Ўзбекистон | 14:30 / 02.11.2023
17718
4 дақиқада ўқилади

«Йиллаб ота-онамни кўролмаган пайтларим бўлган» – ўзбек-қирғиз чегарасида вазият қандай ўзгарди?

1 сентябрдан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ID карталар орқали икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туришлари мумкин бўлди. Kun.uz мухбири Андижон вилоятининг Қирғизистон билан бир неча чегара постларида бўлиб, қўшни давлатга ўтиш ва кириш учун фуқароларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Юртдошларимиз, қирғизистонлик ва хорижлик меҳмонлар билан суҳбатда бўлди.

2023 йилнинг 1 cентябр куни Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг Марҳамат ҳамда Аравон туманларини боғлайдиган Мингтепа/Қора-Боғиш чегара ўтказиш пункти, шунингдек, Андижон ва Жалолобод вилоятларини боғловчи Хонобод/Бек-Обод чегара ўтказиш пункти ҳам очилди. Мазкур постлар 2009 йилдан бери ёпиқ эди.

«Хонобод» чегара божхона пости

Андижон вилояти ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятларини боғловчи ўзбек-қирғиз чегара божхона пости эндиликда узлуксиз фаолият олиб бормоқда. Халқаро мақомдаги ушбу пост орқали кунига 9-10 минг киши ҳамда 300 тагача автотранспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин.

Нилуфар Абдуназарова асли хонободлик. У Қирғизистонинг Жалолобод вилоятига келин бўлиб тушган. Унинг айтишича, аввалари у ота-онасини йиллаб кўришга боролмаган.

Нилуфар Абдуназарова

«Йўл очилгандан бери ҳар ойда ота-онамни кўргани боряпман. Олдин 7-8 йил ўтолмай юрган пайтларимиз ҳам бўлган. Энди бемалол бориб келяпман, шу ишни қилганларга раҳмат», — дейди у.

Дейв Комиер америкалик сайёҳ бўлиб, у Самарқанд шаҳрида бўлганини энди эса Хонабод чегара ўтказиш пункти орқали Жалолободга йўл олганини айтди.

Дейв Комиер

«Чегара постида жараёнлар тез ўтгандек туюлди. Паспорт назоратида бирозгина ушланиб қолганимизни айтмаганда ҳаммаси яхши ўтди. Асли америкаликман. Ҳозир бу ерга Самарқанддан келиб, Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрига йўл олганмиз», — дейди Дейв.

«Мингтепа» чегара божхона пости

Марҳамат ва Аравон туманларини боғловчи «Мингтепа» чегара пости кундузги вақтда (08:00—18:00) фаолият олиб боради. Халқаро мақомдаги ушбу постдан бир кунда 10 минг фуқаро ўтиши ва қайтиши мумкин. Kun.uz’га маълум қилинишича, постда ҳозирда кунига ўртача 1,5 минг фуқаро ўтиб-қайтмоқда.

Марҳаматлик Илҳомжон Маматовнинг айтишича, икки мамлакатга кириш-чиқишда босиб ўтиладиган масофа ва йўл харажатлару қисқарган.

«Андижонда фақат «Дўстлик» пости очилган эди. У ёққа бориш учун 60-70 км юришимиз керак бўларди. Ҳозир 2-3 км юриб Қирғизистонга ўтиб оламиз. Ариғимиз, мозоримиз, бозоримиз бир қирғизистонликлар билан. Бу ишлар яхши бўлди», — дейди у.

Қирғизистоннинг Аравон туманида яшовчи Дониёр Жумабоев ҳозир ушбу постдан қисқа вақт ичида ўтаётганини билдирди. 

Дониёр Жумабоев

«Дўстлик постидан ўтиш учун анча вақт сарфлардик йўлга. Ҳозир эса уйдан чиқиб 10-15 дақиқада Қирғизистонга ўтишимиз мумкин. Бемалол ишимни битириб келаман. Ҳозир ҳам тўйга айтишга кетяпман. 2-3 дақиқада ўтяпмиз постдан», — дейди Жумабоев.

Мавзуга оид