18:00 / 01.04.2022
18064

UZEX биржаси мижозларининг сони деярли тўрт карра ошди

Биржа савдолари иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларда кенг қўлланади ва талабга мос таклиф ҳамда соф рақобатни назарда тутади. Савдонинг бу кўринишини мамлакат ички бозори эркинлигини акс эттирувчи мезон, деб аташ мумкин. 

Фото: UZEX

Сўнгги йилларда UZEX биржасида сезиларли даражада ўсиш кузатилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 17 мартда қабул қилинган "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, очиқ биржа савдолари орқали сотиладиган товарларнинг рўйхати кенгайтирилди, барча хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан фойдаланиш имконияти ошди, соғлом рақобат кучайди ва реал бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда, товарларга нарх белгилашнинг замонавий механизми жорий этилди. 

Шунингдек, 2022 йил январ-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг I чорагига нисбатан 50,6%га ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан эса қарийб уч маротабага ўсиб, 26,7 трлн сўмни ташкил қилди.

 

Кўриб чиқилаётган даврда биржада рўйхатдан ўтган янги мижозларнинг сони ўтган йилга нисбатан деярли тўрт маротабага ўсиб 33,6 минг савдо иштирокчисини ташкил қилди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг бозор тамойилларига асосланган замонавий ва шаффоф савдо турларига бўлган қизиқишлари ортганидан далолат беради.

2022 йил январь-март ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz’да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан уч маротабага ошиб, қарийб 4,2 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши ҳам уч маротабага ўсиб, 879,2 млрд сўмга тенг бўлди.

 

UZEX матбуот хизмати Ⓣ

Top