Жаҳон | 08:20 / 13.07.2022
6658
3 дақиқада ўқилади

БМТ Сурияга гуманитар ёрдам етказиб бериш мандатини узайтирди

Бир неча кунлик маслаҳатлашувлардан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши 2023 йил январигача Туркия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пункти орқали Сурияга гуманитар ёрдам етказилишини давом эттиришга рухсат берди.

Фото: Getty Images

Туркия билан чегарадаги Баб ал-Ҳава назорат пункти орқали Сурияга гуманитар ёрдам етказиб бериш механизми яна олти ой, 2023 йил январигача ишлайди. Норвегия ва Ирландия таклиф қилган тегишли резолюция БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан 12 июль, сешанба куни бир неча кун давом этган маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 12 таси, жумладан, Россия ва Хитой ушбу ҳужжатни ёқлаб овоз берди. АҚШ, Буюк Британия ва Франция овоз беришда бетараф қолди. Ҳужжатда 2023 йил январидан кейин мандат муддатини узайтириш учун алоҳида резолюция талаб қилиниши белгиланган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, Сурияга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш ҳақидаги қарор бу мамлакат аҳолиси учун «ҳаёт-мамот масаласидир».

Аввалроқ, 8 июль куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияга Баб ал-Ҳава назорат пункти орқали инсонпарварлик ёрдами етказилишини узайтириш бўйича икки хил резолюция лойиҳасини қабул қилмаган эди. Улардан биринчиси, Ирландия ва Норвегия томонидан таклиф қилинган, назорат-ўтказиш пункти ишини аввалига 2023 йил 10 январгача, кейин эса «агар бошқасини назарда тутувчи резолюция қабул қилинмаса», автоматик равишда яна олти ойга узайтиришни назарда тутган.

Россия вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ушбу резолюцияни қўллаб-қувватламади ва ҳужжатнинг ўз версиясини таклиф қилди. Унга кўра, назорат-ўтказиш пункти иши БМТ Хавфсизлик кенгашининг алоҳида резолюцияси асосида олти ойга узайтирилган. Бундай резолюция лойиҳасини фақат Хитой қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг, Россия Федерациясининг БМТдаги вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский Сурияга гуманитар ёрдамни трансчегаравий тарзда етказиб бериш бўйича Россия таклиф қилган матнга тўғри келмайдиган ҳар қандай лойиҳада Москва вето ҳуқуқидан фойдаланишини айтди.

2014 йил июль ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияга гуманитар юкларни Иордания, Ироқ ва Туркия билан чегарада жойлашган тўртта назорат-ўтказиш пункти: Баб ас-Салом, Боб ал-Ҳава, ал-Ярубия ва ал-Рамата орқали етказиш мандатини берувчи резолюцияни қабул қилди. Ўшандан бери ушбу рухсатнома бир неча бор узайтирилди.

2020 йил 10 январда қабул қилинган резолюцияда Хавфсизлик кенгаши товарларни тўртта назорат-ўтказиш пунктларидан фақат иккитаси: Баб ас-Салом ва Боб ал-Ҳава орқали ўтказиш учун мандат берди. Охирги икки йил резолюцияларида Хавфсизлик кенгаши аъзолари фақат битта Баб ал-Ҳава назорат пунктини Туркия билан чегарада қолдирди. 

2022 йил июнь ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида БМТнинг фавқулодда ёрдам кўрсатиш бўйича координатори Мартин Гриффитс 2021 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сурияга озиқ-овқат, дори-дармон ва вакциналар билан чегарадан 800 га яқин юк машинаси жўнатганини таъкидлади. 

Мавзуга оид