Жамият | 10:57 / 29.05.2022
14264
2 дақиқада ўқилади

Диагностик тест хизмати тўхтатилади

2022 йил январ ойидан абитуриентларнинг билимини синовдан ўтказиш, тест материаллари билан ишлаш кўникмасига эга бўлиши учун Давлат тест маркази ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари форматидаги диагностик тест хизматини йўлга қўйганди. 

ДТМ хабарига кўра, олийгоҳларга кириш учун ўтказиладиган тест синовларига қисқа муддат қолгани сабабли бу хизмат тўхтатилади. my.dtm.uz сайти орқали диагностик тест материалларига буюртмаларни қабул қилиш 30 май куни 10:00 да якунланади.

Бунда e-DTM тизими ишлашда давом этади ва талабгорлар @e_dtm_bot телеграм боти орқали тест материалларига онлайн буюртма беришлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, кириш имтиҳони ўтказилаётган йилдан олдинги йилларда мактаб, коллеж, лицейни тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун БҲМнинг ярим баравари (1-июндан 150 минг сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Ўқишни тест ўтказилаётган йили тугатган битирувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар ва меҳрибонлик уйлари болалари, болалар шаҳарчаси битирувчиларидан бундай тўлов ундирилмайди.

Президент фармонига кўра, 2022 йилдан тўлов ундирилмайдиган абитуриентлар тоифаси яна иккитага кўпайган. Яъни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари, қолаверса, «Ёшлар дафтари»га кирган ёшлар ҳам имтиҳон учун пул тўлашмайди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид