20:24 / 02.07.2022
18055

“Болани ёшлигидан пулга ўргатиш керак”

“Metallinvest” компанияси раҳбари Камолиддин Султонов 13 ёшида Чимкентдан товар олиб келиб бозорда сотганидан бошлаб Ўзбекистондаги йирик металл сотувчи компанияга асос солгунига қадар босиб ўтган йўли ҳақида Трансформация кўрсатувининг бугунги сонида сўзлаб берди.

“Ёшлигимда отам оғир касал бўлиб қолдилар, 3 та опам ва мени боқиш ўқитувчи бўлиб ишлайдиган онамнинг зиммаларига тушиб қолди. Онамнинг мушкулларини оз бўлса-да енгил қилиш мақсадида 13 ёшимдан бошлаб Карвон бозорда савдо қилишни бошладим, лекин шу билан бирга мактабдаги ўқишимни қолдирмадим, аълочи ўқувчилар қаторида эдим”, - деб болалик даврини эслайди тадбиркор Камолиддин Султонов.

У 13 ёшида Чимкентга, 15 ёшида Бишкекка, 16 ёшида Олмаотага, 18 ёшида эса Хитой давлатига бориб товар олиб келгани ҳақида гапирар экан, тақдир тақозоси билан ёшликдан пул билан муомала қилишни бошлагани бугунги эришган ютуқларига кучли пойдевор бўлиб хизмат қилганини айтди.

“Тадбиркор биринчи ўринда ҳалол бўлиши керак, иккинчи ўринда қатъиятли бўлиши ва учинчи ўринда қийинчиликларга  тайёр бўлиши керак, деб ёш тадбиркорларга маслаҳат бераман. Ундан ташқари муваффақиятли бизнес эгаси бўлиш учун албатта, “бизнес илми”ни ўрганиш керак. Дунё истасанг ҳам илм ўрган, охират истасанг ҳам.

Бизнесда асосийси пул эмас, жуда кўп маротаба 0 га, ҳатто минусга ҳам тушиб қолганман, лекин орттирилган билим ва тажриба, қолаверса яхши жамоа бўлса, янгитдан бизнесни бошлаб, катта марраларга эришса бўлади.

Бугунги кунда тадбиркорларга бозор фақат Тошкент ёки Ўзбекистон эмас, бутун дунёни бозор деб кўришни, маҳсулотлар сифатини ошириб, чет эл давлатларига экспорт қилишдан чўчимасликни, арзон маҳсулотлар ишлаб чиқаришни эмас, юқори технологик товарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни тавсия қиламан”, - деб таъкидлади тадбиркор.

Кўрсатув муаллифи ва бошловчи – Аббос Ризқиев.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Top