22:13 / 14.04.2022
32473

Rost24.uz таҳририятига босим бўлгани айтилмоқда

Сайтда эълон қилинган “Халқаро молиявий криминаллар рўйхатида кўринган ўзбек олигархи” номли журналистик суриштирув ўчирилган. Мақола муаллифи, сайт бош муҳаррири Анора Содиқовага нисбатан таҳдид бўлгани айтилмоқда.

Фото: Rost24.uz

Бу ҳақида маълум қилган Анора Содиқованинг ўз Facebook саҳифасида ёзишича, сайтдан ўчиртирилган мазкур мақолада “Pandora papers” ҳужжатларида ошкор қилинган ўзбекистонлик тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ва унинг мол-мулки ҳақида маълумотлар келтирилган.

Муаллифга кўра, собиқ сенатор, Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирда ассоциация) собиқ президенти Мираброр Усмоновнинг ўғли – Ўзбекистон футзал ассоциациясининг собиқ вице-президенти Жаҳонгир Усмоновга тегишли бир неча компанияларнинг занжири оффшор ҳудудларга бориб тақалади.

Ўчирилган мақолада Жаҳонгир Усмонов ўзига тегишли компанияларнинг катта маблағларидан солиқ тўламаслик ва чет элдаги оффшор компаниялар ҳисобрақамларига олиб чиқиш учун 2017 йилда ташкил этилган “Эзгу мақсад” хайрия фондидан фойдалангани айтилади. Чунки хайрия фондларига бериладиган хорижга чекланмаган миқдорда пул чиқариш имконияти бундай амалдорлар учун айни муддао, дея тушунтирган муаллиф.

Суриштирувда аниқланишича, “Эзгу мақсад” халқаро хайрия фонди ва тадбиркор Ж.Усмоновнинг компаниялари ўртасида миллиардлаб пул айланган бўлса-да, фонднинг 5 йиллик фаолияти ҳақида маълумотлар жуда кам. Муаллифларга кўра, фонд раҳбари Камола Шарипова Rost24.uz билан суҳбатда маълумотларни очиқлашни истамаган ва 5 йилда 200 нафар бемор операция қилингани ҳақида айтган холос.

Материал сайтдан ўчирилгач Содиқованинг Kun.uz'га маълум қилишича, мақолани ўчириш телефон орқали айрим шахслар томонидан талаб қилинган.

“Хавфсиз яшашни хоҳласак, материални ўчиришимиз кераклигини талаб қилишди. Қайта-қайта хавфсизлигимизни таъкидлашгач, мақолани ўчиришга мажбур бўлдим. Чунки сайтда ишлайдиган жамоанинг хавфсизлиги учун ҳам жавобгарман. Ўзимнинг шахсий саҳифамда қолдирдим холос. Сайтда қолдирсам, жамоадошларимга ҳам муаммо бўлишини ўйлаб, буни истамадим”, дейди муаллиф.

Сўз эркинлигига нисбатан қўлланган бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам ўз саҳифаларида бундан ташвишда эканини билдириб, журналистга таҳдид қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини ва фонд вазиятни кузатиб боришини билдирди.

“Журналист Анора Содиқова атрофида бўлаётган ҳолатдан биз хавотирдамиз. Қонун устувор давлатларда ҳар қандай зиддиятли ҳолатлар (агар у бўлса) фақат суд орқали ҳал қилиниши керак. Журналистга таҳдид қилишга, умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас. У замонлар ўтиб кетди. Қайтаришга уринманг. Фонд бу ҳолатни кузатиб боради”, – деб ёзди у.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига биноан, давлат ОАВ фаолиятини давлат мансабдорларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилинишини кафолатлаши керак.

“Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади”, дея белгилаб қўйилган қонунда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон матбуот эркинлиги индексида 180та давлат орасида 157-ўринга тушган, мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият “мураккаб” деб баҳоланган эди. Бу уч йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистоннинг бу рейтингда илк марта пастлаши бўлганди.

Top