09:47 / 04.04.2022
21912

Сурхондарёда учта машина иштирокида содир бўлган ЙТҲда Cobalt ва унинг йўловчиси ёниб кетди

Ҳозирда ушбу ЙТҲ юзасидан Термиз шаҳар ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 3 апрель куни соат 20:55ларда Термиз шаҳридаги Ат-Термизий кўчасида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

1998 йилда туғилган ҳайдовчи С.М. бошқарувида бўлган Toyota минивэни, 1995 йилда туғилган Ш.М. бошқарувида бўлган Nexia-3 ҳамда 1992 йилда туғилган ҳайдовчи Б.Ш. бошқарувидаги Сobalt машиналари ўзаро тўқнашган.

Тўқнашувда ҳар уч машина шикастланган ва Сobalt машинасида ёнғин юзага келган. Оқибатда унда йўловчи сифатида кетаётган 1985 йилда туғилган Б.Ж. ҳалок бўлган.

Ёнғин ҳақида соат 21:00да вилоят ФВБга хабар берилган. Соат 21:11да ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Ҳайдовчиларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ЙТҲ юзасидан Термиз шаҳар ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Зомин туманида содир бўлган ЙТҲда 8 киши, Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда 4 киши ҳалок бўлганди.

Top