17:00 / 01.07.2022
17071

Янги таҳрирдаги Конституция: таълимга ёндашувни ўзгартириш вақти келди

Фото: vogazeta.ru

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгариш киритишга доир таклифлар ичида 41-моддани ўзгартириш бўйича билдирилган таклифлар ижобий ечим топиши амалда конституциямизнинг миллий қиёфасини белгилаб беради. Боиси ушбу таклифларга эътибор қаратадиган бўлсак, “педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳам масъулиятли вазифасидир. Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди” деган нормалар билан бойитиш таклиф қилинмоқда. Бу мамлакатимизнинг қисқа тарихида юз берган салбий ҳолатлар ҳамда ушбу ҳолатларнинг халқимизнинг миллий менталитетига зид бўлганлиги сабабли кўпчилик фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганлиги билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш имконини беради. Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган нақл бор ва устозларни ҳурмат қилиш миллий характеримизнинг ажралмас қисмидир. Афсуски, 2017 йилгача ўқитувчилар, ҳатто мактаб ўқувчиларининг ҳам пахта теримига мажбурланиши, бу даврда машғулотлар четга суриб қўйилиши, бу ҳам етмагандек, айрим раҳбарларнинг ўз ваколатларидан четга чиқиб, таълим муассасалари ўқитувчиларини ободонлаштириш, ҳатто қурилиш ишларига мажбурланиши, 2021 йилда ижтимоий тармоқларда тарқалиб, халқимизнинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлган Андижон вилоятидаги мактаб ўқитувчиларининг “узр сўраттириш” маросимлари яқин ўтмишимизнинг қора доғлари бўлиб, бу охир-оқибат таълим тизимига путур етказди.

Буни тўғри англаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, президентлик муддатининг биринчи кунлариданоқ таълимни ислоҳ қилишни, биринчи навбатда ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини оширишдан бошлаш лозимлигини таъкидлаб келмоқда. Ва янгиланаётган конституциянинг 41-моддасини юқоридаги нормалар билан бойитиши ҳақидаги таклифлари ҳам, ўша кейинги 5-6 йил давомида амалга ошириб келинаётган ижобий ишларнинг навбатдаги босқичи бўлди, деб ўйлайман.

Ушбу моддага киритилаётган янги нормалардан яна бири – истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар таълим олишларини давом эттиришларини давлат ўз зиммасига олаётганлигидир. Маълумки, янги конституцияда концептуал ўзгариш ясаётган нормалардан бири – мамлакатимизни “ижтимоий давлат” деб эълон қилинаётганидир. Ижтимоий давлатнинг асосий белгиларидан бири жамиятда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликнинг таъминланганлигидир. Шунга кўра, 41-моддага киритиш таклиф этилаётган юқоридаги норма давлат истеъдодли ёшларни кенг, жумладан моддий аҳволидан ҳам қатъи назар, қўллаб-қувватлашини назарда тутади.

Кейинги вақтларда мамлакатимизда бу борада қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистонда кенг ўтказилаётган “Ёш китобхон” ва “Заковат” танловлари, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамда иқтидорли ёшларнинг хорижий нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Эл-юрт умиди” жамғармалари фаолиятининг давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани шулар жумласидандир. Хусусан, иқтидорли ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишлари ва халқаро сертификатларга эга бўлишларини рағбатлантириш учун ушбу сертификатга эга бўлган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилмоқда. 2021 йил 1 майдан 5 турдаги, 2022 йил 1 январдан 13 турдаги (жами 18 турдаги) халқаро имтиҳон тизимларида юқори натижага эришган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилмоқда. Бугунга қадар мазкур тизим орқали 5441 нафар ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилди ва бу қарийб 10 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Фото: vogazeta.ru

Ушбу нормаларнинг конституцияга киритилиши кўпчиликни қизиқтираётган яна бир муаммога ҳам ижобий ечим бўлиб, ўз ҳиссасини қўшади. Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда мулкчилик шакли турлича бўлган олий таълим муассасалари кўпайиб бормоқда. Айрим хусусий таълим муассасалари таълим бериш сифатига кўра мамлакатимизнинг отахон университетларини ҳам ортда қолдира бошлади. Истеъдодли ёшларнинг ушбу муассасаларда таҳсил олишлари эса, улардаги истеъдоднинг янада сайқалланишига олиб келади. Янги конституцияга киритиш таклиф этилаётган давлатнинг ижтимоий эканлиги (1), истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши (2) ҳамда 41-моддада таклиф этилаётган яна бир норма – мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги таълим муассасалари ривожланиши учун давлат тенг шароитлар яратиб бериши тўғрисидаги (3) нормаларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, янгиланган Конституция истеъдодли ёшларни энг яхши таълим муассасаларида, у хоҳ хусусий бўлсин, хоҳ давлатники, таълимни давом эттиришлари учун асос бўлиб хизмат қилади.

Алишер ЮНУСОВ,
Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар
тайёрлаш институти директори ўринбосари,
социология фанлари номзоди, доцент.

Top