Ўзбекистон | 20:39 / 01.06.2022
30888
4 дақиқада ўқилади

Биржада илк марта ун бўйича очиқ савдо ўтказилди

Биринчи кунда “Ўздонмаҳсулот” корхоналари 10 минг тонна 1-навли унни савдога қўйди, шундан 83 фоизи сотилди. Ўртача нарх – тоннасига 4,5 млн сўм. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бугун биржада шаклланган нархдаги ундан қолипли нон ишлаб чиқариш ва уни дўконларга етказиб беришнинг таннархи ўртача 2550 сўмга тушади.

Фото: Kun.uz

Бугун, 1 июн куни Республика товар-хомашё биржасида ун бўйича дастлабки очиқ биржа савдолари ўтказилди.

Биржа хабарига кўра, “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан бугунги биржа савдоларига 10,0 минг тонна 1-навли ун қўйилган ва улардан 8,3 минг тоннаси, яъни 83 фоизи сотилган.

“Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ уннинг ҳажми қарийб 1,7 минг тоннани ташкил этди. Яъни биржанинг ун бозорида таклиф етарли даражада бўлди”, дейилади хабарда.

Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра, 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 млн 497,8 минг сўмни ташкил қилган. Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 241,9 минг сўм)га нисбатан 6 фоизга ўсган.

Қўшимча қилинишича, ун бўйича ўтказилган биржа савдоларида жами 2 822 та харидор иштирок этган бўлиб, улардан 56 таси Тошкентда нон ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Бу корхоналар биржада жами 874 тонна 1-навли ун сотиб олган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, мутахассислар бугунги шаклланган нархлардан келиб чиқиб, ун нархи килоси 4291 сўм бўлганда, қолипли нон таннархини ҳам ҳисоблаб чиқишган.

Унга кўра, 1 июн кунги нархларга чақилганда битта буханка ишлаб чиқариш ва уни дўконларга етказиб беришнинг таннархи ўртача 2 550 сўмга тушмоқда.

Бу нархнинг ичида ун 1641 сўм, 4 сўмлик туз, 18 сўмлик ўсимлик ёғи, 38 сўмлик ачитқи, 37 сўм ун ташиш харажатларига тўғри келади. Қолгани – нонни пишириш учун газ, электр сарфи, ишчиларга тўланадиган иш ҳақи, нонни савдо дўконига етказиб бериш харажатлари, солиқлар ва корхона фойда нормаси.

“Эътибор беринг, бу ўртача шартли ҳисоб-китоблар. Нон комбинатларида технологияси ва энергия тежамкорлиги каби омиллар ҳисобига таннарх баландроқ ёки пастроқ бўлиши мумкин.

Бугун биржа платформаларида сотув ҳажми пайдо бўлиши билан улгуржи ун сотувчиларда ҳам ун таклифи кескин кўпайган”, – деди Бакиров.

Эслатиб ўтамиз, бугундан ҳукумат қолипли нон нархини эркин бозорга қўйиб юбормоқда. Ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтиляпти.

Май ойида бу ҳақда эълон қилган президент Шавкат Мирзиёев нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш эканини таъкидлаганди.

Аввалги йилларда етиштирган буғдойи учун фермерларга давлат тўлаган нархлар кўплаб ҳолатларда уларнинг ҳатто харажатларини ҳам қопламаган. Давлатга дон топшириш режасини бажарганига қарамай, ортиқча етиштирилган буғдой мажбуран тортиб олиниши бутун республикада одатий ҳолга айланган эди.

Ҳосил учун бозор нархида тўлов қилиниши шу каби ҳолатларга ҳам чек қўйиши, деҳқон ортиқча етиштирган ғалласини ҳам ихтиёрий равишда биржага чиқаришдан манфаатдор бўлиши айтилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид