Ўзбекистон | 16:23 / 17.07.2022
13830
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Хўжаев инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланди

Жамшид Хўжаев Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

16 июл куни унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланганидан сўнг президент фармони билан расман ушбу лавозимга тайинланди.

Тайинловга қадар Жамшид Хўжаев 2019 йилдан буён Қишлоқ хўжалиги вазирлигига раҳбарлик қилиб келаётганди. 2017 йилдан 2019 йилгача ташқи савдо вазири бўлиб ишлаган. Ундан аввал эса Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб, ғазначилик, ташқи иқтисодий фаолият, ахборот технологиялари, лойиҳавий молиялаштириш ва бошқа департаментлар ишини мувофиқлаштирган.

Шунингдек, у Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари — Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида фаолият юритган, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил қилиш, унинг фаолиятини тартибга солишнинг тўлақонли меъёрий-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, шунингдек, Жамғарма ресурс базасини янада мустаҳкамлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган.

2021 йил 10 сентябрдан бошлаб Жамшид Хўжаев Тошкент Давлат аграр университети ректори вазифасини бажарувчиси лавозимига ҳам тайинланганди.

Маълумот учун, Жамшид Хўжаев 1979 йилда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент давлат Иқтисодиёт университетини тамомлаган. Президент ташаббуси билан иқтидорли талабалар учун ташкил этилган «Умид» жамғармасининг стипендияси соҳиби. 2002 йилда Европа Давлат бошқаруви институтини (ЭИПА) тамомлаган, шундан сўнг 2003 йилда Бирмингем университетида (Буюк Британия) халқаро иқтисодий муносабатлар, давлат бошқаруви мутахассислиги бўйича МВА даражасига эга бўлган.

Мавзуга оид