Жаҳон | 20:38 / 26.03.2022
26790
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берадиганларни иккиламчи санкциялардан огоҳлантирди

АҚШ глобал молиявий жазолар тизимини ишга солишга тайёрлигини билдирди. Санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам берган учинчи мамлакат компания ва шахслари ҳам санкциялар остида қолади.

Фото: vesti-ua.net

АҚШ Украинадаги уруш туфайли Ғарб томонидан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган Россиядан ташқаридаги жисмоний шахслар ва компанияларга нисбатан санкциялар қўллаш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливаннинг айтишича, Вашингтон “иккинчи даражали” санкцияларни ўз ичига олган бутун дунё иқтисодий ва молиявий жазолар тармоғини кенгайтиришга тайёр.

“Бизда бир нечта назорат инструментлари бор, улардан бири – учинчи томон юрисдикцияларидаги АҚШ санкцияларига амал қилмайдиган ёки уларни заифлаштириш, қочиш учун тизимли ҳаракатларни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахсларни аниқлашдир”, деди Салливан.

У агар керак бўлса, АҚШ ушбу имкониятидан фойдаланишга тайёрлигини қўшимча қилган.

Нашрнинг таъкидлашича, иккиламчи санкциялар бутун дунёдаги компаниялар ва инвесторларни Ғарб ёки Россия билан бизнес юритишни танлашга мажбурлаш орқали глобал иқтисодиётга салбий таъсирни кучайтириши мумкин.

Салливаннинг бундай санкцияларни қўллаш таҳдиди Хитойнинг Украинадаги уруш фонида Россияга ёрдам кўрсатиши эҳтимолига оид муҳокамалар фонида пайдо бўлди. Баъзилар Пекинни Россия санкцияларидан қочиш йўлакларидан бири деб кўрмоқда.

АҚШ ғазначилик вазири Жанет Эллен жума куни CBNC телеканалидаги интервюсида Хитойга қарши санкциялар қўллашга ҳозирча зарурат йўқлигини айтди.

“Ҳозирча бу зарур эмас деб ҳисоблайман. Биз юқори маъмурият амалдорлари сифатида Хитой билан улар бизнинг позициямизни тушунишларига ишонч ҳосил қилиш учун музокаралар олиб бормоқдамиз. Агар улар Россияга қурол етказиб бераётган бўлса ёки биз Россия молия тизими ва Марказий банкига қўйган санкциялардан қочишга ҳаракат қилса, бу хавотирли бўларди. Биз ҳозирда бундай бўлаётганини кўрмаяпмиз”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Россияга нисбатан ҳозирча сўнгги санкциялар пакетида Россия Марказий банки билан олтин олди-сотдисини тақиқлади. Шунингдек, Давлат думаси депутатлари ҳамда қатор йирик мудофаа ва молия ташкилотлари раҳбарларини қора рўйхатга киритди.

Аввалроқ “катта еттилик” ва ЕИ Россияга қарши янги санкциялар киритишга келишиб олгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид