Иқтисодиёт | 17:57 / 24.03.2022
28605
2 дақиқада ўқилади

Биржада шакар нархи тушди

Сўнгги икки савдо кунларида шакарнинг биржадаги нархи қарийб 30 фоизга арзонлашди. Нарх 10 101 сўмдан 8 735 сўмга тушди.

Фото: Fotolia

2022 йил 24 мартда товар-хомашё биржасининг очиқ биржа савдоларига қўйилаётган шакар ҳажмининг сотувчи корхоналар томонидан қарийб 50 фоизга оширилиши эвазига шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган ўртача кунлик нархи аввалги савдо кунига нисбатан маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 101,3 минг сўмдан 8 735,8 минг сўмгача, яъни 14 фоизга пасайди. Бу ҳақда Товар-хомашё биржаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, сўнгги икки савдо кунларида шакарнинг биржадаги нархи қарийб 30 фоизга арзонлашган.

Шакарнинг биржадаги нархи пасайишига бозор воситаларининг қўлланилиши, жумладан, биржанинг шакар сегментида таклиф даражаси оширилиши ҳисобига эришилди.

24 мартда биржа савдоларига жами 3 200 тонна шакар қўйилган, улардан 2874 тоннаси, яъни 90 фоизи сотилди. Бунда, биржа савдолари орқали "Хоразм шакар" МЧЖ томонидан 1 600 тонна ва "Ангрен шакар" МЧЖ томонидан 1 274 тонна шакар сотилди.

Аввалроқ, Аксилмонопол қўмита шакар нархини асоссиз ошириш учун жавобгарлик ҳақида эслатганди. Қўмита март ойининг биринчи ярмидан кейин бозорда шакар нархларининг асоссиз кескин ошганини таъкидлаб, Россия ва Украина давлатлари томонидан шакар экспорти тўхтатилганининг Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсири йўқлигини билдирганди. Бу икки давлатнинг ички бозордаги улуши бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид