Ўзбекистон | 07:38 / 14.07.2022
20425
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хонандалар ва мусиқа жамоаларига солиқ солиш тизими ўзгармоқда

Президент “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи ижрочилар рейтинг гуруҳлари сони амалдаги 6 тадан 3 тага қисқартирилади. Бунда, аҳолига концерт-томоша хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи ижрочилар рейтинг гуруҳлари орасида қуйидагича тақсимланади:

а) I рейтинг гуруҳи ижрочиларига:

  • республика ҳудудида ва унинг ташқарисида яккахон концерт ташкил этиш;
  • II ва III рейтинг гуруҳлари ижрочилари учун назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш;

б) II рейтинг гуруҳи ижрочиларига:

  • битта жанр икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурида, турли жанрлар йўналишлари бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурида қатнашиш;
  • оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этиш;
  • III рейтинг гуруҳи ижрочиси учун назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш;

в) III рейтинг гуруҳи ижрочиларига:

  • тўй, юбилей ҳамда бошқа маросим ва тантаналарда, жумладан, тўйхона, ресторан, ҳордиқ чиқариш ташкилотлари (клуб, дискотека, бар ва қаҳвахона) ва хусусий уйларда концерт-томоша хизматларини кўрсатиш;
  • созанда ва раққос(а)лар томонидан битта жанр икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурларини ташкил этиш ва уларда қатнашиш.

Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензияси учун давлат божини ундириш бўйича шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) давлат божи ставкалари пасайтирилади ва қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • I рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдори 20 баравари миқдорида;
  • II рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдори 10 баравари миқдорида;
  • III рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдори 3 баравари миқдорида;
  • б) қуйидаги санъаткорлар давлат божини тўлашдан озод этилади:
  • ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • таълим муассасаларида ўқийдиган талабалар – ўқиш муддати давомида;
  • в) юридик шахс ташкил этган ижодий жамоалардан давлат божи ягона лицензия бўйича ундирилади. Бунда:
  • лицензияда ижодий жамоа аъзолари тўлиқ кўрсатилади ва улардан лицензия учун давлат божи қўшимча равишда ундирилмайди, ижодий жамоа аъзоси мустақил ижрочи сифатида ижод қилган ҳоллар бундан мустасно;
  • ижодий жамоа унинг барча аъзолари давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслардан таркиб топган тақдирдагина давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Маданият вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қуйидаги таклифларига розилик берилди:

  • концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахсларга даромад солиғини декларация асосида ёки қатъий белгиланган миқдорда тўлаш ҳуқуқини бериш;
  • 2024 йил 1 январдан бошлаб хонандалардан, 2026 йил 1 январдан бошлаб қолган ижрочилардан даромад солиғини фақат декларация асосида ундириш.

Белгилаб қўйилишича:

а) декларация асосида ёки қатъий белгиланган миқдорда даромад солиғини тўлаш ҳуқуқи хонандаларга 2024 йил 1 январга қадар, концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи бошқа жисмоний шахсларга 2026 йил 1 январга қадар берилади;

б) декларация асосида солиқ тўлашни танлаган ижрочилар учун:

  • йиллик умумий даромад 30 фоизи миқдоридаги харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда чегирилади;
  • тасдиқланган харажатлар суммаси умумий даромад 30 фоизидан ошган тақдирда қўшимча равишда ушбу даромад 10 фоизи миқдори чегирилади;
  • лицензия олиш учун ундирилган давлат божи ва ижтимоий солиқ суммалари харажат сифатида қайд этилади ҳамда даромадлар таркибидан чегирилади;

в) қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашни танлаган ижрочилардан даромад солиғи бир йилда бир марта қуйидаги миқдорларда ундирилади:

  • I рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 2,7 миллион сўм миқдорида;
  • II рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 1,8 миллион сўм миқдорида;
  • III рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 1,0 миллион сўм миқдорида.

Шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра:

  • 2024 йил 1 январга қадар III рейтинг гуруҳи ижрочилари қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашдан озод этилади;
  • 2025 йил 1 январга қадар концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахслар меҳнат шартномаси асосида банд бўлмаган тақдирда, улардан концерт-томоша фаолияти бўйича ижтимоий солиқ бир йилда базавий ҳисоблаш миқдори бир баравари миқдорида ундирилади;
  • концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахслар юридик шахсларга хизмат кўрсатишдан олган даромадларидан, улар томонидан танланган солиқ режимидан қатъи назар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўлов манбаида ушлаб қолинади;
  • юридик шахс ташкил этган ҳолда концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи ижодий жамоалар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни юридик шахслар учун ўрнатилган тартибда тўлайди.

Мавзуга оид