Жаҳон | 14:10 / 26.11.2025
4788
5 дақиқада ўқилади

Уруш ва ОАВ: ҳақиқат қаерда?

Азизлар, бугун бироз журналистика ҳақида гаплашамиз. Икки даҳшатли уруш даврида бу касб инсоният учун қанчалик муҳим экани кўринмоқда. Уруш бу ажойиб соҳа учун чинакам синовга айланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Дунё хаос ҳолатида бўлганда холис фикр, ҳақиқатнинг қадри баланд бўлади, чунки уруш даврида пропаганда янада агрессив кўриниш олиб, миллионлаб одамларни ўз домига тортади. Уруш даврида одамлар гўёки дарёнинг нариги қирғоғида яшайдиган сиёсатчиларга эмас, ҳар тонг улар билан электробусда ишга қатнайдиган журналистларга ишонгиси келади. Уруш даврида профессионал журналистика ва пропаганда ўртасидаги фарқ яққол кўринади. Қуйида шу мавзуга тўхталамиз.

Мустақил журналистика

Шу кунларда АҚШ президенти Трамп Киев имзолашини талаб қилаётган «тинчлик келишуви» бутун дунёда муҳокама қилинмоқда. Ахир бу келишув имзоланса, икки жаҳон урушларидан кейин дунёда кузатилаётган энг йирик қирғинбарот тўхтайди, дунё енгил нафас олади, нарх-наво изига тушади, дунё хавфсизроқ бўлади.

Қизиғи одамлар муҳокама қилаётган бу келишув матнини ҳеч қайси давлат расман эълон қилгани йўқ. Матн Американинг Axios нашри, олдинроқ бир украиналик журналист томонидан эълон қилинди. Ва бутун дунёда буни чиндан расмий ҳужжат сифатида муҳокама қилишмоқда, аслида ҳужжат бошқача бўлса-чи деган фикр кўпчиликнинг хаёлидан ҳам ўтгани йўқ. Бу эса одамларнинг мустақил ОАВга ишончини кўрсатади.

Ҳозир ҳеч ким Оқ уйнинг сайтини очиб, “Қани булар нима деб ёзяпти”, деб қараб ҳам ўтирмайди. “Қани Reuters нима дебди, Axios нима ёздийкин, CNN демократларни қўллайди-куя, лекин инсайдлари зўр, New York Times разведкадаги манбаларига таяниб бирор нима ёзмабдими”, деб қизиқади. Мен шунчаки Америкадаги нашрлар мисолида гапирдим, ҳозир бутун дунёда мустақил журналистиканинг, мустақил блогерларнинг — албатта, ўз сўзига масъулият билан ёндашадиганларни айтяпман — жамиятдаги ўрни муҳим. Чунки одамлар уларни эшитяпти, ишоняпти. Уруш даврида, ахборотга эҳтиёж ошган даврда бу факт айниқса сезиляпти.

Пропаганда узоқ дош беролмайди

Энди уруш давридаги пропаганда қай аҳволга тушгани ҳақида Россия ва Украинадаги нашрлар мисолида гаплашсак. Уруш бошида ҳар икки томонда пропагандачилар жуда фаол бўлишди, уларни миллионлаб одамлар оғзини очиб томоша қилди. Бугун ахборот асрида пропагандачилар қўмондонлар учун ҳарбийлардан ҳам муҳимроқ одамга айланишади. Ҳозирни қўйинг, Адолф Ҳитлернинг энг содиқ, энг муҳим одами пропагандачи Йозеф Геббелс бўлган. Бугунги бутун дунё онлайн кузатаётган урушда пропаганданинг аҳамиятини тасаввур қилаверинг.

Лекин пропаганда узоқ вақт фойда берадиган нарса эмас. Одамлар бир кун келиб албатта пропаганда уларни алдаётгани, манипуляция қилаётганини сезиб қолади. Ахир ҳозир инсонлар реал ҳаётдан кўра ижтимоий тармоқда кўпроқ яшамоқда. Яқинда Украинадаги обрўли блогерлардан бирининг YouTube саҳифасига кўзим тушиб қолди, миллионлаб обуначиси бор каналлардаги видеолар бир неча минг марта кўрилган холос. Нега? Чунки улар тўрт йилдан бери «Ана Россия қулади», «Мана Россия қулади», «Путин кетаркан» каби асосий гапларни гапиравериб одамларни чарчатди. Россия пропагандасига ҳозир русларнинг ўзи ҳам ишонмаса керак, генерал Конашенковнинг баёнотлари-ку алоҳида олам.

Бу мисоллар билан нима демоқчиман? Мустақил журналистика, сўз эркинлиги жамият учун қанчалик муҳим экани мана шундай мураккаб даврда яна бир бор кўринди. Тўғриси, YouTube’да ўзбекча дастурлар, лойиҳалар, муҳокамалар кўпайганидан жуда хурсанд бўламан. Бизда охирги йилларда журналистика даражаси яхшигина ўсди, савияли блогерлар чиқяпти, ижтимоий тармоқларда савияли фикрлар кўпайди. Албатта, биз бу борада катта давлатлар анча олдин босиб ўтган йўлдан энди ўтяпмиз, муаммоларимиз кўп, лекин энг асосийси жамият мустақил журналистика аҳамиятини англай бошлаганида.

Ишонинг, матбуотнинг, профессионал журналистиканинг, сўз эркинлигининг жамият ривожланишида ҳиссаси катта. Минг киши ҳам аъзо бўлмаган Telegram-каналида ёки оддий туман газетасида жуда кичик, туман даражасидаги жуда оддий муаммони кўтариб чиқаётган мухбир бир қарашда кичик, лекин аслида ривожланиши тезлашган жамиятимиз учун катта иш қилаётган бўлади. Бизда бу ажойиб соҳа янаям ривожланишига ишонаман, бу борада умид учқунлари кўринмоқда.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Тайёрлаган:  Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид