Business class | 18:29 / 13.06.2022
251023
4 дақиқада ўқилади

Бизнесга айланган новвойчилик. Европача нон семиртирмайдими?

27 ёшли Муслим артизан нон тайёрлашни ўзи мустақил интернетдан ўрганиб, ойига 5000 доллар даромад топяпти. Унинг нонлари 22 соат давомида тайёр бўлади, нархлари – меҳнати ва мазасига яраша. Business Class бугун “Bread by Muslim” асосчиси бўлмиш ёш новвой ҳақида ҳикоя қилади.

Муслим Ҳакимов ғовакли ва қарсилдоқ нонларини қандай тайёрлашини кўриш учун тонг саҳарда йўлга чиқдик. Новвойга ҳамроҳлик қилиб, печкаларни созлаган ҳолда ишни бошлаб юбордик. Мақсадимиз ёнғоқли нон тайёрлаб кўриш эди.

Маълум бўлишича, жараён хамиртуруш билан бошланади, айнан хамиртуруш – новвойнинг бош маҳсулоти, усиз нон тайёрлаб бўлмайди. Қизиғи, бу хамиртуруш 4 йилдан бери ишлатилиб, “боқиб келинаётган” экан.

Кейинги босқичда тайёр маҳсулотларни хамир қориш ускунасига солиб, аралаштира бошладик. Хамир ҳароратини ўлчаган ҳолда сарёғ ва ёнғоқларни асталик билан қўшиб бордик. Хамир тайёр бўлгач, нон янада мазали чиқиши учун буғдой унидан ҳам фойдаландик. Печда пишган тайёр нонларни татиб кўриб, мазасига баҳо бердик.

Қаҳрамонимиз Муслим Ҳакимов новвойликка қандай келиб қолгани, Москвада орттирган тажрибаси билан ўртоқлашди.

Муслим Ҳакимов

“Чизишни жуда ёқтирганим учун мактабда архитектор бўламан, деб юрардим. Аммо ҳозир кўриб турганингиздек архитектор эмас, новвойга айландим. Аввал Чорсу бозорида кийим сотардим, ундан кейин 3-4 йил давомида савдо агенти сифатида “Pepsi” компаниясида ишлаб келдим. Кўп меҳнат қилганимга қарамай, натижа кўзга кўринмади.

Шунда қўлимдаги ошпазлик дипломи билан 2017 йилдан дўстим билан ресторанда иш бошладим. Лекин бу ишим ҳам узоқ чўзилмади. 2018 йили Москвага бориб, кондитор бўлиб ишлай бошладим. Ўша пайтлари мен франциялик машҳур новвойнинг китобини ўқиб, ундаги бизнесга боғлиқ барча сир-асрорларни ўрганиб борардим.

Катта ўзгаришлар қилиш учун Тошкентга қайтдим ва ўз хизматларимни “Cake Lab”, “BeFit” каби кафе-ресторанларга тармоқларига таклиф қила бошладим. Улардан ижобий жавоблар келгач, фаолиятимни бошлаб юбордим.

Албатта, бошида ҳаммаси осон кечмаган. Соҳани яхшилаб ўрганиб олишимча 2 йил вақт кетди, ўрганганларимни амалиётга татбиқ қилишга, хатоларимни тўғрилашга интилдим”, дейди суҳбатдошимиз.

Муслим келишув асосида кафе-ресторанларга нон етказиб беради.

“Ассортиментлар сонини кўпайтириш мақсадида ҳамкорларимизга ширинликлар ҳам етказиб берамиз, у ҳам нон соҳаси билан боғлиқ, албатта. Маҳсулотларимизни ҳар куни янгилаб борамиз”, – дейди у.

Business Class лойиҳасининг асосий эътибор қаратадиган жиҳатлари — бу бизнеснинг рақамларга оид маълумотларидир. Бошлаб олиш учун қанча сармоя кетади, нон маҳсулотларининг таннархи, ускуна нархлари, харажатлар ва албатта, бу бизнесдан қанча даромад кўриш мумкин, деган барча саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Кўрсатувни YouTube'да тўлиқ томоша қилинг ва видео остига ўз фикрингизни қолдиринг! Энг қизиқарли ва креатив изоҳ эгаси деб топилган 5 кишига Bread by Muslim'дан мазали нонлар тўплами тақдим этилади. Муддат – 2022 йилнинг 12 июлигача.

Business Class бизнесни ичкаридан кўрсатишда давом этади.

Ижодий жамоа:
Элдор Абдулвоҳид
Нуриддин Нурсаидов
Абзал Тиллахўжаев
Иброҳим Саматов
Афзалбек Муҳаммаджонов


“Bread by Muslim” билан алоқа:

+998 90 009 92 29

Мавзуга оид