Жаҳон | 08:53 / 16.07.2022
10588
2 дақиқада ўқилади

«Очиқ Россия» собиқ раҳбари Пивоваров 4 йилга қамалди

«Очиқ Россия»нинг собиқ директори Андрей Пивоваров «номақбул ташкилот» иши бўйича 4 йилни умумий тартибли колонияда ўтказади. 8 йил давомида унга ижтимоий ва сиёсий фаолият билан шуғулланиш тақиқланди.

Фото: severreal.org

Краснодарнинг Ленинский туман суди «Очиқ Россия»нинг собиқ раҳбари Андрей Пивоваровни «номақбул ташкилот» (Жиноят кодексининг 284.1-моддаси) иши бўйича 4 йилга умумий тартибли колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда 15 июль, жума куни адвокат Сергей Бадамшин маълум қилди ва Пивоваров саккиз йилга ижтимоий ва сиёсий фаолият билан шуғулланиш, жумладан, интернетдан фойдаланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилганини қўшимча қилди.

Прокурор Пивоваровни беш йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Айбланувчи ўз айбини тан олмади ва жиноий таъқибни ўзи иштирок этмоқчи бўлган Давлат думасига бўлажак сайловлар билан изоҳлади. «Улар нима қилмасин, мен эркин одам бўлиб қоламан», - дея ёзди Андрей Пивоваров ҳукм эълон қилинишидан олдин, унинг жамоаси томонидан бошқариладиган Telegram-каналида.

Пивоваров 31 май куни Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортида Полшага учиши керак бўлган самолётга ўтирган пайтда қўлга олинган эди. Кейинчалик Пивоваровга нисбатан «номақбул ташкилот» - «Очиқ Россия» билан ҳамкорлик қилиш айби билан жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди. 

Бунга Пивоваровнинг Facebook’даги бир йил аввалги репости сабаб бўлди. Санкт-Петербургдаги квартирада тинтув ўтказилгач, сиёсатчи Краснодарга кўчирилди ва у ерда ҳибсга олинди. 

Ҳибсга олинган пайтда Пивоваров «Очиқ Россия»да ишламаган – 27 май куни ташкилот тарафдорларини Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 284.1-моддаси бўйича эҳтимолий жиноий таъқиблардан ҳимоя қилиш мақсадида ўзини ўзи тугатганини эълон қилди. 

«Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази Андрей Пивоваровни сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритди. Европа иттифоқи Кремлни мухолифатчини озод қилишга чақирди. 

Мавзуга оид