Жаҳон | 07:31 / 06.11.2024
14733
3 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловлар: Трамп ўнта штатда ғалаба қозоняпти

АҚШда мамлакатнинг 47-президенти сайланмоқда. Республикачи Доналд Трамп ва демократ Камала Ҳаррис давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилмоқда.

Фото: Mike Blake / Reuters

АҚШдаги президентлик сайловларида Трамп Жоржия ва Шимолий Каролинада, Ҳаррис Мичиган ва Пенсилванияда етакчилик қилмоқда.

AP прогнозларига кўра, Жоржияда Тошкент вақти билан соат 7.00 ҳолатига кўра, Доналд Трампга 55,2 фоиз, Камала Ҳаррисга 47,2 фоиз сайловчилар овоз берган. Шимолий Каролинада - Трамп учун 53,9 фоиз, Ҳаррис учун 45,1 фоиз. Пенсилванияда 67,3 фоиз сайловчилар Ҳаррисни, 31,9 фоизи Трампни, Мичиганда 54,8 фоизи Ҳаррисни, 43,2 фоизи Трампни қўллаб-қувватлаган.

2024 йилги президентлик пойгасида еттита иккиланаётган штат бор: Аризона, Невада, Висконсин, Жоржия, Шимолий Каролина, Пенсилвания ва Мичиган. У ердаги сайловчиларнинг овозлари бутун президентлик пойгаси натижаларига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин.

AP: Трамп 101 та сайловчилар коллегияси овозига эга, Ҳаррис - 16 штатдан 38 та овозга

AP республикачи Доналд Трампнинг Индиана, Кентукки, Ғарбий Виржиния, Оклахома, Флорида, Теннесси, Жанубий Каролина, Миссисипи, Алабама ва Арканзас штатларида етакчилик қилишини тахмин қилмоқда.

Камала Ҳаррис Коннектикут, Массачусетс, Вермонт, Мериленд, Род-Айленд ва Делаверда ғалаба қозоняпти.

Агар сайловчилар овозлари ҳақида гапирилса, бу штатларда Трамп 101, Харрис эса 38 овоз олиши мумкин.

АҚШ президенти сайловчилар коллегияси томонидан сайланади. Американинг 50 штатларининг ҳар бирида, шунингдек, Колумбия округида маълум миқдордаги сайловчилар бор. Уларнинг сони аҳоли сонига боғлиқ. Номзод халқ овозини йўқотиб қўйиши ва Сайлов коллегиясининг кўпчилик овозини қўлга киритиши ва президент бўлиши мумкин. Бу АҚШ тарихида беш марта, жумладан, Доналд Трампнинг 2016 йилдаги ғалабасида ҳам содир бўлган.

Кўпгина ҳолларда, штатда энг кўп овоз тўплаган номзод автоматик равишда барча сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади. Аммо иккита истисно мавжуд: Небраска ва Мэн. Небраска республикачиларга кўп овоз беради, аммо демократик номзод, вице-президент Камала Ҳаррис у ерда камида битта сайловчилар овозини олиш имкониятига эга. Бу иккала штатда ҳам сайловда овозлар бўлиниши мумкин.

Сайловда ғалаба қозониш учун мутлақ кўпчилик — камида 270 сайловчилар овози керак. Агар номзодларнинг ҳеч бири керакли сонга етмаса, президент АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан, вице-президент эса Сенат томонидан сайланади.

Трамп сохталаштиришлар ҳақида маълум қилди

Дастлабки сайлов участкалари ёпилишидан бироз олдин Доналд Трамп сайловда овоз беришнинг ҳалоллигига шубҳа қилди. «Филаделфияда йирик сохталаштиришлар ҳақида кўп гапириляпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари йўлда!» – деб ёзди у ўзининг Truth ижтимоий тармоғида бу даъвога ҳеч қандай далил келтирмасдан.

Филаделфия шаҳар комиссари Сет Блюстейн Трампнинг сўзлари «мутлақо ёлғон» эканини айтди. «Бу нотўғри маълумотларнинг яна бир мисоли. Филаделфияда овоз бериш хавфсиз ва тинч ўтди», деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Мавзуга оид