«Газпром» Европага газ етказиб бериш бўйича форс-мажор ҳолатини эълон қилди
Россия компанияси Европа иттифоқидаги газ олувчини «ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра» ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажара олмаслиги ҳақида огоҳлантирди.
Россиянинг «Газпром» компанияси Европадаги камида битта йирик истеъмолчига газ етказиб бериш билан боғлиқ форс-мажор ҳолатини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters 18 июль, душанба куни компания мактубига таяниб хабар берди.
14 июль куни «Газпром» газ олувчини ўзига боғлиқ бўлмаган «фавқулодда вазиятлар» туфайли ёнилғи етказиб бериш бўйича мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақида хабар берган. Бу қандай ҳолат экани ҳақида агентлик хабар бермади. Ушбу ҳолатга олиб келган воқеа 14 июнь куни содир бўлган, дейилади хатда, шу куни компания биринчи марта Европага газ етказиб беришни қисқартириш ҳақида эълон қилди. Россия компанияси бу маълумотга изоҳ бермади.
Reuters манбасига кўра, гап Германияга газ етказиб беришнинг асосий йўналиши бўлган «Шимолий оқим 1» қувури ҳақида бормоқда. «Форс-мажор» ҳолатлари компания ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра мажбуриятини бажара олмаганида қўлланилади, деб таъкидлайди Reuters. «Газпром»нинг бундай баёноти Европа ва Россия ўртасидаги зиддиятни кучайтириши мумкин, дея огоҳлантирган агентлик.
«Шимолий оқим» газ қувури 11 июль куни режали таъмирлаш ишлари учун ёпилган эди. Улар 21 июлгача давом этиши керак, бироқ Германия ҳукумати сиёсий сабабларга кўра иш охир-оқибат «доимий таъмирлаш»га айланиб кетишидан хавотир оляпти.
Газ қувурининг ёпилишидан олдин у орқали Россия томонидан бериладиган газ ҳажми кескин камайган - лойиҳа қувватининг 40 фоизигача. Россия компанияси буни техник муаммолар билан изоҳлади - Канада Россияга қарши санкциялар туфайли таъмирланган Siemens Energy турбиналарини Виборг яқинидаги «Портовая» компрессор станциясига қайтаришни музлатиб қўйди.
«Бугун биз Россия энергиядан қурол сифатида фойдаланаётганини айтишга мажбурмиз. Ҳеч ким Россия газ таъминотини фақат техник сабабларга кўра қисқартираётганига ишонмайди», - деди Германия канцлери Олаф Шольц «Газпром» баёнотига жавобан.
Натижада, Канада турбинани Германияга жўнатиш имкониятига эга бўлиши учун санкцияларни вақтинчалик тўхтатиб турди. Германия ҳукумати «агар бу канадаликлар учун қонуний маънода қарор қабул қилишни осонлаштирса», Берлин ускуналарни Москвага эмас, ўз ҳамкорларига топширишни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Турбинанинг қайтиши Россияни газни стандартдан анча паст даражада етказиб бериш баҳонасидан маҳрум қилади, дея маълум қилди расмий Берлин.
Россия матбуотига кўра, 17 июль куни Канада Германияга таъмирланган турбинани етказиб берган. Германиядан уни паромда Ҳелсинкига, у ердан эса Россияга олиб боришади. У «Портовая» компрессор станциясига 24 июль куни етиб боради. «Шимолий оқим» орқали йилига 55 миллиард кубометр газ ўтади. 2021 йилда Германия 100 миллиард кубометр газ истеъмол қилди.
Мавзуга оид
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
09:39 / 24.10.2024