12:37 / 31.05.2022
45423

Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети бўйича келишувга эришилди

Европа иттифоқи мамлакатлари душанба куни кечқурун ниҳоят Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети бўйича келишувга эришишди. Унга кўра, Россия нефтига қисман эмбарго қўйиш ва «Сбербанк»ни SWIFT тизимидан узиш кўзда тутилган.

Фото: AFP

«Россия нефтининг ЕИга экспортини тақиқлаш бўйича келишув Россиядан нефт импортининг учдан икки қисмини қамраб олади, бу унинг ҳарбий машинасининг молиялаштирилиш манбаси кескин қисқаришини англатади. Бу урушни тўхтатиш мақсадида Россияга максимал босим бўлади», дея ёзган Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел твиттердаги саҳифасида.

Аниқроқ айтганда, денгиз орқали етказиб бериладиган нефт санкциялар остига тушган. ЕИ ҳозирча «Дружба» қувури орқали нефт импортини сақлаб қолишга қарор қилган, бу истисно ушбу қувур орқали нефт импорт қиладиган Венгрия талаби билан юзага келган. Айнан ушбу давлат сўнгги ой давомида Россия маҳсулотларига тўлиқ эмбарго қўйишга қаттиқ қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Шарл Мишел якуний матбуот анжуманида Россиядан нефт импорти қуруқликдаги қувурлар орқали давом этиши ҳақидаги қарор вақтинча муроса эканини маълум қилган. Венгрия ва «Дружба» қувури орқали нефт импорт қилувчи давлатлар келгусида муқобил каналларни топиши керак бўлади.

Маълумот учун, кунига қарийб 2,3 млн баррел Россия хомашёси қувур ва портлар орқали ғарбга йўналтирилади. Бу тақиқдан кейин Россия ҳукумати йилига 10 млрд долларгача экспорт даромадини йўқотади.

Тақиқ Россияни ўз нефтини Осиёга чегирма билан сотишга мажбур қилади, у ерда нефть Brent фьючерслари нархидан (бир баррел учун) 34 долларга арзонроқ.

Пакет, шунингдек, нефтни учинчи мамлакатга ташиш билан боғлиқ суғуртани тақиқлашни таклиф қилади. Аммо бу чора-тадбирлар қабул қилинганидан сўнг (олти ой ўтгач) илгари таклиф қилинган уч ойликдан кейин кучга киради.

ЕИ етакчилари Россиянинг йирик банки ҳисобланган «Сбербанк»ни SWIFT банклараро тўлов тизимидан узиш ва яна учта Россия давлат телеканалининг фаолиятини иттифоқ ҳудудида тақиқлаш бўйича келишувга эришган.

«Санкцияларнинг бу пакети бошқа қатъий чораларни ҳам ўз ичига олади: Россиянинг йирик «Сбербанк»ини SWIFT’дан узиш, россияликларнинг яна учта давлат телеканалига тақиқ қўйиш ва Украинадаги ҳарбий жиноятлар учун масъул бўлган шахсларга санкциялар қўллаш», дея ёзган у твиттерида.

Санкцияларнинг олтинчи пакети ташаббускори бўлган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен душанба куни кечқурун Евроиттифоқ йил охирига қадар Россиядан нефт импортининг 90 фоизидан воз кечишга умид қилаётганини билдирди.

У шунингдек музокаралар якунлари бўйича ЕИ Украинага жорий ликвидлик эҳтиёжларини қоплаш учун 9 млрд евро миқдорида ёрдам бериш устида ишлаётганини айтиб ўтди.

Аввалроқ бу ёрдамнинг бир қисми грантлар кўринишида, яна бир қисми имтиёзли кредитлар кўринишида тақдим этилиши хабар қилинганди. Ҳозирча бу қандай нисбатда (қанча қисми грант ва қанча қисми кредитлиги) бўлиши, ЕИ дастурни қайси манбалардан молиялаштириши ҳақида маълум эмас.

Душанба куни ОАВда Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи тўпламидан россияликлар учун Европа ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишни тақиқлаш ҳақидаги тақиқни олиб ташлашга қарор қилингани ҳақида хабар пайдо бўлди - Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, бундай чорадан Кипрнинг босими остида воз кечилган.

30 май куни қабул қилинган қарор ҳали техник процедурадан ўтиши керак, шундан кейин Европа иттифоқининг расмий журналида чоп этилади ва ўшанда кучга киради. Бу чоршанба куни рўй бериши кутилмоқда.

Венгриянинг позицияси

Виктор Орбан ЕИ саммитида нефт эмбаргоси муҳокама қилинишини ҳам истамаганди. Фото: Reuters

Венгрия бош вазири Виктор Орбан душанба куни Евроиттифоқнинг навбатдаги саммити олдидан журналистларга, Европа комиссияси, унинг фикрича, ЕИ мамлакатларига Россия нефти импортини тақиқлаш масаласига масъулиятсизлик билан ёндашаётганини айтди.

Орбаннинг сўзларига кўра, Еврокомиссия Россиядан энергия ресурсларини импорт қилишдан воз кечиш бўйича ЕИ мамлакатлари билан олдиндан келишиб олмаган, айнан шу туфайли Венгрия томонининг тақиқ бўйича кўплаб саволлари жавобсиз қолган.

«Энергетика - жиддий нарса. Биз аввалига қарор қилишимиз керак, шундан кейингина - санкциялар», деган у.

Ўтган ҳафтада Орбан Европа кенгаши раиси Шарл Мишелга мактуб йўллаган, унда Европа иттифоқи томонидан таклиф қилинган нефт эмбаргосини блок етакчилари саммитида муҳокама қилишни истамаслигини айтганди.

Венгрия ҳукумати Россия нефти импортига тақиқ қўйилишини мамлакат иқтисодиётига ядро бомбаси ташлашга тенглаштирганди.

Будапешт Россиядан нефт харид қилишдан воз кечиши учун Брюсселдан компенсация талаб қилмоқда.

Польша бош вазири Матеуш Моравецкий ЕИ саммити арафасида Россия нефти импортига эмбарго қўйишга қаршилик қилаётган Венгрия уни импорт қилишда давом этишдан фойда кўрмаслиги учун Европа иттифоқида нархларни тенглаштиришнинг қандайдир механизмини жорий этишни таклиф қилди.

Top