19 июн куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида, БМТ Тараққиёт дастури Европа ва МДҲ бўйича Минтақавий бюроси директорининг ўринбосари Марина Уолтер хоним иштирокида Ҳисор давлат тоғ-арча қўриқхонасининг интерактив ташриф маркази очилиши ўтказилди.
Ўзбекистонга биринчи бор расмий ташриф билан келган Марина Уолтер очилиш маросимидаги ўзининг табрик сўзида шундай деди:
“Билим ва ахборот алмашинуви бўйича янги платформалар, инновацион экспонатлар, нашрлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар, айниқса болалар билан баҳс-мунозаралар орқали, ташриф маркази кислород, тоза сув ва ҳавонинг муҳим манбаси бўлмиш Ҳисор минтақаси экотизимларининг аҳамиятини, шунингдек чанглатиш жараёнлари, ҳашаротлар популяциясини назорат қилиш, оқова сувларни қайта ишлаш ва бошқа муҳим табиий жараёнларнинг муҳимлигини янада тўлиқроқ тушунишни шакллантира олади, деб умид қиламан”.


Янги ташриф маркази БМТ ТД ва Экоқўмнинг умумий мақсади – биохилма-хиллик ва табиий ресурсларни асраш ва уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишнинг муҳимлиги борасидаги экологик хабардорликни оширишга хизмат қилади.
Ташриф марказининг бош кўргазма майдончасида қўриқхонанинг асосий ёввойи ҳайвонлари ва фаолият йўналишлари, ёввойи табиат дуч келаётган таҳдидлар ҳақида сўзловчи стендлар қўйилган; инспекторлар фаолияти, жумладан илмий ходимлар ўтказадиган муҳим жорий тадқиқот ишлари ва бошқа кўплаб маълумотлар тақдим этилган.

Тадбирнинг иккинчи қисми табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда биохилма-хилликни асрашдаги замонавий ёндашувлар, жумладан IT-технологиялардан фойдаланиш мавзусига бағишланди.
Замонавий дунёда қўлланиладиган самарали услублардан бири учувчисиз парвоз аппаратларидан фойдаланиш саналади, улар турли хилдаги, жумладан топографик ва аэрофотосъёмка ўтказиш орқали маълумотлар тўплаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Бу олинган маълумотларнинг аниқлигини оширади, уларни муайян жойга боғлайди, келгуси мониторинг учун маълумотлар долзарб базасини яратиш имконини беради.


















