20:54 / 08.07.2022
14010

“Аввал пулни ўтказинг, кейин маҳсулотни юборамиз” – Қозоғистонда “шакар фирибгарлари” пайдо бўлгани айтилмоқда

Фото: kartinkin.net

Қозоғистонда “шакар фирибгарлари”нинг фаоллашуви кузатилмоқда. Мамлакатда шакар танқислиги ва нархларнинг кескин кўтарилиши фонида фирибгарлар арзон нархдаги шакар борлигини айтиб, одамларни чув тушираётгани айтилмоқда.

Қозоғистон ғарбидаги Орол шаҳрида яшовчилар ана шундай фирибгарларнинг қурбони бўлишди. Ҳудудда қишга тайёргарлик мавсуми бошлангани учун одамлар қиммат бўлмаган нархда шакарни ғамлаб қўйиш пайига тушишган. Эълонлар сайтларида бир килоси 250-300 тангадан шакар сотилаётгани ҳақидаги кўплаб хабарлар пайдо бўлган.

Сотувчилар харидорларнинг қўнғироқларини фақат Ватсап орқали қабул қилишади ҳамда шакарни кўтарасига сотишларини айтишади. Фирибгарлар ҳатто шартнома ҳам тузишади, харидорлар талаб қилган ҳужжатларни ва маҳсулотнинг суратларини ҳам юборишади. Бироқ тўлов қилингандан кейин на шакар етиб келади, на уларни топиб бўлади.

Маҳаллий полицияга кўра биргина Орол шаҳрида иккита ана шундай ҳолат қайд этилган. Қонун ҳимоячиларининг айтишича, “шакар фирибгарлари”ни аниқлаш ва қўлга олиш осон иш эмас. Улар яхшилаб беркинишнинг ҳадисини олишган, аксарияти ҳатто бошқа мамлакатдан туриб одамларни алдашади.

“Мижозлар билан суҳбатлашиш асносида улар қанчадир маблағни, тахминан 30 минг тангани ҳисобларига ўтказишни сўрашади ва келишилган манзилга 5 қоп шакар етказиб берилишини ваъда қилишади. “Сиз аввал пулни ўтказишингиз керак, бусиз мен сизга маҳсулотни юбора олмайман”, дейишади улар. Одамлар уларга ишониб пулни ўтказганларидан сўнг харидорнинг аккаунтини блоклайдилар”, дея ҳикоя қилади Ғарбий Қозоғистон вилояти жиноий полицияси тезкор ходими Илёс Муканов.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон бозорларида шакар нархи кескин ошиб кетган, натижада ушбу маҳсулот арзонлаштирилган савдо нуқталарида ажиотаж кузатилганди.

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон ҳудудларидаги марказий деҳқон бозорларида 2022 йил 6 июл куни ўтказилган кузатув натижаларига кўра 1 кг шакар 10 500 сўмдан 18 000 сўмгача сотилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон энг кўп қайси озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиши маълум бўлди

Шакарқамиш Ўзбекистонга 2022 йилнинг дастлабки 5 ойида хориждан импорт қилинган маҳсулотлар ичида энг катта улушга эга бўлган маҳсулот бўлди. Январь-май ойларида мамлакатга 153 млн долларлик шакарқамиш импорт қилинган.

Top