22:45 / 06.04.2022
42962

Аслида ким эшак? — Эшакларни шафқатсиз калтаклаган икки эркак қидирилмоқда

“Меҳр ва оқибат” ташкилоти икки эркак эшакларни хода билан аёвсиз калтаклагани акс этган видеони тарқатди. Воқеа вояга етмаган бола гувоҳлигида бўлган. Экоинспекция, ички ишлар органлари ва миллий гвардия ҳуқуқбузарларни қидирмоқда. Воқеа Қашқадарёда бўлгани айтиляпти.

Фото: Видеодан кадр

Бугун, 6 апрел куни жониворларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Меҳр ва оқибат” нодавлат ташкилоти Telegram-каналида эшакларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлингани акс этган видео эълон қилинди.

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида олингани айтилган видеода икки эркак эшакларни фалаж қилиш ва йиқитиш учун уларнинг бўйин ва бошига хода билан тинимсиз ураётгани, эшаклардан бири карахт ҳолда ерга йиқилганини кўриш мумкин.

Кадрда, шунингдек, жониворларга нисбатан бўлаётган ушбу шафқатсиз муносабатни вояга етмаган ёш бола кузатиб тургани ҳам акс этган.

“Ички ишлар вазирлигидан видеоролик иштирокчиларини топиб, қонун доирасида жазолашни сўраймиз”, – дейилади видео остидаги изоҳда.

Kun.uz мухбири Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан видеодаги ҳолат ва унинг иштирокчилари бўйича изоҳ сўради.

Қўмита матбуот котиби Бунёд Абдуллаевнинг айтишича, ҳолат юзасидан аллақачон экологик назорат инспекцияси, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари иштирокида қидирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.

“Ҳолат бўйича текширув ўтказиш тўғридан тўғри бизнинг ваколатимизда бўлмаса-да, қидирувда ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари билан бирга бизнинг инспекторлар ҳам қатнашмоқда.

Бу ўринда бизни чалғитадигани воқеа, айтилганидек, Китоб туманида эмас, бутунлай бошқа жойда ва бир неча йил аввал содир бўлган бўлиши ҳам мумкин. Лекин ишонч билан айтаманки, бу “эшакфеъллар”ни албатта топамиз. Қувада бундан ҳам қийин вазиятда жониворларга шафқатсизлик қилган шахсларни аниқлай олгандик-ку”, – дейди қўмита матбуот котиби.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (810 минг сўмдан 1 млн 350 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг беш бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллашга сабаб бўлади.

Top