Ўзбекистон | 13:47 / 13.06.2022
12929
2 дақиқада ўқилади

Козимжон Комилов Олий суд раиси лавозимига қайта сайланди 

Олий Мажлис Сенатининг йигирма еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда сенаторлар томонидан Ўзбекистон Олий суди раисини сайлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Козимжон Комилов номзодини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига навбатдаги муддатга сайлаш учун Сенатга тақдимнома киритди.

Сенаторлар масала муҳокамалари якунида Козимжон Комиловни судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси лавозимига сайлади.

Ушбу масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Маълумот учун, 2017 йилда Олий хўжалик судининг раиси сифатида ишлаган Козимжон Комилов Олий суд раиси этиб тайинланганди.

Комилов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 23 августдаги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси лавозимига сайланганди.

Ундан олдин, 2017 йилгача Ўзбекистон Олий суди раиси сифатида Шоюнус Ғозиев ишлаган.

Олий суд раис, унинг биринчи ўринбосари ва уч нафар ўринбосари - суд ҳайъатлари раислари ва судьяларидан иборат. Олий суд раиси ва аъзоларини президент тақдимномасига биноан сайлаш Сенат ваколатига киради.

Мавзуга оид