Ўзбекистон | 11:41 / 05.07.2023
4358
2 дақиқада ўқилади

Мурувват уйидаги кўп йилдан бери ҳужжатсиз қолаётган ногирон аёлларга ID карта расмийлаштириб берилди

Аёллар бунгача ушбу масала юзасидан кўп идораларга  мурожаат қилишган. Аммо бу мурожаатлардан ҳеч қандай натижа бўлмаган.

Фото: Zo‘r TV

Бухоро Мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида салкам 35 йилдан буён ушбу яшаб келаётган 5 нафар аёлнинг на туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва на шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлган. Аёлларнинг шу кунга қадар шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиш масаласи бир неча маротаба кўтарилган бўлса-да ижобий натижа бўлмаган.

Аниқланишича, имконияти чекланган ушбу шахслар 1995 йилларда тиббий варақа орқали Мурувват уйига қабул қилинган. Мазкур масала Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили назоратига олинди. 6 ойлик ўрганишлардан сўнг ФҲДЁ органлари ушбу аёлларнинг туғилганлик фактини белгилаш учун ҳужжатлар етарли бўлмагани сабаб шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш масаласини кўриб чиқишни рад этди. Шундан сўнг ногиронлиги сабаб уларнинг лаёқатсизлиги ҳисобга олиниб, омбудсман томонидан фуқароликни белгилашни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига ариза киритилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизматига кўра, мазкур масала Мурувват уйида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд томонидан 5 нафар фуқаро манфаатида киритилган омбудсман аризаси тўлиқ қаноатлантирилди. Барча тегишли ҳужжатлар асосида фуқароларга ID карталар расмийлаштирилди ва эгаларига топширилди.

Мавзуга оид