10:53 / 21.05.2022
14160

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши қачондан бошланиши маълум қилинди 

Қирғизистон ҳукумати кеча 2022-2026 йилларда темирйўл транспортини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тасдиқлади, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Виталий Тимкив / ТАСС

Маълумотга кўра, қарор нафақат темирйўл транспорти ва инфратузилмасини келажакда ривожлантириш ва яхшилаш учун шароит яратади, балки темирйўл орқали йўловчи ва юк ташиш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади.

– Темирйўл тармоғини ривожлантириш Вазирлар маҳкамасининг устувор йўналишларидан биридир. Кузда мустақиллигимиз тарихидаги энг йирик лойиҳа – Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон йўналиши бўйича темирйўл қурилишини бошлаш режалаштирилган. Бу лойиҳани қўллаб-қувватлаш зарур, – деди Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров йиғилишда.

Маълумот учун, 2019 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича техник-иқтисодий асос тайёрланганди

Россия техник-иқтисодий асосни тайёрлаш учун 200 миллион рубль (3 136 364 доллар) ажратган.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини қуриш ташаббуси 2000-йилларнинг бошларида эълон қилинганди, аммо ўша вақтдан бери бу нарса амалга оширилмади. 

2002 йилда Пекин келажакдаги тармоқнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқди ва унинг йўналишини аниқлади. Ўша ғояга кўра, йўл Торугарт довони орқали Арпадан ўтиб, Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига етиб бориши ҳамда у ердан Ўзбекистонга олиб бориши лозим эди. Унинг умумий узунлиги 268 километрни ташкил қилиши керак бўлган.

2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, уни амалга оширишнинг уч хил варианти ҳақида хабар берилганди. 

Top