19:28 / 17.05.2022
12129

«Анатомик театр»дан «омон чиққан» жамоа мавсум финалига йўл олди

Жанубий Африка олмос конидаги узоқ йиллик ўғрилик қандай содир этилган? Нега вьетнамликлар конуссимон бош кийим кияди? 50-йилларда қулфли музлаткичлар нима мақсадда ишлатилган? “Заковат” телеўйини баҳорги мавсуми 5-ўйини тафсилотлари билан танишинг.

Баҳорги мавсумнинг сўнгги ўйинида янги ташкил этилган Аббос Салайдинов жамоаси иштирок этди. Асосан ёш билимдонлардан иборат бўлган янги жамоанинг ўйинини мухлислар ҳам билимдонлар ҳам катта қизиқиш билан кутиб юргани шубҳасиз.

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

  • Муҳиддин Усмонов - муҳандис;
  • Бобур Максимов - ҳуқуқшунос;
  • Аббос Салайдинов - ҳуқуқшунос (жамоа сардори);
  • Темурбек Турсунқулов - Тошкент тиббиёт академияси магистранти;
  • Соҳиб Жонтоев - бухгалтер;
  • Муҳаммадхўжа Аҳмедов - Ўзбек тили ва адабиёти университети 4-босқич талабаси.

Жамоанинг ўйинларга чанқоқлиги илк раунддаёқ сезилиб турди. Ўзгача иштиёқ билан ўйинни бошлаган жамоа 1-раунд саволини илк сонияларданоқ топиб қўйди. Германиядаги ўзига хос театр ҳақидаги савол билимдонларга илк очкони келтирди.

2-раундда махсус қурилмадан қайси спортчилар фойдаланиши ҳақидаги савол ўйналди. Муҳокаманинг асосий қисмида нотўғри вариант атрофида айланган жамоа сўнгги сонияларда тўғри вариантни танлай олди. Бу раунднинг олинишида жамоадаги энг тажрибали билимдон Соҳиб Жонтоевнинг ҳиссаси катта бўлди. Ҳисоб – 2:0.

3-раунд саволи Худойберди Тўхтабоев асарида таъриф берилган бир «мамлакат» ҳақида бўлди. Аммо жамоа ушбу саволда тўғри жавобнинг яқинига ҳам йўламади. Балки ёзувчининг ким экани саволда айтилганида муҳокама янада жонлироқ бўлармиди. Шу тариқа, мухлислар илк очкони қўлга киритди. Ҳисоб – 2:1.

Навбатдаги раундда ҳам жамоанинг ишлари юришмади. Вьетнамлик деҳқонлар бош кийими нега конуссимон қилиб ишлангани ҳақидаги саволга нотўғри жавоб берилиши натижасида ҳисоб 2:2 кўринишига келди.

5-раундга келиб яна жамоа ҳисобда олдинга ўтиб олди. Жанубий Африка олмос конидаги ўғрилик ҳақидаги саволга экран ўйини дебютанти Бобур Максимов тўғри жавоб берди. Ҳисоб – 3:2.

Кейинги раундда биринчи жаҳон уруши даврида япон аскарларининг оёқ кийимлари ўғирланишига қандай чек қўйилгани ҳақидаги савол жамоани қийнаб қўйди. Муҳокамада тўғри вариант янграган бўлса-да, жамоа бу вариантга жиддий эътибор қаратмагани натижасида навбатдаги очко бой берилди. Ҳисоб яна тенглашди – 3:3.

7-раунд саволи жамоага қулай бўлиб чиқди. Қизғин муҳокамалар остида бўлиб ўтган раундда жамоа ҳисобни ўз томонига оғдирди – 4:3.

Ўйин том маънода билимдонлар ва мухлислар ўртасидаги қувлашмачоққа айланди. 8-раундда мухлислар яна билимдонларга етиб олди. Қулфли музлаткичлар ҳақидаги савол ўйиндаги қийин саволлардан бири бўлди. Ушбу саволни олишга жамоанинг билими ва тажрибаси етмади. Ҳисоб – 4:4.

Энди жамоани фақатгина вабанк финалга олиб чиқиши мумкин. Вабанкка етиб борганда ҳам ютиш керак, бошқача ҳолатда мавсум финалига Фаррух Рафиқов жамоаси (6:3 ҳисобида ғалаба қозонган) йўл олади.

Ўйинни бироз бўшаштирган жамоа 9-раундга келиб илк бор мухлисларнинг олдинга ўтиб олишига йўл қўйиб берди. Жамоа адабий персонажлар мавзусидаги блицнинг илк саволидаёқ қоқилди. Ҳисоб – 4:5.

10-раундни билимдонлар таҳликали ҳисоб билан бошлади. Эндиги саволга жавоб топилмаса, финал тугул вабанк ҳам орзуга айланади.

Баҳс-мунозаралар билан ўтган раунд якунида жамоада яхши вариант бор бўлса-да, клуб ёрдамини олиш зарар қилмасди. Шу сабабли, ҳар эҳтимолга қарши клубга мурожаат қилинди. Клуб тўғри йўл кўрсатиб, жамоадаги вариант тўғрилигини тасдиқлади. Ҳисоб – 5:5.

Ўйиндан олдин жамоа финалга чиқиш учун вабанкка мурожаат қилиши эҳтимоли катта эди. Шундай бўлди ҳам. Янги жамоа илк ўйинидаёқ ўзини вабанкдек жиддий синовга рўпара қилди.

Йигитлар Бобур Максимовга ишонч билдириб, ўйин столини тарк этди.

11-раунд. Ғоят ҳаяжонли дақиқалар. Энди Бобур Максимов саволга тўғри жавоб берса, 6:0 ҳисобида ғалаба қозонади, акс ҳолда эса 0:6 ҳисобида ютқазади.

Бир гуруҳ рассомлар нега кийик суратини чизаётгани ҳақидаги расмли савол Бобур Максимов учун таниш маълумот бўлиб чиқди ва ушбу саволга ўйлаб ўтирмасдан жавоб берди. Билимдоннинг жавоби тўғри бўлиб чиқди ва жамоа 6:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Чиройли ўйин ва ажойиб натижа!

Шу тарзда янги жамоа кутилмаганда тажрибали рақибларини ортда қолдириб, баҳорги мавсум финалига йўл олди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

12-раунд. Савол муаллифи - Азизхўжа Баҳодирхўжаев, Бахмал тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Сиз экранда кўриб турган театрни 1884 йилда германиялик Густав Нойберг қурдирган. Кейинчалик бошқа жойларда ҳам бу каби театрлар қурила бошланган.

Диққат савол: Ушбу театрнинг номи нима бўлган?

Жавобни Темурбек Турсунқулов беради: Тиббиёт ходими бўлганим учун ҳам шу нарсани ўйлаб кўришга ҳаракат қилдик. Тахминимизча анатомик театрлар мавжуд. Ҳозирги кунда ҳам кўп. Балки биринчи анатомик театрлардан бири мана шу кўриб турган театримиздир.

Тўғри жавоб: Бу жой айнан театр деб номланади. Густав Нойберг жарроҳ бўлган, пастда профессорлар беморларни операция қилишган, тепада талабалар, журналистлар ва беморнинг яқинлари томоша қилишади. Бу театрнинг номи жарроҳлик театри.

Ҳисоб: 1:0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи - Ҳусниддин Тўхтаев, Вобкент тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Сиз бу суратда бир спорт вакилларини тайёрлашда ишлатиладиган аксессуарни кўриб турибсиз. Бу спортчиларни чиниқтириш учун ишлатилади. Улар бундан фойдаланишади.

Диққат савол: Суратни яхшилаб кузатинг ва айтинг! Қайси спортчилар ва қандай спортда ишлатилади?

