Жаҳон | 16:59 / 11.06.2022
8380
3 дақиқада ўқилади

Боливия собиқ президенти 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди 

Жанин Аньес 2019 йилда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрганликда айбланди, унинг ўзи бу ишни сиёсий таъқиб деб атаган.

Фото: AFP

Ла-Пас суди Боливиянинг собиқ муваққат президенти Жанин Аньесни 2019 йилдаги давлат тўнтаришида айблаб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар берди Dpa 11 июнь, шанба куни. 

Суд Аньесни 2019 йил ноябрида собиқ давлат раҳбари Эво Моралесга қарши норозилик намойишлари ортидан муваққат президент лавозимини эгаллаган давридаги «конституцияга зид қарорлар» ва «хизмат вазифаларини суиистеъмол қилганликда» айбдор деб топди, деб ёзади Dpa. 

«Ҳатто судда қатнашиш ҳуқуқимдан ҳам маҳрум бўлдим, агар шундай дейиш мумкин бўлса. Улар менга ҳамма нарсани тақиқлашди ва бошқалардан ҳам ёмонроқ муносабатда бўлишди, лекин мен қўрқоқ шахс қочиб кетганидан кейин ўзимга конституциявий президент вазифасини юкладим, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қоламан», - деди Аньес суд жараёни ҳақида. 

2019 йил октябр ойида Боливияда президентлик сайловлари бўлиб ўтди, шундан сўнг мамлакат олий сайлов суди 2006 йилдан буён ушбу лавозимни эгаллаб келган амалдаги давлат раҳбари Эво Моралеснинг биринчи босқичда ғалаба қозонганини эълон қилди. Шу билан бирга, овоз беришнинг дастлабки натижалари иккинчи тур ўтказилиши мумкинлигини кўрсатди. 

Натижада мамлакатда сайлов натижаларига қарши оммавий норозилик намойишлари бошланди. Ҳарбийлар ва полиция намойишчиларга қўшилгач, Моралес 10 ноябрь куни истеъфога чиқишини эълон қилди ва мамлакатни тарк этди. Моралесдан сўнг вице-президентлар ва парламентнинг ҳар икки палатаси спикерлари ўз лавозимларини тарк этишди. 

Ўша пайтда сенаторлар палатаси раисининг иккинчи ўринбосари бўлган Жанин Аньес президентлик учун навбатда эканлигини айтиб, ўзини ўтиш даври учун давлат раҳбари деб эълон қилди. Унинг таъкидлашича, у фақат янги сайловларни ташкил этиш учун лавозимга киришган. 

Янги президентлик сайловлари 2020 йил 18 октябрда бўлиб ўтди. Унда Моралеснинг сафдоши, «Социализм учун ҳаракат» партияси вакили Луис Арсе ғалаба қозонди. 

Беш ой ўтгач, 2021 йил март ойида Аньес ва унинг маъмурияти бир неча юқори мартабали аъзолари давлат тўнтаришига уринишда айбланиб ҳибсга олинди. Аньес ўшанда ишни сиёсий таъқиб деб атаб, ҳозирги Боливия ҳукуматини диктатурага қайтишда айблади. Amnesty International Аньес ва унинг тарафдорларига қарши жиноий иш қўзғатилишини «Боливияда инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жазосиз қолиш пандемияси»нинг давоми деб атади. 

Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Аньеснинг Моралесга қарши оммавий норозилик намойишларида қатнашган хавфсизлик кучларини амнистия қилиш ҳақидаги фармонини қоралади ва ҳукуматни ўша даврдаги инсон ҳуқуқлари бузилишини текширишга чақирди. Amnesty’ кўра, ўшанда 35 киши ҳалок бўлган, 833 киши жароҳатланган. 

Мавзуга оид