08:16 / 28.05.2022
12917

Коммунал хизматларни тўлаш бўйича компенсация тўловларини амалга ошириш тартиби эълон қилинди

Молия вазирининг “Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасига кўра, 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида ойлик компенсация олувчилари ҳисобланади.

Қуйидагилар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида ойлик компенсация олувчилари ҳисобланади:

а) қонунчиликка мувофиқ 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

б) ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсия ёки нафақа олувчи шахслар;

в) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва “Слава” орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

г) фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;

д) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган шахслар;

е) кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

ж) Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган шахслар;

з) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

Пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 25 фоизи миқдорида ойлик компенсация олувчилари деб 1941–1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронтининг қатнашчилари ҳисобланади.
 
Компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, уларнинг пенсия ёки нафақа олиши (олмаслиги) ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши (бормаслигидан) қатъи назар компенсация олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали тайинланади ҳамда пенсия ва нафақалар тўланадиган тартиб ва муддатларда тўланади.

Бунда давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи пенсионерларга компенсациялар пенсия тайинланган ташкилот орқали тайинланади ҳамда пенсия ва нафақалар тўланадиган тартиб ва муддатларда тўланади.

Бир неча асосга кўра компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга уларнинг танлови бўйича энг кўп миқдордаги битта компенсация тайинланади ва тўланади.

Top