Жавобни Соҳиб Жонтоев беради: Бу саволга югурувчилар варианти келганди, машғулотда ичига қум солиб югурса, спорт ўйинлари пайтида уни олиб ташлаб югуриши керак эди, лекин бундай қилса қум тўкилиб кетиб қолар экан. Шунинг учун жавобим сузувчилар. Машғулот пайти шуни тақиб сузади, сув кириб унга қаршилик кўрсатиши мумкин, шунда у кўпроқ ҳаракат қилади, ҳақиқий спорт ўйини пайти уни ечиб ташлаб сузганда осон бўлади.

Тўғри жавоб: Машғулотда оғир бўлса, жангда осон бўлади. Сузувчи буни белига маҳкам тақиб машқ қила бошлайди, Сузган сари косачалар сувга тўлиб қаршилик кўрсатади.

Ҳисоб: 2:0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи - Асадбек Маҳмудов, Риштон тумани.

Бошловчи: Бир машҳур ўзбек адибининг бир асарида қуйидаги таъриф берилган: "Тоғ-у тошлар бора бора чўкиши, дарё-ю кўллар қуриши, ям-яшил ўрмонлар ўтинлар уюмига айланиши, зўравонлик билан пайдо бўлган давлатлар емирилиши мумкин. Лекин шундай бир салтанат борки у зинҳор завол кўрмайди. Синалган қонун қоида асосида яшайверади".

Диққат савол: Замон, макон, ирқ, дин, жинс танламас бу қандай салтанат?

Жавобни Бобур Максимов беради: Бизнинг жамоамиз фикрича бу ўлим салтанати, яъни қабристон.

Тўғри жавоб: Марҳум Худойберди Тўхтабоевнинг "Мунгли кўзлар" асаридан олинган ушбу парчада, бу таърифни болаликка берган. 

Ҳисоб: 2:1

Савол муаллифи Асадбек Маҳмудов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди‌‌.

4-раунд. Савол муаллифи - Дилмурод Мирзаалиев, Чортоқ тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Вьетнамлик оддий қишлоқ аҳолиси киядиган махсус қалпоқ сурати. Маҳаллий деҳқонлар гарчи бироз ноқулай бўлса ҳам уни бошдан қўйишмайди.

Диққат савол: Бу бош кийимлар нега уларга керак?

Жавобни Бобур Максимов беради: Бош кийимнинг шаклини кўриб турибмиз, нимадир тушса ўрнашиб қолмайди, ерга тушиб кетади. Вьетнамда дарахт кўп, илонлар асосан дарахтда яшади. Агар шу илонлар тушса у одамни чақмасдан пастга тушиб кетиши учун, деб ўйладик.

Тўғри жавоб: Дарахтлар деганингизда мақсадга анча яқин келдингиз деб ўйлаб тургандим. Тропик мамлакатларда дарахтларда йирик-йирик мевалар ўсади. Кокос каби мевалар агар бошингизга тушса, тўппа-тўғри асфаласофилинга кетиш мумкин. Бу бош кийимлар атайлаб шундай қилинган ва пишиқ материаллардан тайёрланишига сабаб бошга тушадиган оғир мевалардан сақлайди.

Ҳисоб: 2:2

Савол муаллифи Дилмурод Мирзаалиев 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди‌‌.

5-раунд. Савол муаллифи - Даврон Тоғаев, Нарпай тумани.

Бошловчи: Жанубий Африка Республикасида йирик олмос конларидан бирида, 1970 йилда доимо ўғрилик қилиб юрган бир инсон қўлга олинади. Шундан сўнг ишчиларни фақат чиқаётганда эмас, кираётганда ҳам текшириш бошланади.

Диққат савол: Бир дақиқадан кейин йигит нима билан ўғрилик қилганини топинг.

Жавобни Бобур Максимов беради: Фикримизча, одамлар келишида ўзи билан кабутар ёки шунга ўхшаш қуш олиб киришни назорат қилган, яъни улар қушни олиб киргандан кейин олмосни ўғирлаб, бирор идишга солиб, қушни оёғига боғлаб учирворган ўзининг уйига. Шу орқали ўғрилик қилган бўлиши мумкин.

Тўғри жавоб: У ўзи билан ички чўнтагига беркитиб ҳар гал кабутар олиб кирган. У ердан олмосни олиб, қушнинг оёғига боғлаб учириб юборган.

Ҳисоб: 3:2

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи - Шерзод Тоғаймуродов, Сариосиё тумани.

Бошловчи: Милитаристик Япония ҳукмронлик даврида ҳарбийлар армиядан қурол-аслаҳа, ҳарбий кийим-кечак, хуллас нима қўлга илинса ўғирлашган экан. Фақат пойабзаллардан ташқари.

Диққат савол: Нега оёқ кийимларни ўғирлашмаган?

Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: Тахмин қилиб кўрамиз, балки оёқ кийимига давлат рамзлари туширилган бўлса, ўғирлаб кетиш мумкин бўлмаган. Муқаддас нарса тасвири бўлса, ўғирлаб кетсак шаънимизга тўғри келмайди, деб ўйлашгандир.

Тўғри жавоб: Милитаристик Япония ҳукмронлиги даврида ҳарбийлар кийимлари, оёқ кийимлари айниқса жуда қадрланган, Шунинг учун улар ўнг пойини бошқа жойда сақлашган, чап пой пойабзални эса бошқа жойда сақлашга мажбур бўлишган. Бу ўғриликларнинг олдини олган.

Ҳисоб: 3:3

Савол муаллифи Шерзод Тоғаймуродов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди‌‌.

7-раунд. Савол муаллифи - Суннатилла Расулов, Каттақўрғон тумани.

Бошловчи: Қадимги ҳинд шоири Кабир унга қуйидагича таъриф берган:

"У бирдан донишмандга айланиб олди.

Уй беришди, овқати мўл, қорни тўқ.

Барчага тўхтовсиз сабоқ берса ҳам,

ўзининг арзирли фикри йўқ".

Польшалик шоир Юлиан Тувим эса:

- шаҳарнинг исталган ғийбатчиси ҳам унинг олдида ип эшолмайди, деган.

Диққат савол: Унинг нималигини топинг.

Жавобни Муҳиддин Усмонов беради: Фикримизча, шеърда тўтиқуш ҳақида гап кетяпти.

Тўғри жавоб: У бирдан донишмандга айланиб олди.

Уй беришди, овқати мўл, қорни тўқ.

Барчага тўхтовсиз сабоқ берса ҳам,

ўзининг арзирли фикри йўқ.

Албатта, бу қанақадир жонли нарса эканлиги маълум. Юлиан Тувим сизларга ёрдам учун берилдики, шаҳарнинг исталган ғийбатчиси ҳам унинг олдида ип эшолмайди, чунки у қулоғига кирган гани ҳаммага тортинмасдан баралла айтаверади. У тўтиқуш.

Ҳисоб: 4:3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи - Самандар Темиров, Нуробод тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Музлаткич. Ҳозирги музлаткичларда қулф ўрнатилганини кўрмаймиз. Аммо бундан 70-80-йиллар илгари баъзи музлаткичлар қулфли қилиб ишлаб чиқарилган.

Диққат савол: У музлаткичларни асосан кимлар сотиб олган?

Жавобни Аббос Салайдинов беради: Бундай музлаткичларни ёш болали оилалар олган, мақсад ичкарига боласи ўйнаб кириб қулфланиб қолмаслиги учун. Ота-она ишлатиб бўлганидан сўнг қулфлаб қўяди ва болалар кира олмайди.

Тўғри жавоб: ХХ аср 50-йилларидан кейин собиқ иттифоқда коммунал квартиралар қуриш бошланган. Ўша пайтда 4 хонали уйда 4 та оила яшаган. Бир-бирларидан озиқ-овқат ўғирлаш ҳолатлари рўй бергандан кейин қулфли музлаткичлар ишлаб чиқарилган.

Ҳисоб: 4:4

Савол муаллифи Самандар Темиров 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди‌‌.

9-раунд. Блитс. 1-савол муаллифи - Пардавой Умрзоқов, Оқолтин тумани.

Блитс мавзуси: Адабий персонажлар

1-савол:

Бошловчи: Марҳум ёзувчимиз Абдулла Орипов "Ўткан кунлар" романи асосий қаҳрамонлари Кумуш билан Отабек эмас, Юсуфбек ҳожи деганлар. Агар асарда бу мухташам образ бўлмаганида эди, асар оддий ишқий қиссага айланган бўлар эди, деб бир тарихий асарга таққослаганлар.

Диққат савол: Қайси асарга ўхшаб қолади деганлар?

Жавобни Аббос Салайдинов беради: Ромео ва Жулетта.

Тўғри жавоб: 1001 кеча, айнан 1001 кечага ўхшаш туюлиб қолмаслиги учун Юсуфбек ҳожидек файласуф киритилган.

Ҳисоб: 4:5

Савол муаллифи Пардавой Умрзоқов 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди‌‌.

10-раунд. Савол муаллифи - Зарифжон Алижонов, Ўзбекистон тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Суратдаги аёллар биринчи жаҳон уруши пайтида инсон боши ҳайкалларини ясашган. Шу ишлари туфайли уларга ҳақ тўланган. Қизиғи бу бош ҳайкаллари пишиқ қилиб ясалмаган. Бу томонда уруш, бу томонда эса аёллар ҳайкал ясашмоқда.

Диққат савол: Бу ҳайкалларни кимлар нима мақсадда ясаган?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Муҳаммадхўжа Аҳмедов беради: Бу ҳайкаллар траншеялардан чиқарилган ва бу ҳайкалларни нишонга олишган, кейин эса ўша ердаги офицерлар мерганлар қаерда ўтирганлигини аниқлашган. Мана шу ҳайкалга теккан ўқ траекторияси бўйича.

Тўғри жавоб: Кўриниши худди тирик одамга ўхшаганидан душман снайперларини чалғитиш ва уларнинг қаерда эканлигини аниқлаш учун ишлаб чиқарилган.

Ҳисоб: 5:5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Жамоа “Бор барака” ўйинини ўйнайди.

Ўйин қоидаси: Жамоада бир иштирокчи қолади. Жамоа саволга тўғри жавоб берса 660 ҳисобида ғалаба қозонади, акс ҳолда эса 066 ҳисобида ютқазади.

Ўйинда жамоадан Бобур Максимов қолади!

11-раунд. Савол муаллифи - Асадбек Ўринов, Элликқалъа тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Ушбу расмда рассомлар ўтиришибди, ўртадаги кийикнинг расмини чизиб ўтиришибди. Шунча рассом кийикни ўртага олиб, унинг суратини чизмоқда.

Диққат савол: Бир дақиқадан кейин рассомлар нега бу кийикни ўртага олиб расмини чизаётганлигини топиб беринг.

Жавобни Бобур Максимов беради: Адашмасам бу расмни аввал кўрганман интернет сайтларида, бу расмдаги рассомларнинг ҳаммаси Дисней компанияси рассомлари ва булар "Бемби" мултфилми учун кийик чизишяпти.

Тўғри жавоб: Дисней компанияси "Бемби" мултфилми учун рассомларга кийик чиздиришмоқда.

Ҳисоб: 6:0

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Суннатилла Расулов. У тўтиқуш ҳақидаги саволи учун 5 млн сўм пул мукофотига эга бўлди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Бобур Максимов. У 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Top