Жамият | 15:00 / 21.09.2024
2147
2 дақиқада ўқилади

Сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотига оид одоб-ахлоқ қоидаларини имзолади

Бу билан сиёсий партиялар вакиллари бир-бирларининг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилишлари, шунингдек, сайловчиларга нисбатан ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятини олади.

2024 йил 27 октябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларини адолатли, шаффоф ва қонуний ўтишини таъминлаш мақсадида 21 сентябрь куни сиёсий партиялар ўртасида сайловолди ташвиқотига оид одоб-ахлоқ қоидалари имзоланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу қоидалар сиёсий партияларнинг бир-бирига нисбатан ҳурмат ва самимий муносабатда бўлишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодекси қоидаларига қатъий риоя қилишни назарда тутади. Қоидаларга мувофиқ, сиёсий партиялар вакиллари бир-бирларининг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилишлари, шунингдек, сайловчиларга нисбатан ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятини олади.

Ушбу қоидаларда сайлов жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш масаласи ҳам ўз ифодасини топган. Ахборот тарқатиш соҳасида сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши билан боғлиқ хавфларни инобатга олган ҳолда, унинг сайловолди ташвиқотида қандай қоидаларга амал қилиниши аниқ белгилаб берилган.

Сиёсий партиялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг имзоланиши мамлакатда сайлов маданиятининг ўсиб бораётганлигини, сайлов жараёнлари эса очиқ ва адолатли рақобат шароитида ўтишини таъминлашга қаратилган муҳим қадам эканлигини кўрсатади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид