14:01 / 19.04.2022
5069

Халқ таълими вазирлиги 16 ёшга тўлган 122 минг нафар ўқувчи ҳанузгача ID карта олмаганини маълум қилди

Жорий ўқув йилида мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчи битиради. Бугунги кунда 16 ёшга тўлган 122 мингдан ортиқ битирувчи (31 фоизи) паспорт олмаган.

Фото: advice

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати 16 ёшга тўлган ўқувчиларга мурожаат билан чиқди. Мурожаатда ёзилишича, олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари ДТМнинг abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн қабул қилинади. Абитуриентлар энди аввалгидек ОТМларга овора бўлиб боришлари, узундан-узоқ навбатга туришларига ҳожат қолмаган.

Онлайн ҳужжат топшириш учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами -ЖШШИР) киритиш талаб этилади. Шу боис, 16 ёшга тўлган битирувчилар ўз вақтида паспорт (ID карта) олишлари зарур. Бу жараёнда битирувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида attestat.uzedu.uz электрон базаси ДТМ abitur.dtm.uz сайти билан интеграция қилинган.

Қайд этилишича, жорий ўқув йилида мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчи битиради. Бугунги кунда 16 ёшга тўлган 122 мингдан ортиқ битирувчи (31 фоизи) паспорт олмаган.

«Ҳурматли ота-оналар, азиз битирувчи ёшлар! Фарзандингизнинг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларининг ўз вақтида паспорт (ID карта) олишини таъминлашингизни сўраймиз. Мактаб маъмуриятидан эса битирувчиларнинг паспорт маълумотларини attestat.uzedu.uz сайтига киритиб, уларнинг келгусида олий таълим муассасаларига ҳужжатларини топширишида кўмаклашишга чақирамиз», дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, 16 ёшга тўлган битирувчилар паспорт олишлари учун Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат этишлари мумкин.

Top