Ўзбекистон | 11:24 / 13.06.2022
10618
1 дақиқада ўқилади

Тожикистон Ўзбекистон билан биргаликда атлас ва адрас ишлаб чиқармоқчи

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги «Атласи Хўжанд» масъулияти чекланган жамияти Самарқанддаги «Кумуш-Сола» корхонаси билан қўшма корхона ташкил этиш ниятида, деб хабар бермоқда Asia-Plus Сўғд маъмуриятига таянган ҳолда.

Фото: flagma.uz

Қўшма корхона «Самарқанд-Сўғд-Силк» деб номланади ва ҳозирда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Корхонанинг ташкил этилишига оид бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Шу билан бирга, таъкидланишича, жорий йилнинг беш ойида «Атласи Хўжанд»да 20 минг метр атлас ва адрас ишлаб чиқарилган. Охирги икки ой ичида 12 тадан ортиқ янги атласлар тақдим этилган.

Сўғд маъмурияти эслатишича, 2022 йил 18 мартдан бошлаб ушбу матолар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлар барча турдаги солиқлардан озод этилган ҳамда фақат ижтимоий солиқлар ва жисмоний шахслар учун даромад солиғини тўлайди. Ташаббус саноатнинг ушбу турини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган. 

Атлас ва адрас ўзбек ҳамда тожик миллий либосининг ажралмас қисми бўлиб, улар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликлар орасида ҳам катта талабга эга. 

Мавзуга оид