беришган. Фақат коррупция даражасини минимумгача пасайтиришни назорат қилиш мумкин.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш ҳиссиёти яхши томонга ўзгаряпти, бунга сиёсий ирода бор. Коррупцияга қарши кураш оддий халқнинг ҳаётида ўз аксини топиши керак. Кимдир давлат идорасига борса коррупциясиз ишини битира олиши керак. Ҳозир бу нарсада оқсаш бор бизда. Лекин тизимда ўзгаришлар учун албатта вақт керак. Шкалада баҳоласак, 10 балл беролмайман, лекин албатта 5 дан юқори.

— Коррупцияга қарши курашда миллий менталитет ва бу асосидаги тарбиянинг ўрни қандай?

— Албатта, бола туғилганидан бошлаб унга ишонч, алдамаслик ва катталарга ҳурмат каби тушунчалар сингдирилиши керак. Афсуски, ҳозирги кунда меҳмондўстлик, таниш-билиш ва катта ҳурмат каби одатларимиз суиистеъмол қилиняпти, коррупция учун ниқоб бўляпти.

Масалан, давлат ташкилотларида бошлиғингиз ёши катта бўлса, унга ҳақиқатни айта олмайсиз, гапирсангиз сизни каттага беҳурматлик қилишда айблайди.

Ҳозир биздаги коррупцион ҳолат фойда-зарар таҳлили билан боғлиқ. Масалан, бирор мансабдор коррупция содир қилишдан аввал унинг ортидан нималар келишини ўйлаб солиштириб кўради. Қўлга тушсам нима бўлади, тушмасам қанча фойда кўраман дейишади. Лекин ҳеч ким бу ишидан айбдорлик ҳиссини туймайди. Мансабдорларда айбдорлик ҳисси нолга тенг.

Қачонки, мансабдор монопол кучга эга бўлса, унинг ваколатлари жуда катта бўлса ва бунинг етарлича назорати бўлмаса, албатта коррупция топилади.

— Хабарингиз бор, давлат хизматчиларининг мол-мулклари ва даромадларини декларация қилиш масаласи кўриляпти. Нима деб ўйлайсиз, бу қанчалик ўзини оқлайди?

— Ғарбдан ёки бошқа давлатлардан антикоррупцион тактикаларни Ўзбекистонга тўғридан тўғри кўчириб олиш нотўғри. Мансабдорлар мол-мулкини декларация қилиш масаласи халқаро майдонда жуда мунозарали масала. Бу шахсий маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ.

Мансабдорнинг яқин қариндошларидан бошқа қариндошларининг мол-мулки декларация қилинмаслигини тўғри деб ҳисоблайман. Бундай ҳолатда фуқаролик жамияти вакиллари, жумладан ОАВлар фаол бўлиши, коррупцион ҳолатлар бўйича суриштирувлар қилиши керак. Тўлиқ ишлаб кетган фуқаролик жамиятида ОАВлар “коррупционер ушланди, қамалди”, дейиш билан тугамайди. Унинг сабаблари, оқибатлари бўйича изланишлар олиб боради. Агар улар етарли даражада фаол бўлса, декларациялашга ҳам ҳожат қолмайди.

Лекин бизда бунинг жорий қилиниши ижобий ҳолат, чунки бу – давлатда коррупцияга қарши кураш учун ирода борлиги белгиси.

— Ўзбекистонда коррупционер амалдорлар реестрини шакллантириш ҳақида ҳам режалар бор. Бу амалиёт ривожланган давлатларда ҳам борми? Бу ҳолатда айбдор инсоннинг шахсий маълумотларини ошкор қилиш ва унинг ҳуқуқлари ўртасидаги нозик чегарани қандай ажратиб олиш мумкин?

— Буни ҳам 100 фоиз тўғри деб бўлмайди. Агар коррупционерларда айбдорлик ҳиссини қўзғатиш тарафидан қарайдиган бўлсак, бу кучли тактика. Яна бир тарафдан бу тадқиқотларда коррупцияга қарши курашиш тактика ва стратегиялари инсон ҳуқуқларини бузишга ҳам олиб келгани исботланган.

Лекин булар инсоннинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ фундаментал ҳуқуқларини бузмаслиги керак. У нимага коррупцияга қўл урди деган саволга жавоб излаб, тизимни таҳлил қилиш мумкин.

Бир кунда 24 соат вақтимиз бор, унинг 8 соати тавсия қилинган дам олиш – уйқу вақти деб ҳисобласак, бизда 16 соат қолди. Амалдорлар унинг ярми 8 соат иш вақтида кимгадир ёки ўзи учун ишлайди. Қолган ярми 8 соат эса – инсоннинг қадр-қиммати, шахсий вақти ҳисобланади. Агар шу қадр-қимматга ҳужум қилинса, кимдир ундан шу вақтни тортиб олаётган бўлса, албатта инсон коррупцияга қўл уради. Ойлигини 5 баробар кўтарсангиз ҳам коррупцияга қўл ураверади, чунки унинг қадр-қимматига бевосита ёки билвосита тажовуз қилинди.

Мансабдорларни жазолаш билан бирга рағбатлантириш орасида доимо мувозанат бўлиши керак. Ниманидир нотўғри қилган инсонни жазолаш билан бирга, яхши ишлаганни мукофотлаш ҳам керак.

Фикримча, бизда тизимли коррупцияга қарши кураш олиб борилаётганда бу каби қаттиқ чоралар ҳам керак. Лекин коррупция сабабларини бартараф қилишда бу тарафларини ҳам ҳисобга олиш керак.

Тўлиқ суҳбат билан юқоридаги видеода танишишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид