Ўзбекистон | 08:58 / 29.01.2024
55907
4 дақиқада ўқилади

«Паспортни йўқотганлик учун жарима тўлаш ёки уни ошириш – мантиқсизлик» – депутат

Фуқаро паспорти ёки ID картасини йўқотиб қўйганда уни янгилаш учун жарима миқдорини ошириш бўйича Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган. Депутат Дониёр Ғаниев бу жарима миқдорини ошириш тугул, маъмурий жарима қўллашнинг ўзи нотўғри эканини айтмоқда. “Нега паспорт йўқотган фуқарога ҳуқуқбузар мақоми берилиши керак?” – дея савол беришмоқда фаоллар.

Фуқароларнинг биометрик паспорти, ID картаси ёки хорижга чиқиш паспорти йўқолганда ёки муддати ўтиб кетган ҳолатда янгилаш учун маъмурий жарима белгиланган. Эндиликда йўқотганликни алоҳида ажратган ҳолда БҲМнинг ярим баробари миқдоридаги жаримани 2 баробарга кўтариш таклиф қилиняпти.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасида шу норма кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасининг муҳокамасида иштирок этган депутат Дониёр Ғаниевнинг айтишича, тўловнинг оширилиши тугул, бу жараёнда фуқарога маъмурий жарима қўллаш – мантиқсизлик.

Кўтаришга асос нима ўзи? Асос қилиб кўрсатишаётган давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда [жарима миқдорини] кўриб чиқиш кераклиги айтилган, кўтариш керак дейилмаган.

Жойларда ID картани янгилаш учун тўланадиган жаримани кўпчилик одамлар жарима эканини ҳам билишмас экан, шунчаки тўлов деб билишади. Нечта ҳолатда маъмурий жарима билан, нечта жойда маъмурий жаримасиз янгилаб берилди, деган савол билан статистика сўраган эдим, ҳали беришгани йўқ. Одамлардан олган маълумотимга кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳужжатни янгилаш учун пул тўланар экан. Демак, бу ерда қандайдир манфаатлар бор, деган фикр келди. Иккинчи мантиқли савол ҳам бор: ўзи нега тўлов қилиш керак?

ID картани олиш учун тўлов қилинади, бу хизмат учун бўлади. Шу тўлов қилингач у ID карта қайсидир маънода фуқаронинг шахсий мулкига айланади. Тўғри, паспортда давлат мулки деб ёзилади, аммо бу ҳужжат дегани эмас, балки фуқаролик статусига нисбатан айтилади, менимча. Аммо ID картада бундай нарса ёзилмаган. Шундан келиб чиқиб савол туғиляпти. Дейлик, мен уни йўқотиб қўйсам, нега жарима тўлашим керак, ишлаб чиқариш харажатларини тўлаганман-ку? Яна қайта оладиган бўлсам, бу сафар ҳам фақат ишлаб чиқариш харажатларини тўлашим керак, бу тўғри. Лекин нега бу маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўрилиши керак?”– деди у.

Ғаниевнинг қўшимча қилишича, банк пластик карталари билан боғлиқ ҳолатда ҳам янги карточка учун фақат ишлаб чиқариш харажатлари қопланади, аммо қўшимча равишда жарима ундирилмайди. Фуқаролик ҳужжати йўқотилган тақдирда унга жарима қўлланиши ёки жариманинг оширилишида мантиқ йўқлиги айтилди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам депутатнинг фикрларини қўллаган ҳолда, қонун лойиҳасининг ташаббускорлари юқоридаги бандни асослаб бериши кераклигини таъкидлади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси билан боғлиқ ҳам шунга ўхшаш вазият бўлганди, кейин бекор қилишди. Нима деб асослашаётгани қизиқ. Бир қарашда, мен учун ҳам мантиқсиз кўриняпти.

ID картани йўқотса, ишлаб чиқариш пулини тўлаши тўғри. Лекин давлат нега ўз фуқаросини жаримага тортиши керак бундай ҳолатда? Нега йўқотган фуқарога ҳуқуқбузар мақоми берилиши керак? Дейлик, таксида тушириб қолдиргани, тушириб қўйгани учун ҳуқуқбузарми? Жамиятга зиён келтирадиган нима иш қилди? Шуларни бизга тушунтириб беришса, яхши бўларди. Ҳозирча фикрим шу, давлат фуқаросини ҳуқуқбузар деётганда нима қилаётганини ўйлаб кўриши керак”,– деди у.

Ҳозирча Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг биринчи ўқишида қабул қилинди. Фракция йиғилишида иккинчи ўқишгача камчиликлар бартараф этилиши, эътирозлар инобатга олиниши ваъда қилинди.

Мавзуга оид