Жамият | 15:23 / 16.04.2022
15888
7 дақиқада ўқилади

Маҳалла раиси сайлови: аҳолига шижоатлиси, ҳокимларга лаббайчи ва бефарқи керакми?

Маҳалла раисларидан бири норози оҳангда айтган сўзлари ҳанузгача мени ўйлантирмоқда. У туман ҳокими олдида маҳаллаларда жорий этилаётган фаол аёл лавозимига ўзи яхши билган, тизимда ишлаб келаётган номзодни ҳимоя қилса, ҳоким «сен ҳали шундай дерзкийми? Кўраман, қандай қилиб сайловидан ўтаркансан», дебди.

Фото: Kun.uz

Бу қандай гап бўлди? Давлат раҳбари барча ишлар маҳаллада ҳал бўлсин деса, ҳоким ва бошқа амалдорларни «пастга туш, маҳаллага бор, масалани ўша ерда ҳал қил», деб кўрсатма бериш билан бирга тегишли фармону қарорлар қабул қилса-ю, ҳокимлар эски қолиплардан халос бўлишни истамаса, буни қандай тушунмоқ лозим?

«Дерзкий» сўзи рус тилидан «дағал», «қўпол», «қўрс», шунингдек, «дадил», «жасур», «шижоатли» деб таржима қилинади.

Юқоридаги мисолда маҳалла раиси маҳаллада хотин-қизлар билан ишлашга масъул бўлган ва бир неча йил бирга ишлаган ўринбосарини янги жорий этилаётган хотин-қизлар фаоли лавозимига тавсия этган ва унинг номзодини ҳимоя қилган. Ўринбосари янги лавозим талабига тўла жавоб бера олишини, у маҳалла хотин-қизларини яхши билишини, улар ўртасида обрў-эътиборга эга эканлигини айтган, холос. Раис ҳокимнинг важоҳатидан, қаҳридан қўрқмасдан, ўз фикрини айта олганлиги учун уни жасур, шижоатли деб таърифлашимиз мумкин.

Ҳозирги кунда маҳалла раиси айнан шундай бўлмоғи лозим эмасми? Албатта, керак. Тизимда сўнгги икки йил ичида катта ўзгаришлар юз берди. Энди эскича фикрлайдиган, ҳокиму бошқа амалдорлар айтганига қарсак чалиб ўтирадиган лаббайчи, бефарқ ва лоқайд маҳалла раислари даври ўтди.

Афсуски, ҳали деярли ўзгармаган ҳокимият тизимидаги ўзини ҳокими мутлақ сановчи айримлар буни тушунмаяпти. Эски қолиплардан воз кечиб, ўзини жамиятнинг бошқа аъзоларидан, бутун элдан устун қўйиш психологиясидан узоқлаша олмаяпти. Улар ҳоким ўзига хос менежер, иш бошқарувчи эканлигини, маълум ҳудуддаги аҳоли манфаатини ҳимоя қилиш учун тайинланган ва солиқ тўловчи ҳисобига кун кўраётган ЁЛЛАНМА ХОДИМ эканлигини унутиб қўймоқда.

Агар барча муаммолар президент талаб қилаётгандек, маҳалланинг ўзида ҳал бўлса, одамлар оддий муаммо бўйича ҳокимлик ва бошқа идораларга мурожаат қилиб, сарсон бўлмаса, бу ўша амалдорларнинг ўзига ҳам яхши эмасми? Бошоғриқ камаяди, бошқа каттароқ ишларни бажаришга кўпроқ вақт қолади. Бунинг учун ишчан, сўзи ўтадиган, тўғри сўзли, ҳақиқатни очиқ айта оладиганлар маҳалла раислигига сайланиши мақсадга мувофиқ эмасми?

Амалдорнинг барча айтганларига бош эгиб, «хўп бўлади, бажарамиз», дейдиган раисларнинг даври ўтганлигини барча катталар англаши лозим. Доим боши эгик, каттанинг айтганининг фарқига бормасдан, кўрсатмасини бажаришга тайёр «лаббайчилар» кимга керак? Бундайлар президентнинг маҳалла раиси амалдорлар олдига муаммони кўтариб чиқиб, уни ҳал бўлишига эришиш лозимлиги ҳақидаги талабини қандай бажаради?

Шу сабабли «қани, мен кўраман, ўзбошимча ва «дерзкий» номзод сайловдан қандай ўтаркан» деб, эскича фикрлаётган ҳокимлар ўз қарашини ўзгартириб, мард, жасур шахслар маҳалла раислигига келишидан манфаатдор эканлигини тушуниши зарур.

Шу кунларда маҳалла раислигига номзодлар шакллантирилмоқда. Яқинда улар ҳоким бошчилигида маҳаллий ҳокимликларда тузилган комиссия суҳбатига таклиф этилади. Ана шунда комиссия ва ҳоким қандай йўл тутади? Кимларнинг номзодини сайловга тақдим этади?

Бундан бир ярим ой аввал, февраль ойининг бошларида, маҳалла раислари сайлови ҳақида ҳали ҳеч қаерда гапирилмаган ва раислар беш йилга сайланади дейилган пайтда бундай сайловни шу йилнинг ўзида ўтказиш лозимлигини асослаб, мақола ёзган эдим. Унда, жумладан, шундай сўзлар бор эди:

«Номзодлар халқ дарди билан яшайдиган, маҳалладошларига чин дилдан кўмаклашишга тайёр, маҳалланинг қари-ю ёши ҳурмат қиладиган, маҳалла оғирини енгил қилишга қодир, қўлидан аниқ бир иш келадиган инсонлар бўлсин. Яна шуни инобатга олиш лозимки, эндиликда компютерда ишлашни билмайдиган, интернет билан дўстлашмаган, онлайн мулоқотдан узоқ бўлганларнинг раҳбар, жумладан МФЙ раиси бўлиб ишлаши анча оғир».

Бу борада қонунимиз нима дейди? Кимлар маҳалла раислигига номзод қилиб кўрсатилиши мумкину, кимлар мумкин эмас?

Қонунчиликка кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар:

  • Ўзбекистон фуқароси бўлиши;
  • қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши;
  • бевосита сайловга қадар камида 5 йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши;
  • ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Қуйидагилар номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас:

  • суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;
  • оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;
  • суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар;
  • ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар;
  • диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари.

Ўйлаймизки, ҳокимлик комиссиялари қонун талабларига тўла амал қилади ва қайсидир мутасаддининг ўзича ўйлаб топган қоидасига асосланиб иш юритмайди. Номзодларнинг ёши, маълумоти ёки иш жойи ҳақида ҳеч қаерда бўлмаган талабни қўймайди.

Афсуски, хотин-қизлар фаоли лавозимига номзодларни танлашда уларга Тошкентдан келган ва ишхонасидан чиқмаган, маҳалла шароитини билмаган мутасаддилар хоҳиши бўйича қонунда бўлмаган талаблар қўйилди. Натижада, айрим маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозимига номзод босим асосида тайинланганлиги норозиликларга сабаб бўлди. Масалан, бизнинг маҳаллага тайинланган фаолнинг ишга чиқиш нияти йўқ.

Шундай экан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига ҳам аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган, ҳам янгича фикрлайдиган, аҳоли муаммоларини тегишли идоралар олдига қўя оладиган шижоатли, ростгўй номзодларни тавсия этиш муҳим. Жамиятимиз манфаати шуни талаб қилмоқда.

Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд шаҳар «Боғимайдон» МФЙ раиси, журналист
.

Мавзуга оид