Жаҳон | 09:25 / 15.07.2022
5456
2 дақиқада ўқилади

Путин «хорижий агентлар» ҳақидаги янги қонунни имзолади

Россияда «хорижий агент» бўлиш учун энди чет элдан пул олиш шарт эмас. Бунинг учун «бошқа шаклларда хорижий таъсир остида» бўлиш кифоя қилади.

Фото: TASS

Россия президенти Владимир Путин «хорижий агентлар» тўғрисидаги янги қонунни имзолади, унга кўра, бу мақом чет элдан молиялаштирилмаган шахсларга ҳам берилиши мумкин. Қонун 14 июль, пайшанба куни ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинди. У 1 декабрдан кучга киради.

«Хорижий таъсир остидаги шахслар фаолиятини назорат қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, Россия ёки хориждаги ҳар қандай ташкилотлар ёхуд жисмоний шахслар чет элдан ёрдам олса ёки «бошқа шаклларда хорижий таъсир остида» бўлса, сиёсий фаолиятни амалга оширса, Россиянинг «мамлакат хавфсизлигига қарши ишлатилиши мумкин бўлган» ҳарбий-техник фаолияти ҳақида маълумот тўпласа, «чет эл агенти» деб тан олиниши мумкин.

Ҳужжатда айтилишича, иш берувчилар уюшмалари, савдо-саноат палаталари ва халқаро ташкилотларнинг мансабдор шахслари «хорижий агентлар» деб тан олинмайди. 

Ҳужжатда таъкидланганидек, анъанавий оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш, илм-фан, маданият, соғлиқни сақлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт, табиатни муҳофаза қилиш ва хайрия каби соҳалардаги фаолият сиёсий фаолият деб ҳисобланмайди. 

Шу билан бирга, ҳужжат «хорижий агентларга» вояга етмаганлар билан ўқув-педагогик фаолият олиб бориш, улар учун ахборот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, давлат ва коммунал эҳтиёжлар учун товарлар ва хизматлар харид қилишда иштирок этиш, давлат молиявий ёрдамини олиш, объектлар ва давлат экологик экспертизасида эксперт сифатида иштирок этиш, муҳим инфратузилма объектларидан фойдаланишни тақиқлайди. Шунингдек, «хорижий агентлар»нинг давлат ва коммунал хизматда ишлаши тақиқланади, улар сайлов комиссиялари аъзоси ва оммавий тадбирлар ташкилотчиси бўла олмайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид