Синоптиклар июл ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди
Жорий йил июнь ойи охирида Ўзбекистон аҳолиси кучли иссиқнинг биринчи тўлқинини бошдан кечирди. 25 июндан бошлаб максимал ҳаво ҳарорати ошиб борди.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, 27-28 июнь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 29 июнда ҳудудлар катта қисмида иссиқ максимал даражага етди. Ушбу кунларда термометр устуни кун иккинчи ярмида 40-42 даража иссиққача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-46 даража иссиққача кўтарилди. Қизилқумнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 47 даражага етди, бу метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори июнь ойи қийматларига яқинлашди.
Қайд этилишича, Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари айрим туманларида июнь ойи учун максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилди.
30 июнда республика ҳудуди катта қисмида ҳарорат бироз пасайиши бошланди ва у 1 июль кунида ҳам давом этади. 2-3 июль кунлари ҳудуд катта қисмида ҳарорат яна 40-41 даража иссиққача кўтарилади. Жануб энг чекка қисмида ушбу кунларда ҳарорат 42-45 даража иссиқ оралиғида бўлади.
Маълум қилинишича, кейинги кунларда нисбатан салқин ҳаво кутилмоқда. 3 июлда шимолий ҳудудларда, 4-5 июль кунлари Ўзбекистон барча ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати ёз фасли учун 30-33 даража иссиқ бўлган қулай қийматларгача пасаяди, сўнг бир неча кун давомида 34-37 даража иссиқ, жанубда 38-40 даража иссиқ атрофида сақланиб туради.
Июль ойи иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат асосан 35-38 даража иссиқ атрофида бўлиши, айрим кунлари баъзи жойларда 40-42 даража иссиққача кўтарилиши кутилмоқда.
Июль ойида ёмғир ёғиш эҳтимоли кам, фақат тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 2-4 кун қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин.