Ўзбекистон | 17:56 / 20.06.2022
9233
4 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда тоғ-арча қўриқхонасининг ташриф маркази очилди

БМТ ТД кўмагида очилган марказ Ҳисор давлат қўриқхонасидаги ёввойи ҳайвонлар ва улар дуч келаётган таҳдидлар ҳақида маълумот беради. Тадбир доирасида БМТ ТД ўзбек экологларига Ford Transit дронини ҳам тақдим этди.

 Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

19 июн куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида, БМТ Тараққиёт дастури Европа ва МДҲ бўйича Минтақавий бюроси директорининг ўринбосари Марина Уолтер хоним иштирокида Ҳисор давлат тоғ-арча қўриқхонасининг интерактив ташриф маркази очилиши ўтказилди.

Ўзбекистонга биринчи бор расмий ташриф билан келган Марина Уолтер очилиш маросимидаги ўзининг табрик сўзида шундай деди:

“Билим ва ахборот алмашинуви бўйича янги платформалар, инновацион экспонатлар, нашрлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар, айниқса болалар билан баҳс-мунозаралар орқали, ташриф маркази кислород, тоза сув ва ҳавонинг муҳим манбаси бўлмиш Ҳисор минтақаси экотизимларининг аҳамиятини, шунингдек чанглатиш жараёнлари, ҳашаротлар популяциясини назорат қилиш, оқова сувларни қайта ишлаш ва бошқа муҳим табиий жараёнларнинг муҳимлигини янада тўлиқроқ тушунишни шакллантира олади, деб умид қиламан”.

Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси
Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Янги ташриф маркази БМТ ТД ва Экоқўмнинг умумий мақсади – биохилма-хиллик ва табиий ресурсларни асраш ва уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишнинг муҳимлиги борасидаги экологик хабардорликни оширишга хизмат қилади.

Ташриф марказининг бош кўргазма майдончасида қўриқхонанинг асосий ёввойи ҳайвонлари ва фаолият йўналишлари, ёввойи табиат дуч келаётган таҳдидлар ҳақида сўзловчи стендлар қўйилган; инспекторлар фаолияти, жумладан илмий ходимлар ўтказадиган муҳим жорий тадқиқот ишлари ва бошқа кўплаб маълумотлар тақдим этилган.

Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Тадбирнинг иккинчи қисми табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда биохилма-хилликни асрашдаги замонавий ёндашувлар, жумладан IT-технологиялардан фойдаланиш мавзусига бағишланди.

Замонавий дунёда қўлланиладиган самарали услублардан бири учувчисиз парвоз аппаратларидан фойдаланиш саналади, улар турли хилдаги, жумладан топографик ва аэрофотосъёмка ўтказиш орқали маълумотлар тўплаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Бу олинган маълумотларнинг аниқлигини оширади, уларни муайян жойга боғлайди, келгуси мониторинг учун маълумотлар долзарб базасини яратиш имконини беради.

Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси
Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Мана шундай учувчисиз парвоз аппаратларидан бири – Ford Transit БМТ ТД томонидан Давэкоқўм тасарруфига топширилди. Ford Transit – бу бутун бошли мажмуа бўлиб, унга қуйидагилар киради:

  • кенг имкониятларга эга учувчисиз парвоз аппарати, у ўсимликларни ўрганиш, ҳайвонлар ҳисобини юритиш, қонунбузарликларни қайд этиш имконини беради;
  • маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган ва Давэкоқўм ходимлари бригадасини республиканинг исталган нуқтасига боришдаги мобиллигини оширувчи автомобиль.

Бажарилган ишлар натижасида, ташриф маркази, ўзининг замонавий ечимлари ва тадбирлар ўтказиш учун алоҳида зали билан, гавжум масканга айланади, натижада маҳаллий ўқув муассасалари ўқувчилари, турли ёшдаги меҳмонларнинг бу ерда кўпроқ вақт ўтказишга қизиқишлари ортади.

Бу эса, алоҳида қўриқланадиган табиат ҳудудларига нисбатан муҳаббатни ва миннатдорликни сингдириш ҳамда тарбиялаш мақсадларига ижобий хизмат қилади.

Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Маълумот учун, БМТ Тараққиёт дастури, Глобал экологик фонд ва Давлат экология қўмитаси ҳамкорликда “Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим асосий тоғли ҳудудларда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” қўшма лойиҳасини амалга оширмоқда.

Ҳамкорликдаги ишларнинг асосий қисми муҳофазаланувчи табиат ҳудудлари яқинида яшовчи аҳолининг экологик маърифатини оширишга қаратилган.

Мавзуга оид