Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Визаларни соддалаштириш, тур-пакетларни муқобиллаштириш, ноқонуний миграцияни камайтириш: элчи ва тадбиркорлар учрашувида қандай масалалар кўтарилди?
Тошкентдаги “Hilton” меҳмонхонасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда меҳнат миграцияси, туризм, экспорт-импорт масалалари, хусусан, сертификатлаш, стандартлар, логистика, божхона ва виза олиш билан боғлиқ муаммолар тадбир кун тартиби марказида бўлди. Тадбирда маҳаллий тадбиркорлар 60 дан ортиқ хорижий давлатда фаолият юритаётган элчилар билан бевосита учрашиб, амалиётда дуч келаётган масалаларни муҳокама қилди.
Савдо-саноат палатаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган учрашув тўрт соатдан ортиқ давом этди. Бу вақт ичида тадбиркорлар ўз лойиҳалари, экспорт режалари ва инвестицияга оид саволларини элчиларга тўғридан тўғри йўллади. Тадбирда 12 соҳа бўйича 300 дан ортиқ тадбиркорлар жамланди.
“Президентнинг элчилар билан бўлиб ўтган учрашувида экспортни 40 миллиард доллар, туризм оқимини эса 20 миллионга етказиш, шунингдек, миграция масалалари кўтарилганди. Буларнинг барчасини реализация қилишда, албатта, элчиларнинг ёрдами керак. Шунинг учун биз улар билан тадбиркорларни боғлайдиган платформа ташкил этдик. Мутахассис сифатида таъкидлаш мумкинки, элчилар ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқот жуда муҳим. Бу тадбиркорларга ўз маҳсулотларини хорижий бозорга таништириш ва экспортни режалаштиришга кўмак беради. 2026 йилга мўлжаллаган режаларимизга кўра, енгил саноатга 4 миллиард, электротехникага 3 миллиард ва озиқ-овқат маҳсулотларига 5 миллиард доллар ажратилади. Маҳсулот турларига қараб ҳозирда қайси давлатларда қандай экспорт имкониятлари мавжудлигини аниқлаяпмиз. Умумий ҳисобда 10 дан ортиқ соҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда”, – дейди савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.
Муҳокамалар давомида экспорт-импорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан тўртта асосий таклиф илгари сурилди. Биринчиси, хорижий бозорларда талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича истеъмолчилар ва ҳамкорлар ҳақидаги маълумотларни жамлаган ягона база ишлаб чиқиш. Бу тадбиркорларга бозорни тез ва аниқ ўрганиш, қайси маҳсулотга талаб юқори эканини олдиндан билиш, рискларни камайтириш ва янги хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантириш имконини беради.
Иккинчиси, элчихоналар орқали экспорт учун зарур сертификатлар, ҳужжатлар ва расмийлаштириш тартибларини қамраб олган ягона ахборот платформасини шакллантириш. Бундай платформа тадбиркорларга экспорт жараёнини соддалаштириш, хатоликларни камайтириш ва маҳсулотни тегишли стандартларга мослаштиришда асқатади.
“Масалан, Ўзбекистоннинг агромаҳсулот экспорт қилувчи компаниялари Италияга товар етказиб бериш жараёнида қайси санитария сертификати ва божхона декларациясини тайёрлаш кераклигини олдиндан билиб, маҳсулот чегарада тўхтаб қолишининг олдини олди. Яна бир мисол, бошқа тадбиркоримиз озиқ-овқат маҳсулотларини Полша бозорига чиқаришда онлайн платформа орқали қандай стандарт талаблар ва сертификатлар талаб этилишини тўлиқ аниқлаган, натижада компания маҳсулотни бир неча марта қайта расмийлаштиришдан қутулган. Шу тарзда, ягона ахборот базаси тадбиркорларга экспорт жараёнида вақт ва ресурсларни тежаш, хатоликларни камайтириш ва янги бозорларга муваффақиятли киришга ёрдам беради”, – дейди озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов.
Учинчи муҳим масала – элчихоналар тавсияси. Тадбиркорлар элчихоналарнинг расмий тавсияси орқали Европа ва бошқа бозорларда ишонч қозониш мумкинлигини таъкидлади.
“Элчихоналар давлатларнинг расмий вакили ҳисобланади ва уларнинг тавсияси Европа ёки бошқа глобал бозорларда бизнес учун катта аҳамият касб этади. Масалан, Ўзбекистондан агромаҳсулот экспорт қилувчи компания Италиядаги йирик корхоналардан бири билан узоқ вақт алоқа ўрната олмаётганди. Бироқ тегишли ташкилот орқали берилган расмий тавсиядан сўнг, компания қисқа вақт ичида музокараларни бошлаб, контракт имзолади ва ҳозирда ушбу бозорга катта ҳажмда маҳсулот етказиб бермоқда. Бу аниқ мисол элчихоналар томонидан бизнесга бериладиган тавсиялар нақадар самарали эканини кўрсатади”, – дейди IBT компанияси асосчиси Шуҳрат Эргашев.
Тўртинчи йўналиш экспортёрлар учун хорижий бозорларда илғор тажрибаларни ўрганиш, бенчмаркинг ва тренинглар ташкил этишдир. Бундай формат тадбиркорларга маҳсулотларини халқаро стандартларга мослаштириш, энг яхши амалиётларни ўзлаштириш ва экспорт жараёнида хатоликларни камайтириш имконини беради.
Мавзуга оид
19:44 / 22.10.2025
“Қашқадарёда иш берувчилар ва ишчиларнинг қўнимсизлиги энг катта муаммо” – Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов
17:18 / 13.08.2025
“Қурувчи таннархидан эмас, бюджетга тўлайдиган солиғидан чегирма қилиб беряпти” – ССП раиси
15:19 / 07.07.2025
Ўзбекистон-Покистон қўшма Савдо-саноат палатаси тузилади
22:20 / 11.02.2025