Жамият | 13:58 / 22.04.2022
24852
2 дақиқада ўқилади

Никоҳни қайд этишдаги 1 ойлик муддат бекор қилиниши мумкин

Амалиётда никоҳни қайд қилишнинг 1 ойлик муддатини қисқартириш учун сохта тиббий маълумотномалар тақдим этиш, ортиқча қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатлар кузатилган.

Фото: KUN.UZ

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Унда никоҳдан ўтиш учун ариза берилганидан сўнг 1 ой кутиш тартибини бекор қилиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтгандан сўнг 1 ойлик муддатни кутмасдан никоҳини расмийлаштириши мумкин бўлади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, никоҳланувчи шахслар ФҲДЁга ариза берганидан вақтдан бошлаб 1 ой ўтгач никоҳи қайд қилиниши белгиланган. Бу вақтда никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтган бўлиши лозим.

Алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги, хизмат сафари каби узрли сабаблар бўлганда 1 ойлик муддат қисқартирилган ҳолда никоҳни қайд қилишга рухсат берилган.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, амалиётда никоҳни қайд қилишнинг 1 ойлик муддатини қисқартириш учун айрим фуқаролар ФҲДЁ органларига сохта тиббий маълумотномалар тақдим этиш, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида ортиқча қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўйиш каби салбий ҳолатлар кузатиб келинган.

Таҳлилларга кўра, никоҳни қайд қилиш учун 2021 йилда 300 мингдан ортиқ, 2022 йилнинг 1-чорагида 45 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, ариза топширилган вақтдан бошлаб бир ойлик муддатда аризаларни қайтариб олиш юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган.

Вазирликнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўяди, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатларни бартараф этади, оталикни белгилаш каби ортиқча қийинчиликларнинг олдини олади.

Мавзуга оид