10:10 / 08.06.2022
17976

Иқлим исиши сабаб йўқолиб кетиш хавфидаги илк мамлакат – Маршалл ороллари хавотири ҳаммага тегишлими?

Тинч океанида жойлашган Маршалл ороллари денгиз сатҳи кўтарилиши сабаб сув остида қолиши мумкин. Мамлакатнинг 60 минг аҳолиси бор, гарчи сон жиҳатдан кўп бўлмаса-да, улар миллат сифатида йўқ бўлиб кетишдан хавотирда.

Иқлим исиши сабаб дунё турли кўринишда жабр чекмоқда. Сув тошқинлари, ноодатий ўрмон ёнғинлари, чанг бўронлари кузатилмоқда. Лекин энг катта хавф – орол давлатларда яшовчи халқлар гарданида, улар кўпроқ жабр чекмоқда. Маршалл ороллари – шундайлардан бири.

Океан қуршовидаги давлат

Маршал ороллари – Тинч океанининг шимолидаги давлат, Австралия ва Гавайи ороллари ўртасида жойлашган. 1,156 та кичик ороллардан ташкил топган, атиги 182 км квадрат қуруқлик ер майдонини эгаллаган. Бу ерда 60 минг атрофидаги аҳоли яшайди.

 

Маршалл ороллари конституцияси фуқароларига ерга эгалик ҳуқуқини беради. Бироқ мамлакатнинг нисбатан пасттекисликда жойлашган ҳудудларининг сув остида қолиш хавфи ортиб бормоқда.

Тинч океанининг Тувалу ва Кирибати ҳамда Ҳинд океанининг Малдив ороллари билан бир қаторда Маршалл ҳам ороллар туркумидан иборат тўрт давлатдан бири ҳисобланади. Бу орол давлатларининг ҳар бирининг ўзига хос маданияти, яшаш шароити мавжуд, улар сувга мослашиб яшашга ўрганган. Лекин узоқ йиллик мослашув ҳам сув остида қолиш хавфи аниқлашгани сари бирор фойда бериши қийин.

Йўқ бўлиб кетиш хавфи

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Маршалл пойтахти Мажурода мавжуд биноларнинг 40 фоизи доимий сув остида қолиши мумкин. Шаҳарнинг 96 фоизини эса иқлим ўзгариши сабаб тез-тез кузатиладиган сув тошқинлари кутяпти.

Тадқиқот денгиз суви сатҳининг 0,5, 1, 2 метргача кўтарилиши Маршаллга қандай таъсир қилишини ўрганган. Агар мослашув дастурлари амалга оширилмаса, денгиз сатҳи 1 метргача кўтарилиб, Мажуро шаҳрининг 37 фоиз бинолари сув остида қолиши мумкин. Эбейе шаҳрининг эса ярмидан кўпи сув остида қолиш эҳтимоли бор.

Иложсиз қолаётган маршалликлар

Сув сатҳи кўтарилиб тошқинлар сони ошиши энг аввало балиқчилик билан шуғулланувчилар ва аграр соҳада ишлаётган одамларни қийнаб қўяди. Улар Маршалл оролларининг шаҳар қисмларига кўчишларига ёки бутунлай ўз мамлакатларини тарк этишларига тўғри келади. Маршалликлар учун миграция қилиш мумкин бўлган энг биринчи давлат – АҚШ, бу ерда 27 минг атрофида маршаллик яшайди.

Агар ҳозир дунё бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодий имкониятлар четга миграция қилишнинг асосий сабаблари бўлса, келажакда иқлим стресслари ҳам хорижга кўчиш учун биринчи сабаблардан бирига айланиши мумкин. Буни Маршалл ороллари яққол кўрсатяпти.

Ҳозирги прогнозлар доимий миграция натижасида 2050 йилга бориб орол аҳолиси камайиб кетишини кўрсатади.

Маршалл оролларининг аҳоли қайта қўним топиши мумкин бўлган баланд нуқталари ва тепаликлари ҳам бор. Бироқ ҳудуд 1979 йилгача АҚШ назорати остида бўлган ва чекиниш мумкин бўлган нуқта Бикини оролида атом қуроллари тажрибалари ўтказилгани сабаб ҳаёт учун хавфли ҳисобланади.

Маршалл ороллари аҳолисининг маданияти ва миллатга хос хусусиятлари яшаш ҳудуди билан шунчалик боғланганки, аҳоли ўзини ҳудуддан айри яшаш ўзлигидан узилиб қолишга сабаб бўлади деб ҳисоблайди.

Қутулиш мумкинми?

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, агар кейинги 100 йил ичида денгиз сатҳи ярим метр кўтарилса, унда оролда ҳаётни сақлаб қолиш учун турли мослашув дастурларини ишга тушириш мумкин. Бироқ 1 метр кўтарилса, бундай мослашув дастурлари жуда катта куч талаб қилади, натижа эса яхши бўлмаслиги эҳтимоли юқори. Агар денгиз 2 метр кўтарилса, унда оролликларнинг бошқа орол давлатлари ёки халқаро миграциядан бошқа танловлари қолмайди.

 

Маршалл оролларининг собиқ ташқи ишлар вазири Тони Де Брум “Агар менинг мамлакатимни ҳалокатдан сақлаб қолсак, дунёни қутқарган бўламиз”, деган эди. Бундан тушуниш мумкинки, Маршалл оролларини ямлаб бораётган иқлим хавфи фақатгина шу оролга эмас, балки бутун дунёга тегишли, фақатгина чизиқ бошида Маршалл турибди, холос.

Денгиз сатҳи нега кўтариляпти?

Глобал денгиз сатҳи 1900 йилдан бери 17-18 сантиметр кўтарилган ва кўтарилишда давом этяпти. Бу қирғоқбўйи давлатлар ва кичик орол давлатларда тошқин, бўрон каби экстремал табиат ҳодисаларини кўпайтириши мумкин. Агар музларнинг эриши секинлашмаса, денгиз сатҳи 2100 йилга бориб, 71 сантиметрга кўтарилиши мумкин.

Дунё бўйича эса аҳолининг маълум қисми қирғоқбўйи ҳудудларда яшайди. Маълумотларга кўра, йирик шаҳарларнинг ҳар 10 тадан 8 таси соҳил бўйларида жойлашган.

Денгиз сатҳи кўтарилишига асосий сабаб глобал иқлим исиши таъсирида музликларнинг эриб бораётгани билан боғлиқ. Бутун дунёда ҳарорат кўтарилиши давом этаверар экан денгиз сатҳи ҳам кўтарилиб бораверади. 

Top