Ўзбекистон | 20:11 / 09.07.2022
37304
1 дақиқада ўқилади

Воронежда ўзбекистонлик муҳожирга куч ишлатган миграция ходими ишдан бўшатилди

Россиянинг Воронеж шаҳрида патент олиш учун мурожаат қилган ўзбекистонлик йигитга ҳужжат расмийлаштириш жараёнида куч ишлатган ходим, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган текширувдан кейин ишдан бўшатилди.

“Миграция марказида ёлланма ишчи сифатида фаолият юритиб келган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган”, – дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарида.

Аввалроқ маълум бўлгандики, А.Ғ. 2022 йил 1 июнда ишлаш мақсадида Воронеж шаҳрига борган ва ҳужжатларини расмийлаштириш учун 28 июнда Миграция марказига мурожаат қилган. Марказ ходими эса бармоқ изини олиш асносида уни турткилаган, кўкрагига тирсаги билан зарба бермоқчи бўлгандек қўрқитган.

Воқеани Ўзбекистон фуқароси М.И. тасвирга олган ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Воронеждаги вакилига тақдим этган.

Шу ҳафта бошида Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашувда 1,8 млн ўзбекистонлик Россияда ишлаётганини айтганди.

Мавзуга оид