Ўзбекистон | 19:21 / 02.04.2022
80392
5 дақиқада ўқилади

Ми-8 ҳалокати: Тошкент телеминораси олдида вертолёт нега қулаб тушганди?

1986 йил 19 июл куни Тошкент телеминорасининг шундоқ ёнида ҳарбийларга тегишли Ми-8 вертолёти ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлади. Вертолёт қулаб тушаётганида телеминорага тегиб кетишига бир бахя қолади.

1986 йил Ми русумидаги вертолётлар энг кўп уриб туширилган ва қулаб тушган йил сифатида тарихда қолган. Ўша йили СССР ҳарбийларига тегишли 30 дан ортиқ, Афғонистон қуролли кучларига тегишли бешта, Никарагуа ҳарбий ҳаво кучларига қарашли учта Ми вертолётлари ҳалокатга учраган. Уларнинг аксарияти Ми-8 ва Ми-17 вертолётлари бўлган.

Фото: etoretro.ru

СССР ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Ми-8 вертолётларининг асосий қисми Афғонистонда олиб борилаётган урушда афғонлар томонидан уриб туширилган. Афғонистон қуролли кучларига тегишли Ми-17 вертолётларининг тақдири ҳам шундай бўлган. 11 та Ми-8 вертолёти эса СССРнинг турли ҳудудларида ҳалокатга учраган. Улар орасида Тошкент телеминораси ёнида қулаб тушган Ми-8 вертолёти ҳам бор.

Тошкентдаги қурилишлар ҳақида фильм

1966 йилда содир бўлган зилзиладан сўнг Тошкент бутунлай қайта қурила бошланади ва бу ишлар 1980-йилларнинг охиригача давом этади. Зилзиладан кейин шаҳар аҳолисининг сони баравар ошади. Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳар сифатида Тошкентда метро қурилади. 1978 йилда 375 метрли телеминора қурилиши бошланади. Бундан ташқари, шаҳарнинг ўртасидан оқиб ўтувчи Бўзсув анҳорининг қирғоқлари ободонлаштирилади.

Фото: Shosh.uz

Ўша пайтларда Тошкентда амалга оширилаётган бунёдкорликлар ҳақида бир нечта бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинади. Бадиий асарлар ёзилади. Пиримқул Қодировнинг «Олмос камар» романи ҳам айнан Тошкентда амалга оширилган қурилишлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида эди.

1985 йил 15 январда Тошкент телеминораси қурилиб битказилади. Орадан бир йил ўтиб, 1986 йилда «Ўзбекфилм» киностудиясида Пиримқул Қодировнинг «Олмос камар» романи асосида бадиий фильм суратга олина бошлайди. Бадиий фильмда пойтахтда амалга оширилган ишларни кўрсатиш режалаштирилганди.

Фото: Shosh.uz

Бундан ташқари, фильмдаги лавҳалар орасига бир йил аввал қуриб битказилган телеминора тасвирланган кадрларни ҳам қўшишни мақсад қилишади.

Тошкент манзаралари ва телеминора тасвирланган кадрлар тўлақонли чиқиши учун шаҳарни тепасидан ҳам тасвирга олиш лозим эди. Шу сабабли фильм ижодкорларига вертолёт керак бўлади. Одатда бундай пайтларда асосан Тошкентда жойлашган Туркистон ҳарбий округи раҳбариятидан ёрдам сўралар ва ҳарбийларнинг вертолётларидан фойдаланиларди.

Фото: www.liveinternet.ru

Бу сафар ҳам шундай қилинади ва ҳарбийлар фильм ижодкорларининг илтимосига йўқ дейишмайди. Туркистон ҳарбий округига қарашли 73-ҳаво қўшинлари таркибида бўлган Ми-8 вертолётини киноижодкорлар ихтиёрига беришади. Вертолётни экипаж командири ҳарбий учувчи Валерий Лобанкин бошқарган. Унга штурман-учувчи ва борт техник ходими ёрдам берган.

Ҳалокат

1986 йил 19 июл куни фильм ижодкорлари шаҳар манзараларини тасвирга олиш учун боришади. Валерий Лобанкин ва унинг икки нафар ёрдамчиси бошқарувидаги Ми-8 ҳам бироз ўтиб Тошкент яқинидаги Тузель аэродромидан етиб келади. Ўша куни Лобанкин ўғлини ҳам ўзи билан бирга олган эди.

Вертолёт шаҳар тепасидан учади ва фильм оператори шаҳар манзараларини тасвирга туширади. Тушгача кинолента тўлиб қолади ва оператор уни «Ўзбекфилм» киностудиясига олиб кетади. У ердагилар яна битта кинолентани тўлдириб тасвирга олиш лозимлигини айтишади.

Фото: Shosh.uz

Киноаппаратга иккинчи лента қўйилгач, тушдан сўнг яна парвоз қилишади. Оператор биринчи парвозда эътибордан четда қолган жойларни тасвирга туширади. Сўнгги кадрлар олинаётганда вертолёт телеминора атрофида айланиб уча бошлайди. Шу пайт унинг парраги шимол томондаги қалин троссга тегиб кетади. Шундан сўнг вертолёт мувозанатини йўқотиб, қулай бошлайди. Ана шу пайтда Лобанкиннинг ўғлини асраб қолиш учун уни пастда оқаётган Бўзсув каналига улоқтиришади. Аммо каналга эмас, ерга тушади ва ҳалок бўлади.

Қулаб тушган вертолёт ёниб кетади. Оқибатда унинг бортида бўлган Лобанкин, унинг икки нафар ёрдамчиси, “Ўзбекфилм” оператори ва ўз хизмат бурчини ўтаётган оддий аскар ҳалок бўлади. Ҳарбий хизматини ўтаётган оддий аскар ўша куни тасвирга олиш жараёни устидан чиқиб қолган ва Лобанкиндан вертолётда учиришни илтимос қилганди.

Ўша заҳоти ҳалокат ҳақида «катталар»га ва Туркистон ҳарбий округи раҳбариятига хабар берилади. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ТуркҲОга қарашли 340-рақамли ҳарбий клиникага олиб борилади.

Кейинчалик «Олмос камар» фильми монтаж қилинганда унинг илк қисмларида ҳалокатга учраган Ми-8 вертолётидан туриб олинган кадрлар ҳам ишлатилган.

Фото: uza.uz

Совет даврида аксарият ҳалокатлар умуман оммага ошкор қилинмаган. Шу жумладан, Тошкент телеминораси олдида ҳалокатга учраган Ми-8 вертолёти ҳодисаси ҳам. Омма ҳанузгача бу ҳодиса тафсилотлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид