11:28 / 28.05.2022
6924

5548 та маҳаллага янги, 2907 тасига эса амалдаги раислар сайланди – Танзила Норбоева

Маълум бўлишича, ҳозирга қадар республикадаги 9349 та маҳалладан 8464 тасида сайлов ўтказилган.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева XXVI ялпи мажлисда айни пайтда давом этаётган маҳалла раислигига сайловлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

“Бугунги кунгача мавжуд 9 349 та маҳалладан 8 464 тасида (90,5%) сайловлар ўтказилди. 22 311 нафар тавсия этилган номзодлар учун овоз бериш жараёнида 1,8 млн.дан ортиқ фуқаролар вакиллари иштирок этди. Бўлиб ўтган сайловларда 8 455 нафар (90,4%) маҳалла раиси сайланди (битта маҳалла раислигига салкам 3 нафардан номзод тўғри келди).

Сайланган раисларнинг 5 548 нафари (65,6 фоиз) биринчи маротаба, 2 907 нафари (34,4 фоиз) амалдаги раисларни ташкил этади. Уларнинг 981 нафари (11,6 фоиз) аёллардан, 260 нафари (3,1 фоиз) маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат. Маҳалла раисларининг касби жиҳатидан таркибига келадиган бўлсак, бунда ўқитувчилар улуши (33,1 фоиз) нисбатан кўпчиликни ташкил этмоқда.

Бу йилги сайловлар билан боғлиқ алоҳида бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Тан олиш керак, авваллари маҳалла раиси сайловига одамларда қандайдир бефарқлик кайфияти бор эди. Нега деганда уларда арзимаган муаммони ҳам ҳал этишга на ваколат, на имконият бўлган. Ҳозир уларга ваколат ҳам, керак бўлса маблағ ҳам ажратиляпти. Буни аҳоли тушуниб, номзодларга нисбатан талабчанлик билан муносабат билдирмоқда”, дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Аввалроқ маҳалла раислигига ўтказилаётган сайловнинг биринчи кунида 52 фоиз амалдаги раислар ғалаба қозонгани ҳақида хабар берилганди.

Қонунчиликка кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар:

  • Ўзбекистон фуқароси бўлиши;
  • қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши;
  • бевосита сайловга қадар камида 5 йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши;
  • ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.
Top