Иқтисодиёт | 15:47 / 06.06.2022
29414
2 дақиқада ўқилади

Inditex Ўзбекистонга келяпти

Чакана кийим сотиш бўйича дунёнинг етакчи компанияси, йирик дўконлар тармоқлари эгаси бўлмиш Inditex вакиллари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан 6 июнь куни тўрт кунлик ташриф билан мамлакатимизга келди.

Мазкур испан компаниясининг Ижтимоий барқарорлик бўйича директорати вакилларининг ташрифи республикамиз тўқимачилик саноатини глобал ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш учун ташкил қилинди.

Ташриф давомида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш ва Ўзбекистондаги текстил соҳасидаги салоҳиятли компаниялар ва пахта-тўқимачилик кластерларига ташриф буюриш ҳамда шу орқали ишлаб чиқариш соҳасидаги ишчиларнинг меҳнат шароити, ишлаб чиқариш жараёнининг атроф-муҳитга ҳамда ушбу жараёнда қўлланиладиган кимёвий воситаларнинг истеъмолчига таъсирини ўрганиш кўзда тутилган. Ташриф якуни бўйича хулоса тайёрланади.

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Бугун, 6 июнь куни делегация аъзолари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб, республикамизда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, тўқимачилик саноатидаги ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумот олдилар.

Ташриф давомида Испания делегацияси бир қатор тўқмачилик корхоналарига бориб, тўқимачилик соҳасида олиб борилаётган фаолиятлари билан атрофлича танишиши кўзда тутилган.

Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Мавзуга оид